Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Наманганда болаларга ОИТС юқтирилгани ҳамон сир тутилмоқда


Намойиш этилмаëтган ҳужжатли филмда асосий айб Наманган вилоят болалар шифохонаси врачлари зиммасига юкланади.
Намойиш этилмаëтган ҳужжатли филмда асосий айб Наманган вилоят болалар шифохонаси врачлари зиммасига юкланади.

Ўзбекистон телевидениеси Наманган вилояти прокуратураси буюртмасига кўра, 2008 йилнинг ноябр ойида Намангандаги бир нечта касалхонада болаларга ОИТВ вирусининг оммавий юқтирилганига доир воқеа ҳақида ҳужжатли филм тайёрлади. Ярим соатлик ҳужжатли филмда шу пайтгача расмийлар инкор қилиб келган жараëн давомида жами 147 нафар ёш болага ОИТВ вируси юқтирилгани ва воқеага алоқадор шифокорларнинг 12 нафари жиноий жавогарликка тортилгани айтилади. Бироқ негадир Ўзбекистон давлат телевидениеси томонидан суратга олинган мазкур ҳужжатли филм эфирга берилмади.


“Фарзанд доғида куйган она фарëди қалбингизни ларзага солади. Ҳали бир ëшга етиб етмаган Иззетни ҳам шаҳар болалар касалхонасига келтиришганда¸ онаизори шифокорлардан нажот кутган¸ уларга илтижо билан боққан. Афсус¸ минг афсус¸ ана шу оқ халатли шифокорларнинг қора кирдикорлари сабаб гўдак болакай ҳаëтдан кўз юмди. Қалби зардобга¸ юраги нафратга айланган она бечора эса қақшаб-қақшаб қолаверди”.

Наманган вилоят прокуратураси буюртмасига кўра олинган ҳужжатли фильм ана шундай бошланади. Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилмаган бу фильмни қўлга киритган Фарғона.ру агентлиги уни ўз интернет саҳифасида эълон қилди.

Ҳужжатли филмда, ОИТВга чалинган ва кейинчалик нобуд бўлган болалардан бирининг онаси бўлган воқеани гапириб беради.

- Бир ой давомида ëтдик болницада. Ундан кейин уйда беш-олти кун бўлиб¸ яна шифохонага ëтиб¸ “Кўпчиликдан СПИД аниқланди. Сизнинг болангизни ҳам бир текширайлик” деб бизни чақиртиришиб СПИДга анализ олишди. Кейин тушуниб қолдим что боламга СПИД касали юқиб қолганини. Унгача мен бу нарсани билмаган эдим. Мен ҳайрон қоламанда¸ неужели бу болани шу даражага олиб келган бўлса. Мана болаларнинг нечтаси шу касаллик билан касалланибди. Ҳозир бир чиройли болам йўқ¸ дейди касалланган болалардан бирининг онаси.

ОИТВ вируси юқтирилган 147 нафар боладан яна бирининг отаси касалликнинг ўғлидан турмуш ўртоғига юққани ҳақида ҳам сўзлаб беради.

- Тиш чиқиш пайтида онасининг кўкрагини озиқланиш жараëнида тишлаб¸ яра қилиб юборганлиги сабабли¸ биз докторларга учраган эдик. Улар ҳар хил мазларни суртиб туришни тавсия қилишди. Суртдик. Лекин ўша жараëннинг ўзида бола ўзи ВИЧга чалинганлиги сабабли онасини ҳам кўкраги орқлаи¸ кўкрак бези орқали озиқланиш жараëнида онасини ҳам касал қилганлииг маълум бўлди¸ дейди ОИТВ вируси юқтирилган 147 нафар болалардан яна бирининг отаси.

Намангандаги иккита касалхонада болаларга ОИТВ вируси оммавий юқтирилганига оид воқеа ҳақида 2008 йилнинг ноябрида маълум бўлган эди. Ўшанда қатор мустақил ахборот воситалари, жумладан Озодлик радиоси ҳам бу воқеани атрофлича ўрганишга ҳаракат қилган эди.

Исми сир тутилишини истаган мулозимлар бу воқеа ҳақиқатан рўй берганини тасдиқлаган бўлса-да, Ўзбекистон расмийлари Намангандаги мудҳиш воқеани бошиданоқ хаспўшлашга уринди.

2008 йилнинг ноябрида эфирга берилган "Саломатлик" дастурида, ўша пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Озодлик радиосига буларни баён қилган эди.

- Бу гапларда ҳеч қанақа асос йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида текширишлар ўтказилган. Прокурорлар томонидан қонун ижроси устидан назорат олиб борилган. Шу назорат олиб бориш натижасида жиддий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шу бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги даврда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. ОИТС касаллигига тааллуқли ҳеч қанақа фактлар аниқланмади, деган эди Бош прокуратура расмийси.

