Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Ўзбекистонда хизмат жойларида намоз ўқиш тақиқланди


Ўзбекистонда давлат идоралари ва ташкилотларида намоз ўқиш тақиқланди. Давлат идоралари ходимларига кўра, бу ҳақдаги ихтиёрий-мажбурий тавсия раҳбарият томонидан оғзаки равишда берилмоқда. Аслида рухсат берилмаган жойларда ибодат қилиш ва диний либосларда юриш тақиқланганига кўп йил бўлган. Ҳозир ана шу тақиқни бажармаётганлар устидан назорат кучайгани ҳақида гап бормоқда.


Сўнгги пайтларда Озодлик таҳририятига давлат ташкилотлари ва жамоат жойларида намоз ўқимаслик, ишни ташлаб жума намозига бормаслик ҳақидаги тавсиялар бераилаётгани хусусидаги хабарлар бир-биридан мустақил манбалардан тез-тез келиб турибди.

Бундай хабарларнинг сўнггиларида айни талаб янграган иккита йиғин тилга олинган.

Озодлик ўз манбалари орқали тасдиқлашга муваффақ бўлган йиғинлардан бири Тошкент шаҳридаги Турон банкида, яна бири эса Ўзбекистон миллий телерадиокоманиясида ўтказилган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган банк ходимига кўра, Турон банкида яқинда ўтган мажлисда Марказий Банкнинг банклар биносида намоз ўқишни тақиқлаш ва бунга бўйсунмаганларга жиддий чора кўрилиши айтилган буйруғи ўқиб эшиттирилган.

Бундай йиғилишларда иштирок этган, аммо Озодликка интервю беришдан чўчиган суҳбатдошларимизга кўра, бундай талабни қўйган идоралар раҳбарияти аллақачон унинг ижросини таъминлаш чораларини ҳам кўрмоқда.

Тошкент шаҳридаги автосаройлардан бирининг ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзи ишлайдиган корхонада намозхона бор ёки йўқлиги қандай назорат қилинаётгани ҳақида сўзлаб берди.

- Биз намоз ўқийдиган хонага шундоқ кириб келишди ва сўрашди: “Бу ерда намоз ўқийсизларми?” деб. Биз нима деймиз, йўқ дедик. Ана телевизор, бўш вақтда биз фақат телевизор кўрамиз. Телевизорхонада ким намоз ўқийди, дедик. "Қараларингде яна," деб чиқиб кетишди. Шунақа қилиб намоз ўқиш умуман мумкинмас бўлиб қолди,- дея ҳикоя қилди автосарой ходими.

Жума намозига бормаслик, борилган тақдирда ходимга иш берувчи билан шартномани бузган, дея чора кўрилиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирув эълон қилинган яна бир йиғилиш эса Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ташкилот раҳбарлари ва Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари иштирокида ўтган.

Ушбу йиғилишда иштирок этган ўзбекистонлик журналист бундай талаб “тавсия”, дея тилга олингани, лекин унинг ижроси мажбурий эканига ишорат берилгани ҳақида сўзлади.

- Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари жумага бормасангиз ҳам сиз узрли бўласиз, чунки ишдасиз, дегандай гап қилишди. Ишхона раҳбарлари эса шартномани эслатишди. Яъни, иш вақтида ишда бўлинг, деган. Ишхонада намоз ўқиманглар, деган тақиқ аввал ҳам бор эди ўзи. Аммо, йигитлар бир-бирининг хонасида, эшикни ичкаридан қулфлаб намоз ўқишарди. Ҳозир бунақалар, деярли йўқ. Ёки бўлса ҳам, жуда ҳам яшириб ўқишяпти. Чунки, билиниб қолса, улар точно ишдан кетади,- дейди Ўзбекистон канали журналисти Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Бу журналист ишхонада намоз ўқиш имкони тақиқланишига қарши экани, бу аксар аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистон шароитида мутлақо мантиқсиз тақиқ, деб билишини сўзлади.

Аммо бу фикрини микрофонга очиқ айтишни истамади.

“Ўзбекистонда тирикчилик оғир, давлат ташкилотларидан иш топиш эса қийин. Бу масалада очиқ гапирсам, ишдан кетди деяверинг”, дея очиқ тан олди телевидениеда ишлайдиган ҳамкасбимиз.

Ўзбекистон радиосининг яна бир журналисти Нарзулла Охунжонов Озодлик билан очиқ суҳбатга рози бўлди. У ҳамкасбининг бу гапларини инкор қилар экан, аввалига Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида намоз ўқишнинг тақиқланганига ишонмаслиги ва бундай гаплардан хабари йўқлигини таъкидлади.

Аммо айни пайтда намозни ишдан бўшаган вақтда, белгиланган жойда ўқилиши талаб қилинишини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди бу ҳамкасбимиз.

