Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Максим Шевченко: Ўзбекистон кун сайин беқарорлашмоқда


Максим Шевченко ўзини Кавказ минтақаси¸ шунингдек Марказий Осиë ва ислом бўйича мутахассис деб билади.
Максим Шевченко ўзини Кавказ минтақаси¸ шунингдек Марказий Осиë ва ислом бўйича мутахассис деб билади.

Россия 1-каналининг "Судите сами" деб номланган дастури бошловчиси Максим Шевченко¸ Озодлик билан суҳбатда Марказий Осиë¸ хусусан унинг энг муҳим давлати бўлмиш Ўзбекистонда катта ўйиннинг кескинлашгани ҳақида баҳс қилади.


2009 йилнинг 17 июн куни Россия 1-телеканалининг Дискурс деб номланган рукнида эксперт сифатида фикр билдирган канал бошловчиси¸ Россия жамоатчилик палатаси аъзоси Максим Шевченко бир башорат қилган эди.

- Шу йил кузида¸ Марказий Осиë давлатлари¸ айниқса Ўзбекистонни жиддий воқеалар кутаëтганини кўнглим сезиб турибди. Ўзбекистонда Ислом Каримов режимини ағдариш уриниши¸ шу мақсадда кенг кўламли ҳаракат бошланиши мумкин - Ўзбекистон¸ хусусан Фарғона водийсида халқ ҳукмрон режимдан ниҳоятда норози¸ деган эди бундан роппа-роса бир йил олдин юзига жиддий таҳлилчи тусини бериб гапирган Максим Шевченко.

Орадан бир йил ўтди....

Россиялик телебошловчининг бу башорати ўзини оқламади. Ўзбекистонда¸ яна ўнлаб¸ балки юзлаб намозхон йигитларнинг турли баҳона билан ҳибсга олиниб¸ Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилганликда айбланганини айтмаса¸ Ислом Каримов режимини ағдариш уриниши у ëқда турсин¸ унинг аломати ҳам кўринмади. Максим Шевченко билан суҳбат индаллосида¸ амалга кўчмаган тахмин остида бирор жиддий асос бор эдими¸ деб сўраймиз.

- Биласизми¸Ўзбекистонда очиқ беқарорлик юзага чиқмади¸ аммо Қирғизистонда жиддий воқеалар юз берди ва уларда ўзбекларнинг жуда катта қатламлари фаол иштирок этди. Мен Ўзбекистон ҳақида конкрет бир башорат қилмаган эдим.

Аммо вазиятнинг беқарорлашаëтгани бор гап ва бу жараëн кун сайин кучаймоқда. Бир томондан¸ Тожикистон билан кескинлик мавсумий бир тарзда сал юмшаëтганига қарамай¸ можаро манбаи сақланиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасидаги вазият ҳам ўта қалтислигича қолмоқда ва бу ҳам Ўзбекистондаги вазиятга таъсир ўтказиши мумкин. Бу ëқда¸ Афғонистон деган беқарорлик ўчоғи турганини айтмаса ҳам бўлади. Бу Ўзбекистоннинг қандай халқа ичида турганини кўрсатади.

Айни пайтда¸ мамлакат ичкарисида ҳам Ислом Каримовнинг ëши ўтиб бораëтгани ва ворис масаласининг бир ëқли бўлмагани боис¸ ҳокимият учун ички курашнинг кунда-кунга қизиëтганини кўриш мумкин. Шу боис¸ Ўзбекистондаги вазият бугун барқарорликдан жуда узоқ ва у беқарорлашишда давом этади¸ дейиш мумкин.


“Зеромакс” атрофидаги машмаша беқарорлик кучайгани аломатими?


Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган “Зеромакс” ширкати атрофидаги воқеалар¸ айрим таҳлилчиларга кўра¸ Ўзбекистонда ворислик учун курашнинг якуний босқичга кирганидан далолатдир. Хўш¸ Ўзбекистондаги беқарорликнинг мунтазам кучайиши ҳақида гапираëтган Шевченко¸ бу фикрга қандай қарайди?

- Менда¸ бевосита “Зеромакс” билан боғлиқ воқеалар ҳақида ахборот йўқ¸ аммо Ўзбекистондаги жараëнларга оид стратегик¸ кенг қамровлик тушунчага эгаман. Бир одам ҳокимияти ва кланлар ўртасидаги келишувга асосланган ҳар қандай тузум¸ эртами-кечми ўз заифлигини кўрсата бошлайди. Бир одамга боғланган ҳамма нарса шу одамга қарам бўлиб қолади.

Ислом Каримов ҳам¸ қанчалик кучли ва етук сиëсатчи бўлмасин¸ ҳамма қатори бир банда ва эртами-кечми ўлади. Бундай вазиятда¸ унинг ўрнини эгалламоқчи бўлганларнинг барчаси¸ АҚШ таянчи ва бевосита қўллови билан ўзбек миллатчилигининг энг радикал шаклини ниқоб қилган ҳолда¸ ҳокимиятга келадилар. Бунинг муқобили сиëсий исломчиликдир. Аммо Ўзбекистон сиëсий элитаси исломдан ўлгудек қўрқади¸ чунки бу АҚШ таянчини йўқотишни англатиши мумкин.


Ўзбекистонда ворис ким бўлишини Россия эмас¸ АҚШ ҳал қилади...