Орадан бир ярим йил ўтиб эса, Наманган воқеаси ҳақидаги ҳужжатли фильмда Наманган вилоят прокуратураси прокурори Бахтиёр Шодмонов, прокуратуранинг аввалги баёнотини инкор қилди.

- Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси томонидан Наманган вилоятида жойлашган вилоят болалар шифохонаси ҳамда шаҳар болалар шифохонасида ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида жами ушбу касалхоналарда 2007-2008 йилларда даволанган болалардан 147 нафарида ОИТС/ВИЧ касаллиги аниқланган. Бу ҳолатларга йўл қўйилишга асосий сабаблардан демак шу шифохоналарнинг бош врачлари¸ врач ўринбосарлари ҳамда бош ҳамширалар томонидан ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан ëндашиб келганликлари¸ шифохоналарда санитария ва эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя қилинмаслиги¸ мансабларига совуққонлик билан қараб келганликлари натижасида бундай ҳолатларга йўл қўйиб келинган. Мана шу касалланган 147 нафар болалардан ҳозирги кунга келиб 14 нафари вафот этган¸ деди Наманган воқеаси ҳақидаги ҳужжатли фильмда Наманган вилоят прокуратураси прокурори Бахтиёр Шодмонов.

Фильмда шунингдек, Наманган вилояти туманларидаги бир нечта амбулаторияларда болаларга ОИТВ вирусининг юқтирилгани ҳақида айтилади.

Хўш, Ўзбекистон давлат телевидениеси томонидан суратга олинган фильм нега оддиий ўзбекистонликлар ҳукмига ҳавола қилинмади? Бу савол билан “Ўзбекистон” телеканали кўрсатув ва эшиттиришларни режалаштириш бўлимига мурожаат қилдик.

Озодлик: Ўзбекистон телеканали бир филм олган экан. Наманганда болаларга ВИЧ/СПИД юқтирилгани ҳақидаги филм. Ҳозир мен бу филмни интернетда кўриб чиқдим. Бу филм Ўзбекистон телеканалида ҳали кўрсатилмади. Кўрсатилиш режалари борми ëки ....

- Унақа нарсаларни бизларда директор ҳал қилади.

Озодлик: Сизларнинг кўрсатув ва дастурларни эфирга бериш ....

- Дастурларни бизлар нима қиламиз¸ лекин директорлар¸ бош муҳаррирлар поручение бериши¸ тем более бунақа кўрсатувларни¸ ҳозир сиз айтаëтган кўрсатув СНБ нинг нарсаси бўлиши мумкин ëки қайсидир бир вазирликнинг нарсаси. Улар прямой кетади. Бизлардан пландан ташқари ҳам кириб кетиши мумкин, деди “Ўзбекистон” телеканали вакили.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг овоз ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган мулозими, мазкур ҳужжатли филм Наманган воқеасига алоқадор шахслар устидан ўтказилган суд маҳкамасида кўрсатилган. “Унинг Ўзбекистон телеканаллари экранларида кўрсатилиши эса амри маҳол, чунки телевизорда кўрсатса, ҳаммага кулги бўлиб кетадику. Шунинг учун уни кўрсатмасликка қарор қилинди”, деди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган мулозим.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТСга доир вазият жиддий қолмоқда, дейди мутахассислар.

Валерий Чернявский, Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТСга қарши кураш дастурлари учун кўп миллион долларлик грантларни ажратган Глобал Жамғарма вакили.

- Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТСга оид вазият анча жиддий бўлиб қолмоқда. Мана Намангандаги воқеа ҳақида филм олингани, лекин унинг телевидениеда кўрсатилмагани ҳақида гапиряпсиз. Менимча, бу вазиятнинг яхшиланишига ҳисса қўшмайди. Менинг билишимча, бу воқеадан кейин кўпчилик шифокорлар жиноий жавобгарликка тортилди, лекин бу жамоатчиликка ошкор қилинмади. Яъники, бошқа шифокорлар бундан сабоқ чиқармади. Аксинча, бу воқеани асос қилиб илмий анжуманлар ўтказиш, вазирликнинг махсус буйруқларини чиқариш ва шунга ўхшаш ташкилий ишларни қилиш керак эди. Бу фожиали воқеаларни хаспўшлаш ўрнига, уни жамоатчиликка ошкор қилиш, менимча, келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслигига катта ҳисса қўшган бўлар эди, дейди Глобал жамғарма вакили Валерий Чернявский.

Ўзбекистонда одам иммунитет тақчилиги вируси ва орттирилган иммунитет тақчиллиги синдроми муаммоси билан кураш мақсадларига катта маблағлар, жумладан халқаро ташкилотлар ёрдами жалб қилинган.

Хусусан, Глобал жамғарма 2004 йилда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига бундай дастурлар учун беш йилга мўлжалланган 24 миллион АҚШ долларига тенг грант берган. Ўтган йили эса мазкур ташкилот Ўзбекистон ҳукуматига яна 80 миллион АҚШ долларига тенг грант ажратди.
XS
SM
MD
LG