Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:02

Президент синфдоши "нурсултоншунослик" дарсини ўқитмоқчи


“Учқўнғир – олтин бешигим” китоби муаллифи Садуакас Есимбай.
“Учқўнғир – олтин бешигим” китоби муаллифи Садуакас Есимбай.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳақида китоб ёзган унинг синфдоши Қозоғистон мактабларида “Нурсултоншунослик” дарслари жорий қилинишини таклиф қилди. Садуаккас Есимбай сешанба куни Олмаотада президентнинг ёшлигига бағишланган “Учқўнғир – олтин бешигим” номли китобини тақдим этди.


Қадрдон синфдош туҳфаси

Олмаотада Нурсултон Назарбоевнинг ёшлигига бағишланган китобнинг тақдимоти Қозоғистонда шахсга сиғиниш кучаяётганига оид хавотирларни янада авж олдирмоқда. “Учқўнғир – олтин бешигим” номли китоб 10 минг нусхада қозоқ, рус ва инглиз тилларида нашр этилди. Учқўнғир – Нурсултон Назарбоевнинг олтин бешиги. Муаллиф, Назарбоевнинг 10 йиллик синфдоши Садуаккас Есимбай ўз китобини тақдим этар экан¸ Нурсултон Назарбоевдек буюк одам ҳақида ҳар қанча ёзилса, шунчалик оз, деди.

- Бу бизнинг ташаббусимиз бўлиши керак. Чунки Қозоғистонда бундай тарихий шахслар кўп бўлган эмас. Нурсултон Кунаевдан кейинги бизнинг иккинчи тарихий шахсимиздир.

Жорий йил 5 июлида 70 ёшга тўлган Назарбоев ўз юбилейини нишонламаслиги ва ҳеч қандай совға қабул қилмаслигини шарт қилиб қўйган эди. Аммо синфдошининг антиқа совғасига Назарбоев қаршилик қилмаган кўринади.

- Мен унга шундай ўзига хос бир совға тайёрладим. 5 июл куни мен бу китобни шахсан Назарбоевга олиб бориб бердим. Нега ёзмас эканман, ахир мен у билан 10 йил бирга яшадим ва бу китобни ёзиш мен учун ҳам қарз, ҳам фарздир.


Назарбоев ҳақидаги афсоналар

Президент Назарбоев ҳақида бир нечта китоб, жумладан унинг ёшлигига бағишланган асарлар ҳам ёзиб бўлинган. Аммо сўнгги асарда ёш Нурсултоннинг афсонавий тимсоли намоён бўлади. Есимбай ўз асарида ўзи гувоҳи бўлиши даргумон бўлган воқеалар билан ҳам тўлдирган:

“Нурсултоннинг онаси Олжан 35 ёшга кириб ҳам ҳеч бола кўролмайди. Шунда тунларнинг бирида у улуғ аждодларининг бири Раимбек ботирни кўради. Кейинги тунни Раимбек ботир қабри ёнида тунаб фарзанд сўраган Олжан ниҳоят бола кўради ва унга Нурсултон, деб исм беради. Нурсултон ёшлигини мол боқиш билан ўтказди¸ аммо беш ёшга тўлгандан кейин унинг кейинги тақдирини белгилаган бир воқеа содир бўлади.”

Китоб муаллифига кўра, Нурсултон қизамиқ касалига чалиниб, кўп азоб чекади, қаттиқ иситмалайди. Чимолган қишлоғи табиби: “бу боланг одам бўлмайди, яъни яшаб қолмайди деб айтади.” Шунда Нурсултонни Учқўнғир тоғига олиб бориш ташлаш учун ҳўкиз аравага солишиб, олиб кетишади. Аммо йўлда Нурсултон ўзига кулиб турган ойни кўради ва гапира бошлайди: “Табиб менинг ўлишимни айтган бўлса, унда бу ой нега куляпти”, дейдида ўзида куч топиб тузалиб кетади, дея ҳикоя қилади Садуаккас Есимбай.


Нурсултоншунослик асослари

Володя Ульянов (Ленин)нинг ёшлиги шўролар даврида бошланғич синфлар учун махсус дарс сифатида ўқитилганидан бери ёш авлодни доҳийлар ёшлиги мисолида тарбиялаш тажрибасини яқин тарихда Туркманистоннинг собиқ президенти Сапармурод Ниёзов қўллаган эди. Бундай ташаббуслар вақтни ғанимат билган Назарбоевнинг айрим тенгдошларида ҳам туғилаётган кўринади.

- Биз фахрланишга арзигулик нарсалар ҳақида гапиришимиз керак. Бу мактаб болалари учун дарс бўлиши керак. Мана мактабларда Абайшунослик дарслари ўтиладику. Нимага Нурсултоншунослик деб атаймизми, ёки Назарбоевшунослик деймизми, шунақа дарсларни киритолмаймиз? Нурсултон 70 ёшга кирди ва Оллоҳ уни қачон олиб кетишини ҳеч ким билмайди. Вақт ғаниматдир, дейди Садуаккас Есимбай.


Супер Хон

20 йилдан ошиқ Қозоғистонга етакчилик қилиб келаётган Назарбоевга шу йилнинг 15 июн куни “Миллат етакчиси” мақоми берилди. Қозоғистонда Назарбоев ўз мақомига яраша улуғланди, унга ҳайкалу бюстлар ўрнатилди. 1 сентябрдан бошлаб Назарбоев номли Университет талабаларга ўз эшикларини очди.

Назарбоевнинг имиджи билан юқори малакали профессионаллардан ташкил топган PR гуруҳлари шуғулланади. Назарбоев биографиясини яратиш учун Британия парламентининг собиқ аъзоси ва таниқли биограф Жонатан Айткенга буюртма берилди. Аммо Назарбоев PR-чиларининг энг салмоқли ютуғи Қозоғистоннинг 2010 йилда ЕХҲТга раислик қилаётганидир.

Президент Назарбоевнинг ҳаддан зиёд улуғланиши ҳатто ўз вақтида шахсга сиғинишни тарғиб этган коммунистларнинг қаршилигига ҳам учрамоқда.

Қозоғистон коммунистик партиясининг собиқ лидери Серикболсин Абдилдин Назарбоев пиари учун оддий солиқ тўловчиларнинг пуллари кўкка совурилаётганидан ачинади.

- Қозоғистонда Назарбоев шахсига сиғиниш “Супер Хон”, деб номланган махсус дастур асосида амалга оширилади. Бунга жуда ҳам катта пуллар сарфланади. Халқ пуллари... Тарихдан биламизки, шахсга сиғиниш аянчли оқибатларга олиб келган. Назарбоев ҳам ўзини мана шундай тарихий берк кўчага олиб киряпти, дейди Серикболсин Абдилдин.

Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга нисбатан иқтисодий жиҳатдан илдамлаб кетгани айтилса-да, президент Назарбоев танқидчилари унинг ўзига бино қўйиш бобида марҳум Туркманбоши йўлидан бораётганини таъкидлашади. Айни пайтда Учқўнғирда Назарбоевнинг ёшлиги ҳақидаги бадиий филм суратга олина бошланди.

XS
SM
MD
LG