Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:09

"Зеромакс" парчалангач¸ "Бунëдкор" қурилиши ҳам тўхтаб қолди


Англиянинг Chelsea клуби собиқ мураббийси Сколари Тошкентга келгач¸ "Бунëдкор" клуби учун дунë стандартларига мос стадион қуриб беришни сўраган.
Англиянинг Chelsea клуби собиқ мураббийси Сколари Тошкентга келгач¸ "Бунëдкор" клуби учун дунë стандартларига мос стадион қуриб беришни сўраган.

Мустақиллик байрамига қадар битирилиши ваъда қилинган “Бунёдкор” футбол клубига қарашли спорт комплекси қурилиши бир неча ойдан бери тўхтаб ëтибди. “Зеромакс”ширкати парчаланиши ортидан Ўзбекистон тарихидаги энг йирик бу стадион қурилишини давом эттиришга маблағ йўқлиги айтилмоқда.


"Бунëдкор" футбол клубига аталган стадион қурилишининг айни кунлардаги вазиятини ўрганиш ишини дастлаб¸ Тошкентнинг Мирзо Улуғбек метро бекатидан шундоққина чиққан жойда жойлашган собиқ армиячилар командасига тегишли МҲСК стадиони ўрнида бошланган қурилиши битмаган стадион қўриқчиларидан бирини топишдан боғландик. Ўз исмини айтишни истамаган қоровулнинг Озодликка айтишича, уч ойдан буён стадион қурилишида ҳеч ким кўринмайди:

- Қурилиш бўлмаяпти ҳозир. Икки-уч ойча бўлиб қолди. Ҳозирча кичкина полячаларнинг таглари тайëр бўлган. Атрофлари сетка билан ўралган¸ холос¸ деди бўлажак спорт комплекси қоровулларидан бири.

Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли эканлиги айтилган “Зеромакс” компанияси ҳомийси бўлган “Бунёдкор” футбол жамоасининг сўнгги йиллардаги муваффақиятлари ортидан нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг катта стадион ва унга қўшимча спорт комплекси қурилиши 2009 йилнинг март ойида бошланган эди. Бироқ бир йил ўтмай шиддат билан бошланган қурилиш шундай шиддат билан музлатиб қўйилди.

Тахминий қиммати 150 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган бу комплекс қурилишининг қай сабабдан тўхтатилганини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигининг спорт бошқармаси билан боғландик.

Бошқарманинг ўзини таништирмаган ходимининг айтишича, бу қурилишга вазирликнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

- Бизнинг хабаримиз йўқ ундан. Бизга қарашли эмасда. Вазирликка қарашли эмас территорияси ҳам¸ зданиеси ҳам¸ деди Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигининг спорт бошқармасининг телефон гўшагини кўтарган ходими.

Ўзбекистонда қурилаётган энг катта спорт комплекси Спорт вазирлигига тегишли эмас экан, балки бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси бир нарса билар¸ деган илинжда федерация матбуот хизматига мурожаат қилдик. Аммо Озодлик боғланган федерация матбуот хизмати ходимларидан бири бу янги спорт комплексининг федерацияга ҳам алоқаси йўқлигини айтди.

Спорт вазирлиги ва Футбол федерация вакиллари билан суҳбатлар спорт комплекси қурилишининг фақат“Бунёдкор” футбол клуби ва унинг хўжайинларига тегишли¸ деган тахминга етаклади . Бироқ “Бунёдкор” футбол жамоаси расмийларидан бири бу тахминни на тасдиқлади ва на инкор қилди - саволларимизга фақат мактуб орқали жавоб бера олишини айтди.

“Бунёдкор” спорт комплекси қурилишини амалга ошириши белгиланган “Нефтгазмонтаж” компанияси қурувчиларидан бири ўз исми айтилмаслиги шарти билан , қурилишнинг тўхтатиб қўйилганлиги собиқ “Зеромакс” компанияси¸ аниқроғи унинг бош директори Миродил Жалолов бошига тушган муаммолар билан боғлиқлигини айтди. “Зеромакс”нинг парчаланиши ва катта миқдорда жаримага тортилиши ортидан, дейди бу манба, стадион қурилиши учун маъсул бўлган “Нефтгазмонтаж” компанияси ҳам давлатдан қарздор бўлиб қолди:

- Сабаби “Зеромакс” ëпиб қўйилди¸ кейин пуллар қотирилди. Ундан кейин “Нефтгазмонтаж”нинг давлатдан олиши бор эди. Охирги судлардан кейин “Нефтгазмонтаж” давлатдан қарз бўлиб қолиб кетди. Нимага бунақа бўлиб қолган¸ қанақа бўлган ҳеч ким тушунмайди. Айрим гаплар бўйича кредит олинган ва вақтида қайтарилмаган. Шунинг ҳисобидан шу нарсалар бўлган деган гап бор¸ дейди қурувчи-муҳандислардан бири.

Унга кўра, бразилиялик машҳур мураббий Луиз Фелипе Сколари “Бунёдкор”га бош мураббий бўлиб келганидан сўнг, унга бир йил ичида янги замонавий стадион қуриб берилиши ваъда қилинган:

- Сколари келганда “Бунёдкор” спорт комплекси директори Таваккал акадан сўраган: “Хўш мен қанақа поляда ишлайман, стадионни кўрсатинг”, деб. Таваккал ака уни ана шу эски МСХК стадионига олиб келган. Ҳали ҳеч қандай иш бошланмаган бўлган. Таваккал ака унга, ана шу жойда, бир йил ичида сизга энг зўр замонавий стадион қуриб берамиз, деб ваъда берган¸ дейди Озодлик суҳбатлашган “Нефтгазмонтаж” компанияси қурувчиларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган манбаларга кўра¸ айни пайтда спорт комплекси қурилишининг бор-йўғи тахминан 10-15 фоиз иши бажарилган ва баъзи бир хабарларга кўра¸ август ойидан қурилиш ишлари яна бошланиши мумкин.

Аммо “Нефтгазмонтаж” компаниясининг Озодлик суҳбатлашган вакили¸ қурилишнинг яқин орада бошланишига кўзи етмаслигини айтар экан¸ “Бунëдкор” стадиони қурилишининг тўхтаб қолгани “Бунёдкор” футбол жамоаси бошига тушган кўргуликларнинг бир қисми эканини айтади:

- “Бунёдкор”ни аҳволи ҳозир оғир. Менинг эшитишимча¸ ҳозир UzGazOil компанияси уни пул билан унча-бунча таъминлаб турган экан. Ахир клубнинг контракт билан олган қиммат ўйинчилари борда. Улар билан шартнома бор. Айтишларича. UzGazOil ишчиларининг маошларидан 50-100 минг сўмдан жамоа учун ушлаб қолишяпти экан, дейди “Нефтгазмонтаж” компанияси қурувчиларидан бири.

Лойиҳага кўра, “Бунёдкор” спорт комплекси 45 минг одам сиғадиган ярим ёпиқ стадион, 150 кишилик меҳмонхона, болалар спорт мактаби ва бошқа иншоотлардан иборат.

Бу комплекс¸ 2009 йили Тошкентнинг Амир Темур хиëбонидаги Форумлар саройини қуриб битиргани учун президент Каримовдан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи” унвонини олган Миродил Жалоловнинг¸ унга яқин манбаларнинг айтишича¸ 2010 йилги мустақиллик байрами¸ аниқроғи президент Ислом Каримовга аталган совғаси бўлиши лозим эди.

Каримов "Зеромакс"нинг биринчи оила марҳаматидан мосуво қолгани айтилаëтган бош директоридан бу совғани оладими-йўқми¸ аниқроғи "хизмат кўрсатган қурувчи"нинг бундай қимматбаҳо совғани ҳозирлашига имкон берадими-йўқми¸ буниси бир ой ичида аниқ бўлади.
XS
SM
MD
LG