- Бу ишга халақит берадиган бўлса, менимча, динда ҳам бу нарса тақиқланмаган шекилли. Авваламбор давлатнинг ишида бўлса, бошқа вақт топиб белгиланиб, қўйилса ҳам менимча, мақсадга мувофиқ-ку. Кейин намозга белгиланган жой бўлса. Ҳар жойда ўқийвермаслик керак, менимча, тоза, нотоза жойлар бор. Ҳали айтганимиздай динни ниқоб қилиб, ҳижобни ниқоб қилиб гўëки ўзини тақводор қилиб кўрсатиб юриб, бошқа ишлар билан шуғулланиб юришлар маълум бир маънода шундай ҳолатларни, нима дейди, шундай ҳужжатларнинг қабул қилинишига сабаб бўлгандир, деб ўйлайманда,- дейди Нарзулла Охунжонов.

Бир идорада ишлайдиган журналистдан айни вазият ҳақида икки хил гап чиққани, мамлакатдаги вазиятни кузатаётган таҳлилчилар фикрича, айнан ибодат устидан назоратнинг кучайгани билан боғлиқдир.

Айниқса, пойтахтдаги вазиятни яқиндан кузатаётган тошкентлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов кейинги пайтларда, хусусан, телерадиокомпанияда ишлайдиган рўмолли журналистлардан баъзилари рўмолини ечишга мажбур бўлганига гувоҳ бўлганини қўшимча қилар экан: “Ишонинг, вазият сиз тасаввур қилгандан ҳам оғирроқ”, дейди.

- Бу ерда буйруқ оҳангидаги гаплар ҳам бор. Шу нарсага қулоқ солмаган одамлар раҳбарият томонидан чақирилиб огоҳлантирилиб, ўшандан кейин ҳам шундай ҳолатлар бўладиган бўлса, жарималар солиниб, ишдан ҳайдаш масалалари кўрилиб, шунақанги ҳолатларни кузатаяпмиз. Нафақат телерадиокомпания соҳасида, балки давлат ҳокимиятининг барча органлари, барча муассасаларида шунақанги ҳолат кетаяпти. Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг ўзининг махсус "десантчи" гуруҳлари бор шунақанги кампанияларни ташкил қиладиган. Ундан ташқари хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ҳижобларни ечтириш, диний либослардан соқит қилиш бўйича махсус комиссия тузилган,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ҳозир давлат ташкилотлари ва жамоат жойларида намознинг тақиқланишига қаратилган кампанияни юритаётган гуруҳлар нафақат ички йиғилишлар, балки, давлат матбуоти орқали ҳам фаолиятини кучайтирган.

Бунга мисол тариқасида журналист Ўзбекистонда сўнгги кунларда намойиш этилган турк тадбиркорларига оид ҳужжатли филмларни тилга олди.

- Туркларга қўйилган охирги айбловлар савдо помешениеларида, ўзларининг маъмурий идораларида намоз ўқиш, намозхоналар ташкил қилиш, оммавий ибодатлар билан шуғулланиш деган айблар қўйилди. Охирги мана 54 турк қамалдию. Худди шундай агар хусусий муассасаларгача етиб борган бўлса давлат, давлат муассасаларида албатта. Банклардаги бу гап жуда ҳам эски гап. Чунки ўтган йиллари шунақа эди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Озодлик бу фильм ҳақида хабар берган эди
.

Фильмда айнан намоз масаласи ҳақида гапирилар экан, “ноқонуний намозхоналар”, деган ибора тилга олинган эди.

Кейинги вақтларда давлат ташкилотлари, айниқса, банк, телевидение, ҳокимиятлар ва турли давлат идораларида намоз ўқиш тақиқланлани ёзилмаган қонун даражасига кириб бўлган, дер экан ўзбекистонлик зиёли, таниқли ижодкор Санжарали Имомов бу тақиқ аллақачон мева бера бошлаганини айтди.

- Мен бир идора ҳақида гапираëтганим йўқки, чунки давлат идорасида намоз ўқиш ҳақида хаëлга келтиришнинг ўзи мумкин эмас. Конкрет тақиқланиши ҳақида бирор-бир фармойиш ëки қарор чиққанлигини билмайманку, лекин бу оддий бир ëзилмаган қонундай, оддий нарсадай бўлиб қолдики, намоз ўқиш умуман мумкин эмас деган нарсага одамларни кўниктириб қўйишган,- дейди Санжарали Имомов.

Унинг сўзларини Тошкент шаҳридаги банклардан бирида ишлайдиган ходим билвосита тасдиқлади ҳам.

- Бизда намоз ўқишмайдиям менимча. Намоз ўқийдиганлар борлигиниям билмайман. Ҳижобли қизлар ҳам йўқ. Ходимларимизнинг кўпи корейс, рус миллатига мансуб, ўзбекларам бор. Аммо, улар орасида ҳижоблилари йўқ.

“Ҳижоби бўлса, бемалол ишлай оладими?”, деган саволимизга эса суҳбатдошимиз: “Мен буни билмайман ҳам. Чунки биздан сўрашмаган ҳам, тўғриси”, деб жавоб берди.

Тошкент шаҳридаги хусусий тадбиркорлардан бири ишчи ходимларнинг беш вақт намозга вақт ажратилишига қарши эканини сўзлади.