Россия 1-канали бошловчиси Максим Шевченко¸ Марказий Осиëдаги сиëсий жараëнларга энг кучли таъсир ўтказиш қурбига эга ягона давлат АҚШ деган фикрда ва ҳамма жойда Вашингтон махсус хизматларининг “узун қўли”ни кўради. Шевченко фикрича¸ Афғонистонда жойлашган 200 минг қўшинлик Америка армиясининг асосий мақсади¸ Марказий Осиëда ўзига бўйсунадиган ҳукуматларни шакллантириш ва шу мақсадда мунтазам босимни ушлаб туришдир:

- Бундан буëн америкаликлар немисларни Қундуздан чиқариб¸ у ерга ўзлари жойлашиб олади ва бу жараëн аллақачон бошланди ҳам. Қундуз эса¸ Панж демакдир. Дарвоқеъ¸ бу кетишда америкаликлар Мозори Шарифни ҳам тез орада ўз назоратига олади. Агар сиз¸ Мозори Шарифда ўн минглаб энг замонавий қўшинга эга бўлган Американинг Ўзбекистондаги вазиятни ўзи истаган йўналишга солиши қийин деб ўйласангиз¸ қаттиқ адашасиз.

Бугун Афғонистонга келаëтган ҳарбий ва ноҳарбий юкларнинг бари Темиздан ўтмоқда ва айнан Термизда бугун АҚШ махсус хизматларининг ҳамкори бўлмиш Америка ҳарбийлари кўпайиб бормоқда. Термиздан туриб Тошкентда бўлаëтган жараëнларга таъсир кўрсатиш¸ Сизнингча¸ қийинми?


Тоҳир Йўлдош тирик ва у америкаликлар ҳимояси остида...

Конспирация назариясини ривожлантиришда давом этган Максим Шевченко¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг АҚШ махсус хизматлари қўлидаги Ўзбекистонга босим ўтказиш воситалардан бири деб атайди ва ўтган йилнинг сентябр ойида Вазиристонда ўлдирилгани тахмин этилаëтган Тоҳир Йўлдошнинг тирик эканини даъво қилади.

- Менда афғонлар¸ аниқроғи Афғонистондаги пуштунлардан олинган бир маълумот бор. Уларнинг айтишича¸ Тоҳир Йўлдош тирик ва у Америка ҳарбий вертолëтида Вазиристондан Қундузга келтирилган. Унга пул беришган ва ҳозирда Тоҳирда сони бир неча мингга етган ўз лашкари бор. Бу маълумотни менга Афғонистон ҳарбийлари ичидаги жуда ишончли манба етказди.

Унга кўра¸ Вазиристонда Тоҳир ва пуштунлар ўртасида қонли келишмовчилик юзага чиққан – Тоҳир пуштунлар иродасига қарши Покистон ҳарбий постига ҳужум уюштирган ва шу билан Покистон армиясини Вазиристонда кенг кўламли амалиëт ўтказишга мажбур қилган. Пуштунлар уни фитначи¸ деб ўлдирмоқчи бўлганда¸ АҚШ махсус хизматлари уни Қундузга олиб келган.
Тоҳир Йўлдош америкаликларга Ўзбекистоннинг нафақат бугунги¸ балки Каримов ўлгандан кейин иқтидорга келадиган ҳукуматига ҳам мунтазам босим ўтказиш воситаси сифатида керак.


Россия Марказий Осиëда ўз позицияларини бой бермоқда...

Қирғизистонда апрел ойида рўй берган навбатдаги ҳокимият алмашинувини таҳлил қилаëтган аксар сиëсатшунослар¸ бу воқеалар ортида Россия турганини тахмин қилмоқдалар. Аммо Максим Шевченко бунинг тескарисига ишонади. Россиялик журналист¸ навбатдаги қирғиз исëнини ҳам яна АҚШ махсус кучлари уюштирди¸ деган даъвони қила туриб¸ Кремлни бу минтақага нисбатан тайинли бир сиëсат ишлаб чиқа олмаганликда айблайди.

- Ҳозирча Россияда Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистондаги ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ бир сиëсат борлигига ишонмайман.Ҳозирча Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотини истисно қилганда¸ Россияда минтақа давлатларига таъсир қилишнинг воситалари йўқ ва бу ҳақда жиддий ўйлаб ҳам кўрилгани йўқ.

Бу минтақада Россиянинг асосий рақиби АҚШ ва Хитой билан Россия Марказий Осиëдаги АҚШ экспансиясига қарши рақиб эмас¸ балки ҳамкор сифатида биргаликда курашиши лозим¸ деган қатъий ишончда Максим Шевченко.


Мавзуга ëндош гаплар....


Россия 1-телеканали бошловчиси¸ ўз каналида Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистон бўйича мутахассис номи билан ҳар хил башоратлар қилиб турадиган Максим Шевченко билан суҳбат анча давом этди. Суҳбат асносида Ислом Каримовни постсовет ҳудудидаги энг йирик¸ жасоратли ва етук сиëсатчи дея таъкидлаган Шевченко¸ Ўзбекистоннинг бугунги муаммоларини мамлакатдан русийзабон халқлар¸ биринчи галда русларнинг кетиб қолгани билан изоҳлади. "Минтақага мактаб ва маърифат олиб келган русларнинг оммавий равишда Ўзбекистондан ҳайдалиши ва миллатчиликка урғу берилиши¸ ўзбекларнинг янги авлодини маърифатсиз ва саводсиз оломонга айлантирди. Бу оломоннинг демократик жамиятга хуши ҳам¸ уни қуришга имкони ҳам йўқ"¸ деди жумладан Максим Шевченко.

Шовинизмга йўғрилган бу фикрлар билан¸ мавриди келганда таништиришга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG