Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:48

2010 йил 13 май: Андижон қирғини ëдга олинмоқда


Стокҳолмдаги норозилик тадбири.
Стокҳолмдаги норозилик тадбири.

Андижондаги қонли воқеаларга беш йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ичкарисидаги ҳуқуқ фаоллари¸ айни пайтда хориждаги ўзбекистонликлар мустақил Ўзбекистон тарихига энг қонли кун сифатида кирган 13 май фожиасини хотирлашга уриндилар.

Тошкент

Андижон фожиасининг беш йиллигини мамлакат пойтахтида ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянсига аъзо ўндан зиёд ҳуқуқ ҳимоячиси шаҳар марказидаги Матонат монументи пойига гул қўйиш, Қуръон тиловат қилиш билан нишонламоқчи бўлди.

Маъмурлар кўрган ошиғич чоралар оқибатида акцияда бир киши – Абдулла Тожибой ўғлигина иштирок эта олди.

- Мен гулчамбар қўйиб¸ ўша ерда тиловат қилиб Андижонда шаҳид бўлганларнинг руҳини йўқлаб келдим¸ дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Матонат монументи олдида Андижон фожиаси қурбонларини хотирламоқчи бўлганларни, Альянс аъзоларидан бири Расулжон Тожибоевнинг айтишича, 13 май куни эрталабданоқ уйларидан чиқармади.

- Мен эрталабдан эшик тагига чиқдим. Эрталабдан эшик тагига чиққанимда қарасам иккита машина¸ энди бизнинг орқамизда ҳар доим юришадику¸ иккита машинада келишдида “Уйингизда ўтирганингиз яхшими ëки РОВДга олиб кетганимизми” дейишди. Мен “Просто ишим билан чиқиб кетаяпман” дедим. “Йўқ¸ бугун энди тинчлик керак. Уйингизда ўтиринг. Бизга буйруқ шунақа” дейишди. Имкони бўлмади. Уйдан чиқадиган бўлсам¸ машинасига солиб РОВДга олиб борарди. РОВДда кечгача ўтиришга тўғри келарди¸ дейди Расулжон Тожибоев.

Расулжоннинг айтишича, Альянснинг бошқа барча аъзолари ҳам 13 май куни милиция ходимларининг қаттиқ назорати остида бўлди.

Матонат монументи олдига боришга муваффақ бўлган Абдулла Тожибой ўғлининг уйига ҳам милиция ходимлари келган.

- Шу қатори менинг уйимга Чилонзор тумани Ички ишлар бўлими терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи подполковник Пўлатов Юнус ва унинг ëрдамчиси Ўткир деган йигит иккаласи келишди. Мени чақириб бугунги бўладиган маросимда қатнашиш қатнашмаслигим тўғрисида сўраб мени ҳибсга олишга ҳаракат қилишди¸ дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Лекин иш ҳибсга олишгача етиб бормади, дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Унинг гувоҳлик беришича, 13 май куни Матонат монументи турган майдон атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

- Ўша Алайскийдан то майдонга қадар йўлнинг икки бетида ҳар 10 метрда милиция ходимлари туришибди. Ундан ташқари беш-олтита ëпиқ фургонлар у ер бу ерда турибди. Шу билан бир қаторда ГАИ турибди. Жасорат майдонига етганимда эса 20 га яқин енгил машинада МХХ ва ИИБ ходимлари юришибди. Шунга қарамасдан мен монументга гул қўйгани бораëтганимда шаҳар ходими югуриб олдимга келишга ҳаракат қилдида қўлимда варақа бўлмаганлиги учун яна сояга ўзини тортди. Мен гулчамбар қўйиб¸ ўша ерда тиловат қилиб Андижонда шаҳид бўлганларнинг руҳини йўқлаб келдим¸ дейди Андулла Тожибой ўғли.

Стокҳолм, Швеция

Бу мамлакатда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳам 13 май фожеаси қурбонлари хотирасига оммавий акция ўтказдилар.

Стокҳолмдаги намойишчилар Ўзбекистонни улкан қамоқхонага қиëслашди.
Тадбир иштирокчиларидан бири, Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси аъзоси Йўлдош Очилов Озодликка мана буларни айтиб берди.

- Бугун Швецияда дам олиш куни. Шунинг учун кўчада унча одамлар ҳар кунгидай кўп эмас. Лекин 100 лаб¸ 200 лаб одамлар йиғилиб¸ бизларни суратларга олиб¸ қизиқиб¸ келиб саволлар бериб бизнинг пикетимиз билан улар жуда қизиқди. 35-40 киши атрофида иштирок этди. Бизнинг шиорларимиз “Андижон – 2005 йил 13 май фожеаси ҳеч қачон унутилмайди”¸ “Диктатор Каримов кет”¸ “Каримовсиз Ўзбекистон”¸ “Президент Каримов Гаага трибуналига марҳамат”¸ “Сиëсий маҳбусларга озодлик”. Бунинг ташкилотчиси “Таянч” ташкилотининг раҳбари Муҳаммадсолиҳ Абутов бўлди. Шу билан бирга Эрк ва Бирлик партияси аъзолари ҳамда бошқа фаол мухолифатчилар қатнашишди¸ дейди Йўлдош Очилов.


Киев, Украина

Бу ерда ўтказилган хотира акциясини маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ташкил қилди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси биноси олдида маҳаллий вақт билан кундуз соат иккида бошланган тадбирда ўзбекистонлик қочқинлар вакиллари ҳам иштирок этди.

"Биз Андижонни унутганимиз йўқ!" дейилади бу ëзувда.
Акция иштирокчиларидан бири Сергей исмли киевлик бундай деди:

- Ўзбекистон элчихонаси эшиги рўпарасида рус ва ўзбек тилларида “Биз Андижонни унутганимиз йўқ!” деган плакат ўрнатиб қўйдик. Плакат олдига гуллар қўйилган, шамлар ёқилган. Шамларни 5 йил муқаддам Ўзбекистон президенти буйруғи билан отилганлар хотирасига ёқиб қўйдик, деди Сергей.

Киевда ўтказилган акцияда ўзбекистонлик қочқинлар вакиллари ҳам иштирок этди.

- Биз бу акцияни 2005 йилги Андижон воқеаларини хотирлаяпмиз. Мен ўзим Ином Бобохонов. Украинада Бирлик халқ ҳаракатининг раисиман. Дўстларимиз билан шу кунни қоралаган ҳолда шу акцияни ўтказаяпмиз.

Озодлик: Ўзбеклар кўпми?

Украинадаги тадбирда саноқли ўзбеклар иштирок этди.
- Ўзбеклар кўпликка кўп. Мана охирги пайтларда бизнинг диндорларимиз жуда кўпайиб кетишди бу ëқда. Дин томондан ҳам жуда қисиб қўйишибди¸ дейди акция иштирокчиларидан бири.

Андижон фожеаси қурбонларини эслашга бағишланган тадбирни Киевдаги “Чегарасиз” ташкилоти уюштирди.

“Чегарасиз” ташкилоти қочқинлик мақоми истаётганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Унинг раҳбари Максим Буткевичнинг айтишича, сўнгги 2 йил ичида “Чегарасиз” ташкилоти қарийб 60 ўзбекистонлик оилага ёрдам қочқинлик мақомини олишга ёрдам берди. Бу рақамни камида 3 га кўпайтириш керак, чунки бир оилада камида 3 киши бор, деди Максим Буткевич.

13 май кунги уюштиришдан кўзланган мақсад тўғрисида гапирар экан, Киевдаги “Чегарасиз2 ташкилоти раҳбари Максим Буткевич, жумладан, бундай деди:

- На Ўзбекистоннинг ўзида, на унинг Украинадаги элчихонасида 5 йил аввал Андижонда амалга оширилган қирғинни унутишларини истамасдик. Қирғинни унутмаганлар борлигини, Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказишни ҳануз талаб қилувчилар борлигини билдириб қўйиш учун ҳам биз бугун бу ерга йиғилдик, деди Максим Буткевич.


Москва, Россия.

Андижон фожасининг 5 йиллиги Россия пойтахтида таниқли сиёсатшунослар, диний арбоблар, минтақашунос журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари иштирокида давра суҳбати ўтказиш билан нишонланди.

Суҳбат иштирокчиларидан бири, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев мана бундай маълумот берди.

- Москва шаҳрининг мустақил матбуот марказида давра суҳбати бўлиб ўтди. Қатнашганлардан мен¸ Мемориал раҳбарларидан бири Виталий Пономарëв¸ таниқли экспертлардан бири Аркадий Дубнов ва “Россия ва ислом дунëси” деган институтнинг ректори Шамил Султонов. Давра суҳбатида қатнашганлар жуда кўп эди. Бир неча экспертлар келишди. Ивановодан келган Иваново ўзбеклари қатнашди. Улар Андижонда рўй берган хунрезликни¸ Каримов ҳукумати қанчалик ўз ҳолатини яхши билмаслиги¸ яна дунë сиëсатидан анча бехабар эканлигини айтиб ўтишди. Андижон воқеаларидан кейин ҳам Ўзбекистон режими ноҳақ қамашларни давом эттираëтгани¸ айрим Ғарб давлатларидан бошпана сўраб кетганлар мажбурий равишда қайтганликлари ва уларга нисбатан тазйиқлар ўтказилиши¸ умуман Андижон воқеаларидан кейинги жиноятлар ҳозиргача ëпиқ қолишини қайд этиб ўтишди, деди Москвада ўтказилган давра суҳбати тўғрисида маълумот берар экан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Бундан роппа-роса беш йил муқаддам Андижон шаҳрида ҳукумат кучлари диний экстремизм ва айирмачиликда айбланган 23 нафар тадбиркор озод этилиши талаби билан норозилик намойишига чиққан одамларни ўққа тутгани оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 187 одам, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар ва ҳукуматга мухолиф фаоллар Андижон воқеаларида ўлганлар сони бир неча юз киши ва ундан ҳам ортиқ бўлиши мумкинлигини айтиб келмоқда.

Андижондаги қонли воқеалар бир гуруҳ шахслар ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қуролларни қўлга киритганидан сўнг Андижон қамоқхонасига бостириб кириб, маҳбусларни озодликка чиқариб юборганидан сўнг бошланган.

2005 йил майида Андижонда содир бўлган фожеа кимни етим, кимни бева қолдирди. Минглаб одамлар эса Андижон воқеаларидан кейин она юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.
XS
SM
MD
LG