- Масжддаги муллалар ҳам айтади. Яъни ўз вақтида жума куни хотя би ўқишади. А так беш маҳал намозни эрталабдан кечгача ишхонада ўқий олмайдию. Эрталабдан кечгача ўқиса, бу ерда ишлайдими, ë намоз ўқигани келадими? Бу ҳам тўғри эмас. Иш берувчи ҳар икки соатда бориб “бу ерда иш, намоз ўқима” деб, ўрислар “время денги” дейишади. Кунда беш маҳал ўқиса, бир соатдан вақти ўтса, беш соати кетади, майли тўрт соат дейлик. Ўзи саккиз соат ишлайди. У одамдан қанақа отдача олади,- дейди Тошкентдаги хусусий тадбиркорлардан бири.

Яъни, бу суҳбатдошимиз сўзларидан иш вақтида иш бўлсин, ибодат эса ҳар кимнинг ишдан ташқаридаги шахсий иши, деган хулосани чиқариш мумкин.

Худди шу фикрни ўз вақтида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова ҳам таъкидлаган ва хусусан, Сенатда ҳам намозхона йўқлигини айтган эди.

Санжарали Имомов динни давлатдан ажратиб қўйган Ўзбекистон ҳукуматининг энди ишхоналарда беш вақт намозни, ходимларнинг жума намозига боришини тақиқлаши ортида турган хавотирида қисман жон бор, дейди.

У Ўзбекистон ва умуман, минтақа давлатларига хавф солиб турибди, дея ҳукумат тинимсиз бонг урадиган тули радикал диний оқимлар хавфини тилга олди.

- Ҳар хил турли оқимлар бор. Мен ўзим ҳам турли оқимларга, диндор сифатида аслида қарши одамман. Мен ўзим ҳам жон-дилим билан “Йўқ, сизлар намоз ўқиманглар ташкилотларда. Ўқийдиган бўлсанглар, фақат эрталаб бомдодни ўқингларда, шу билан кечқурун уйга келиб шом, аср, пешинни хуфтонга қўшиб ўқийверинглар” деган гапни гапирардим. Лекин нима мантиқ борлигини мен ўзим ҳам тушунаëтганим йўқ. Ишхоналарда намоз вақтида намоз ўқишни чеклаш билан турли реакцион оқимларга қарши курашишнинг иложи бормикин? Аксинча, агарда шу нарсаларга кенг имкон берганимизда, ëпилган масжидларни очганда, янги масжидларни очганда, майли йиғилишлар, тўртта яширинча, беркиниб нималарнидир ўқишга қарши туриш керакдир. Лекин аксинча масжидларни очиб, эркинлик берганимизда эди халқнинг ўзи ҳар хил реакцион ташкилотларга, оқимларга кириб қолаëтган одамларни оқсоқолларимиз, кексаларимиз ўзлари тартибга чақириб, панд-насиҳатлар билан ўзлари йўлга солиб қолишарди,- дейди ўзбекистонлик зиёли Санжарали Имомов.

Суҳбатдошимиз бу масала хусусида кўп ўйлагани ва давлат ташкилотларида намоз ўқишга имкон тополмай қолган намозхонлардан тақиқ боис фарз намоз қарздорлиги соқит бўладими, деб шаҳар масжидлардаги имомлардан биридан сўраганини эслади ва олган жавобни сўзлаб берди.

- Айнан шу саволни имомга берган эдимки, “Мана 18 ëшга тўлган мусулмон масжидга чиқиш, жума намозларига чиқиш имконияти бўлмаса, аниқроқ қилиб савол берадиган бўлсам, шундай чиқиш имкониятидан маҳрум қилишса, айнан ўша намозхондан соқит бўладими жума намозини ўқимаслик?” деганимда, у ҳам кулиб юборди. Чунки соқит бўлмаслигини жуда ҳам билади, лекин чиройли жавоб бердики, “Ҳақиқий имони мустаҳкам бўлса, чиқишга йўл топади минг тўсиқ бўлса ҳам. Бу бир. Иккинчидан, нима ҳам деймиз ҳозирги вазиятимиз. Бизларнинг кексаларимизнинг жума куни жумадан ташқари пешин намозини ўқиш одати бўларди. Чиқа олмаган йигитларимизни ўша кексаларга қўшилиб пешин намозини ўқиб олишсин деймиз. Бошқа нимаям дея оламиз” деган жавобни берган,- дейди Санжарали Имомов.

Унга кўра, бугун ҳукумат сиёсатига бўйсунган оддий намозхонлар ва имомлар орасида аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатда оддийгина намознинг тақиқланиши қарши бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Аммо, буни очиқ айтиш, бунга эътироз билдириш билан мавжуд вазиятни ўзгаритириш, динга бўлган таъқибни бироз бўлса-да сусайтиришга ишонадиганлари, деярли йўқ.

Мулоҳаза учун, қўшни Қирғизистонда ўтган йилнинг охирида парламенти депутатлари орасидаги диндорлар учун қулайлик яратиш мақсадида ҳар жума куни Жума намозини ўқиб келиш учун парламентда 3 соатлик танаффус эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG