Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:57

"Ўшда инсониятга қарши жиноят содир этилган"


Бу баёнот 3 май куни Бишкекдаги “Кабар” ахборот агентлигида матбуот анжумани ўтказган Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раиси Киммо Килюнен тилидан янгради.

Жаноб Киммо Килюнен Ўш воқеаси бевосита 2010 йилда Қирғизистонда содир этилган 7 апрел инқилобидан бошланганини айтар экан, бунга мамлакатда миллатчиликнинг сиёсатга сингиб кетгани сабаб бўлганини алоҳида таъкидлади.

- Мен бу ҳақда рус тилида айтмоқчиман. Бу фожеанинг битта асосий сабаби бор. Бу ҳам бўлса, этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизмдир. Бу Ўш фожеасининг энг асосий сабабидир, - деди Киммо Килюнен.

Халқаро комиссия раиси шундан сўнг инглиз тилида гап бошлади. Киммо Килюнен халқаро комиссия томонидан минглаб ҳужжатлар ўрганилгани, 700 дан ортиқ гувоҳ, жумладан, қирғиз ҳукумати томонидан Ўш қирғинининг айбдори сифатида тақдим қилинаётган ўзбек лидери Қодиржон Ботиров билан ҳам суҳбат қилинганини айтиб ўтди.

Халқаро комиссия Ўш қирғинида 470 киши ўлдирилганини аниқлаган. Комиссия хулосасида ўлдирилганларнинг 74 фоизи ўзбек, 25 фоизи қирғиз, 1 фоизи эса бошқа миллат вакилларидир.

Айни пайтда комиссия Ўш қирғининин геноцид, деб ҳисобламайди:

- Халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан бўлиб ўтган фожеа геноцид эмас, ҳарбий жиноят ҳам эмас. Лекин халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан қаралганда, ўзбек маҳаллаларига уюштирилган ҳужумлар инсониятга қарши жиноятдир, - деди Киммо Килюнен.

Халқаро комиссия хулосасини тақдим этар экан, Киммо Килюнен Ўш қирғинидан сўнг ҳам қирғиз ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилишига йўл қўйилаётганини эътироф этди. Унинг айтишича, мамлакат ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фақат бир томонлама фаолият юригзмоқда.

- Июн воқеаларида айбланиб қамоққа олинганларнинг 80 фоизи ўзбеклардир. Айни пайтда Ўш фожеасида жабрланганларнинг, мол-мулкини йўқотганларнинг 74 фоизи ўзбеклардир. Шу нуқтаи назардан ёндошилса, қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолиятини нохолис, деб баҳолаш мумкин. Бундан ташқари, июн қирғинида айбланиб қамоққа олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилган,- деди Киммо Килюнен.

Халқаро комиссия хулосасида Ўш қирғини учун энг асосий масъулият фуқаролар хавфсизлигини таъминлай олмаган муваққат ҳукуматга юкланади. Киммо Килюнен Ўш қирғини оқибатлари бу қадар даҳшатли бўлмаслиги учун қирғиз ҳукумати қўлида етарли воситалар бор эди, деган фикрда.

- Қуролли кучлар керакли бўлган йўриқномаларни олишмаган ва вазиятни назорат қилиш учун етарли тарзда ишлатилмаган. Ҳолбуки, қирғиз ҳукумати ихтиёрида воқеа жойида икки мингта ҳарбий бор эди, - деди халқаро комиссия раиси.

Киммо Килюненнинг айтишича, ҳисобот қирғиз ҳукумати томонидан ижобий қабул қилинган. Қирғиз ҳукумати ҳисобот юзасидан ўз нуқтаи назарини ҳам билдирган.

Киммо Килюненга кўра, қирғиз ҳукумати ҳисоботнинг айрим бандларига қўшилмаган бўлса ҳам, комиссия тавсияларини қабул қилган. Бу тавсияларни ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш учун қирғиз ҳукумати махсус комиссия тузилишини маълум қилган.

Киммо Килюнен қирғиз ҳукуматига киритилган тавсиялар орасида қонунчиликка инсониятга қарши жиноят тушунчасини киритиш, қийноқларни тўхтатиш, адолатли ва холис судлов ўтказиш ва ўзбек тилининг мақоми тўғрисида гап боради:

- Биз, шунингдек, у ёки бу формада ўзбек тилининг муайян ҳудудда қўллаш мумкин бўлган тил сифатида тан олинишини тавсия қиламиз. Ўзбек тилида Қирғизистон жанубидаги аҳолининг 30 фоизи гаплашади. Демак, бу тилнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги таъсири ҳам катта, - деди Киммо Килюнен.

Таркибига турли мамлакатлардан 7 олим кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини Скандинавия давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа айрим давлатлар молиялаштирган.
XS
SM
MD
LG