Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:39

“Ёшлар” каналида маҳаллийчилик ва таъмагирлик авж олган


Ёшлар телеканали журналисти Саодат Омонова.
Ёшлар телеканали журналисти Саодат Омонова.

23 август куни "Ёшлар" телеканалининг икки журналисти Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти идорасида ўтказилган матбуот анжуманида "Ёшлар" канали директори Хайрулла Нуриддинов ва уни "ўз қаноти остига олган" миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаевни давлат пулларини ўзлаштирганликда айблади.


“Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион дастури муҳаррири Саодат Омонова матбуот анжуманини ўтказишдан мақсад Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги маҳаллийчилик, давлат пулларини ўзлаштириш ва таъмагирлик ҳолатлари авж олганини фош этишдан иборат эканини айтди. Унинг айтишича, бу қонунбузарликлар ортида турган асосий шахслар Миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев ва "Ёшлар" телеканали директори Хайрулла Нуриддиновлардир.

- Масалан, мен олий маълумотли муҳаррирман, шарҳловчиман.Ойлик олсам 300, мана ҳозир 500 минг сўм олаяпман. Оддий маъмурлик қилиб, гонорар ёзадиган йигит қизлар 900 минг, 2 миллиондан ортиқ оладиганлари ҳам бор. Техник ходимлар 1 миллиондан ортиқ олаяпти. Лекин мана шу ҳам ноҳақлик. Уларнинг кўпчилиги тошкентлик. Улар маълум бир маблағини биров орқали олиб кириб, директорга берар экан,- дейди Ўзбекистоннинг “Ёшлар” телерадиоканали журналисти.

Бундан ташқари, дея давом этди Саодат Омонова, "Ёшлар" каналидаги цензура чидаб бўлмайдиган даражага чиққан.

- Биз тайёрлаётган репортажларнинг асосий қисми тегишли идоралар томонидан назоратдан ўтказилади. Керак бўлса интервьюлар олиб ташланади. Ва энг даҳшатлиси, ҳозир биз ахборотнинг матнини ўқиб, кадргача бир хил қилиб эфирга узатаяпмизда. Энди танқидий томонидан “президент кўрмасин, президентга етиб бормасин”, деган маънода. Чунки бу ерда қайсидир гуруҳлар манфаатдорда,- деди “Ёшлар” телерадиоканалида фаолият юритаётган журналист Саодат Омонова.

"Ёшлар" каналининг яна бир журналисти Малоҳат Эшонқулова ўтган йилдан бери турли идораларга миллий телерадиокомпаниядаги маблағларни ўзлаштириш холатлари, маҳаллийчилик борасида ўз раҳбарияти устидан ариза ёзиб келган. Унинг аризалари туфайли махсус текширув ҳам ўтказилган.

- Бошида текширишга изн берилди. Текширилди, мавжуд қонунбузарчилик ҳолатлари, бюджет интизомини бузиш ҳолатлари, меҳнат қонунчилигининг бузилиш ҳолатлари аниқланди. Аммо прокуратура Ўзбекистондаги қонун-қоидага асосан, раҳбарларга нисбатан ҳеч бир жазо чорасини қўлламади. Аксинча, миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев номига мавжуд муаммо, камчиликларни бартараф этиш мақсадида тақдимнома киритиш билан чекланди,- дейди журналист Малоҳат Эшонқулова.

Унга кўра, мазкур тақдимномадан сўнг миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев ходимлар билан йиғилиш ўтказиб, Малоҳат Эшонқулова ариза ёзишни тўхтатмаса, касаба уюшма номидан уни ишдан четлатиши билан пўписа қилган.

Исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик мустақил журналистлардан бири давлат матбуотида фаолият юритаётган журналистлар томонидан цензурани тан олиш ва раҳбариятни таъмагирлик ва пулларни ўзлаштиришда айблаши кутилмаган ҳол бўлганини айтади.

- Бизда бунақаси бўлган эмас.Яъни бизнинг журналистлар очиқ бундай баёнот қилиши бўлмаган. Яъни бунга юқоридан рухсат берилмаса, бундай бўлиши мумкин эмас эди. Иккинчи томондан балким Ўзбекистон сўз эркинлигига янги йўналиш олгандир. Билмадим, - дейди ўзбекистонлик мустақил журналистлардан бири.

XS
SM
MD
LG