Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:50

Андижонда "Узум бозори" кўчирилмоқда


Андижондаги "Узум бозори" кейинги ойларда Ўзбекистонда бузилган биринчи бозор эмас.
Андижондаги "Узум бозори" кейинги ойларда Ўзбекистонда бузилган биринчи бозор эмас.

Андижоннинг “Узум бозори”даги 500га яқин кийим-кечак ва электрон буюмлар дўконлари шаҳардаги “Наврўз” хусусий савдо мажмуасига кўчирилмоқда.


Шаҳар марказини қайта қуриш режаси доирасида бузилиши кутилаётган “Узум бозори”нинг ўрнида парк қуриш мўлжалланаётгани айтилмоқда.

Андижон шаҳри марказида жойлашган ва асосан, кийим-кечак ҳамда электрон буюмлар сотиладиган 500га яқин дўкони бўлган “Узум бозори” феврал ойининг охирларида ёпилган эди.

Озодликка сўзлаган андижонликларга кўра, шу кунларда бу ердаги дўконлар шаҳар марказидаги “Наврўз” хусусий савдо мажмуасида иш бошламоқда.

Андижон вилоят ва шаҳар ҳокимлигидан бу ҳақда маълумот олишга қилган уринишларимиз самара бермади.

Дўконлари ҳувиллаб ётган “Узум бозор” мутасаддиларини топишнинг ҳам имкони бўлмади.

Бироқ, 2004 йилга қадар “Узум бозори”да савдо растаси бўлган ва Озодлик билан микрофонсиз гаплашишга розилик берган андижонлик савдогарга кўра, бу бозорнинг кўчирилиши ҳақидаги гап ўтган йилидан буён бор эди.

- Шаҳар марказида яхшигина савдоси юриб тургани учун дўкондорларнинг кўпчилиги бундан норози эди. Лекин ҳозир савдогарга биров қулоқ соладиган замонми? Ҳаммасига кўчасан, дейишди ва кўчишди. Озгинаси ўша “Наврўз”дан жой беришди. Қолганига кутиб туринглар, дейишди,- дейди андижонлик тадбиркор.

Суҳбатдошимиз расмийлар томонидан дўкондорларга товон пули бериш ёҳуд бир вақтлар сотиб олган эски дўконига сарфлаган маблағни қайтариш ҳақида ҳеч гап эшитмаганини қўшимча қилди.

Айни пайтда унга кўра, тадбиркорлар “Наврўз” хусусий савдо мажмуасидаги дўконларни сотиб олмоқдалар. Бунинг устига у ердаги дўконлар озгина таъмир-талаб ҳам.

Куни кеча “Наврўз” мажмуасида бозор-ўчар қилиб қайтган андижонлик Саодат Отахонованинг айтишича, эски бозордаги дўкондорларнинг айримлари янги жойдан олган дўконларида иш бошлаш ҳаракатига тушган.

- Бордик. Узум бозоридан кўра каттароқ экан, лекин ҳали дўкончилар жойлашиб улгурмабди ҳали. Савдогарларни кўпчилиги билан гаплашдик. Ҳаммасида бир хил гап: “Энди нима қиламиз? Қаерда бўлса ҳам тирикчилигимиз ўтса бўлди. Чиқим бўлаяпти, барибир иложимиз йўқ, тирикчилик керакку” деган. Аммо таъмирлаш керак экан. Ўзларига хона-хона беришадию. Хоналар борда. Шу хоналарни ўзларига қулай қилиб таъмирлаб олиши керак,- дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Аммо, Саодат Отахонова эски “Узум бозори”дан кўра янги “Наврўз” савдо мажмуаси унга маъқул эканини ҳам айтди. Чунки, янги савдо мажмуаси нисбатан замонавийроқ ва ёғин-сочинда харидорлар учун қулайроқ.

- Нимага десангиз, “Узум бозори”га кирганингиздан кейин қандайдир бир ëмғир-сомғирда ноқулай бўларди. Бу ëқни тепаси бекик экан. Катта, кенг иморат экан. Агар порядка қилса, сифатли қилиб молларини ёйиб қўса, бемалол айланадиган чиройли жой чиқади бу ëқда. Харидорларга қийинмас. Аммо, бозор кўчирилгани дўкондорлар учун муаммо бўлиши мумкин,- дейди Саодат Отахонова.

“Узум бозори”даги бир неча савдогарларни яхши танийдиган андижонлик кекса бир суҳбатдошимиз “Узум бозори”нинг кўчирилгани у ердаги савдогарлар учун катта муаммо бўлганини айтади. Маълум сабабларга кўра, бу суҳбатдошимизнинг ҳам шахсини ошкор қилмаймиз.

Унга кўра, 2004 йилда “Узум бозори” кийим кечак ва маиший техника бозорига айлантирилганда ўзи билган савдогарлар бу ердаги ҳар бир дўконни 10 миллиондан 20 миллион сўмгача бўлган нархда сотиб олган.

Ҳозир уларнинг ҳеч бири “Нарўз” савдо мажмуасидан жой ололгани йўқ. Бу ердан 50-60га яқин савдогаргина жой олган. Қолгани эса ҳам пули ҳам жойига куйиб қолишдан чўчиб турибди, дейди суҳбатдош.

- Ким рози бўлади бунақа ишга? Пулга сотиб олган нарсасини пачоқлатиб юборишга ким рози бўлади? Улар пулга сотиб олган. Бу пулни ҳеч қанақаси қайтиб бермайди. Ҳали дўкон ҳам бўладиган гапми-йўқми, номаълум. Союз даврида бўларди - уйи йўлга тушган бўлиб снос бўлса, одамлар хурсанд бўларди “бизга мана шунча пул беради, янги уй қуриб оламиз” деб. Ҳозир бунақа нарса йўқ. У ўрис кетиб қолган поезди билан,- дея бир неча миллионлик дўконидан айрилган савдогар ошна-оғайниларига ачинади суҳбатдошимиз.

Унга кўра, дўкондорларнинг ўзи норозилигидан ошкора гап очаётгани йўқ, боиси ҳали тайин савдо жойини ололмаганлари талайгина.

Биз билан суҳбатда бўлган андижонликларнинг сўзларига кўра, бошқа жойга кўчирилган тақдирда ҳам энди аввалги “Узум бозори”даги 500 дўкон бир жойга тўпланиши амри маҳол.

Улар шаҳарнинг турли ҳудудларига тарқатиб юборилади.

Шу ўринда эслатиш керак, “Узум бозори” шу билан иккинчи бор бузилмоқда.
2004 йилнинг май ойида “Узум бозори” бузилган ва ундаги мева-чева, атторлик буюмлари сотадиган 1050 нафар якка тадбиркор савдо жойидан айрилган эди.

Ўша вақтда норози савдогарлар вилоят ҳокимлиги биноси олдида норозилик акциясини ўтказган ва бу ҳақда Озодлик мухбири хабар қилган эди.

Буни яхши хотирлаган ва ўша кезда мева-чева сотадиган растасидан айрилган андижонлик тадбиркор: “Ҳозир Андижонда биров амалдорга бориб манави ишиз бўмапти, деб ўлсаям айтмайди.

Жонидан тўйибдими бунақа гап қилиб? Наоборот, ҳеч нарсасиз кўчага қувмай, палон жойдан жой бермиз, деганига қуллуқ қилиб ўтиришибди. Беспределу ҳозир ука” деди.

2004 йилда “Узум бозори”га қўшилиб бузилиб кетган “Оталар чойхонаси”ни ёдга олган андижонлик кекса суҳбатдошимиз “Узум бозори”нинг ҳозир бузилгани қанчалик нотўғри бўлган бўлса, 2004 йилда унинг қурилгани ҳам шунчалик нотўғри қарор бўлган, деб ҳисоблашини айтди.

- Бу бозорни ўрнида рус император давридан бошлаб ишлаб келган “Оталар чойхонаси”деган самовар бўлган. Шунинг бузилишида ҳам анча тўполон бўлган. “Нима учун тарихий нарсани бузади давлат” деб. Ўшанда биз айтганмиз “Барибир буни бузган билан яна битта раҳбар келса, янгисиниям бузинглар, бошқа қиламиз деб қилади” деб.

Мен у самоварда жуда кўп ўтирган одамман. Биров билан келишадиган бўлсак, “самоварнинг шу хонасидаман, келаверасан” деб кўчага қараб ош еб ўтирардик. Ўзи шу бозорнинг тушиши нотўғри бўлган. Ўзи самовар туриши керак эди.

Энди бу бозорни қуриб қўйишган Жуда катта пул кетган бунгаям. Энди бўлса шунча ҳаражатга тушган нарсаси яна бузишяпти. Буни қуришга кетган ҳаражат, кейин уни сотволаман, деб дўкондорлар қилган ҳаражат, буни яна бузиб, ўрнига парк қилишга кетадиган ҳаражат - жуда ачинасанда одам.

Нима қилишмоқчи бўлар, кимга фойдаси бор буни тушунумайсан, дейди Озодлик билан суҳбатда андижонлик кекса суҳбатдошимиз.

Озодлик билан суҳбатлашган андижонликлар шаҳар ҳокимияти бу бозорни нега бузаётгани аниқ сабабини билмаслигини айтишди.

“Uznews.net” нашри хабарига кўра эса, ҳозир ҳувиллаб ётган “Узум бозори” дарвозасига шаҳар ҳокимияти қарори осиғлиқ ва унда шаҳарни ободонлаштириш ва шаҳар марказини қайта қуриш режаси доирасида бу бозор ўрнида парк бунёд қилиниши ҳақида айтилган.
XS
SM
MD
LG