Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Ўрикзорда нотинчлик: Карвон бозор бошлиқлари қамоқда


Ўзбекистондаги энг катта савдо мажмуаси ҳисобланадиган Тошкентдаги “Карвон бозори” раҳбарларидан 52 нафари савдо қоидаларини бузиш ва катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилишда айбланиб ҳибсга олинган¸ 19 мулозимга эса қидирув эълон қилинган.

Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани Ўрикзор даҳасида жойлашган Карвон бозори Ўзбекистондаги энг йирик улгуржи бозорлардан бири ҳисобланади. Ўрикзор даҳасида жойлашгани учун¸ оддий халқ бу бозорни “Ўрикзор” номи билан атайди.

Нафақат тошкентликлар балки мамлакатнинг барча ҳудудларида яшовчи аҳолининг Карвон бозорга келиб, савдо қилиши кузатилади. Бозор харидорлари орасида оддий аҳолидан ташқари кичик фирма ва дўкон соҳибларигача топилади.

Тошкент шаҳрида яшовчи Расулбекнинг айтишича, Карвон бозоридан маҳаллий товарлардан тортиб, исталган импорт маҳсулотни топиш мумкин.

- Карвон бозорда ҳамма ëқ бор. Катталигини ҳисобга олсак¸ қанчалигини айтиб бера олмайманку¸ жуда катта лекин. Битта нарса билан чегараланиб қолмаган. Озиқ-овқат дейсизми¸ қурилиш материали дейсизми¸ кийим-кечак дейсизми – ҳаммаси бор. Ўзига яраша катта бозор. Озиқ-овқат дейсизми¸ қурилиш материаллари дейсизми – улгуржи сотиладиган жой Ўрикзор бозори ҳисобланади. Областнинг магазинчилари борми¸ бошқалари борми¸ ҳаммаси Ўрикзорга келиб товарини олиб кетади. Нарх-навоси оптом бўлганлиги учун бошқа бозорларга қараганда анчагина арзон, дейди Расулбек.

Тошкентлик тадбиркор Шораҳмат Аҳроров Карвон бозорининг катталигини бозордан тушадиган тушум пулининг кўплигидан ҳам билиш мумкинлигини айтади.

Шораҳмат Аҳроров: Оборот жуда катта. Тушум жуда катта. Мана давлатга миллиардлаб пул туширилмаган¸ деган гаплар юрибди. Налогдан бош тортган дейди¸ ер солиғидан бош тортган дейди. Миллиардлаб дейишаяпти. Бир эшитдик бир юз неччидир миллиард деб, яна бир эшитдик 47 миллиард деб. Энди бунинг аниғини Худо билади.

Озодлик: Бу сўмдами?

- Албатта сўмда. Шунақа ҳолатлар ҳам бор дейишди. Терговчилар билади энди. Мен бир нарса дея олмайман, дейди Шораҳмат Аҳроров.

Шораҳмат Аҳроров тергов сўзини тилга олиб, катта миқдордаги тушум пуллари ўзлаштирилганлигини ҳам айтиб ўтди. У суҳбатимиз давомида бунга аниқлик киритиб, айни пайтда Карвон бозорининг кўплаб мулозимлари ҳибсга олинганини билдирди.

Шораҳмат Аҳроров: Яқинда хўжалик судида¸ Карвон бозорининг юристини учратдим. Каримов Обид деган. У ҳам қамалган эди¸ лекин бир ҳафтага чиқариб юборибди. Ўша куни хўжалик судига у келган эди. Гаплашдик. Сўрасам¸ “Ҳозирча 52 киши. Қамоқда 52 киши ëтибди. Яна қанчаси қочувда” деди.

Озодлик: Демак¸ бир нечаси қочиб ҳам кетишган.

Шораҳмат Аҳроров: Ҳа¸ энди бўлиши мумкин. Кимлардир қочган бўлса керак. Мен “Кимлар қамалди?” деб сўрамадим. Иккита-учтасини конкретно биламан. Қолганларини билмайман. Кимлар қочганига мен қизиққаним ҳам йўқ¸ сўраганим ҳам йўқ.

Озодлик: Сиз билганингиз кимлар қамоқда?

- Мен билганим Раҳимов қамоқда¸ Пўлатов Нодир дегани қамоқда¸ яна биттаси Акилов Ҳабибулло дегани қамоқда, деди Шораҳмат Аҳроров.

Озодлик манбаларига кўра, айни пайтда Карвон бозори бўйича 19 кишига нисбатан қидирув эълон қилинган. Улар орасида бозорнинг юқори лавозимли амалдорлари ҳам борлиги, улар ҳибсга олишлар бошланишидан аввал қочиб улгурганликлари айтилади.

Тадбиркор Шораҳмат акага кўра, у Карвон бозори ҳудудида катта бир чойхона қуриб битказгану, уни расмийлаштиришга келганда бозор раҳбарлари томонидан бўлган тўсиқларга дуч келган. Айни шу борада бозор маъмурияти билан судлашиб келаётган Шораҳмат Аҳроров Карвон бозорининг мулозимлари билан боғлиқ тергов жараёнида гувоҳ сифатида иштирок этаяпти.

- Бу иш билан Республика прокуратураси шуғулланаяпти. Тергов бўйича мен ҳам бориб келдим. Бўлган воқеани суриштиришди. Ҳужжатларнинг ҳаммасини олиб бориб бердим. Уч марта бориб келдим. Учаласида ҳам “Ака¸ яхши бўлади. Сиз ҳам буларнинг найрангига учиб қурбон бўлибсиз” дейишди. Мен “Нима қилай шунақа бўлди” дедим. Ўзим қурган объектни ҳужжатлаштиришга келганда¸ тўсқинлик бўлди. Кейинчалик мен тушундим бу Карвон бозордан уюштирилган экан. Раҳимов буйруқ берган экан. У Карвон бозорнинг биринчи муовини ҳисобланади. Уларнинг қўли узун¸ бойвачча¸ ишимни тўхтатиб ўтказмаган экан. Хотя қонуний нарса талаб қилинган эди. Менинг ўзимнинг шахсий маблағимга қурилган жуда катта комплекс эди. Тўртта девор тиклаб¸ ойна қўйиб¸ ичига самовар олиб кириб қўйилган чойхона эмас. Бутун топганларимнинг ҳаммаси шу ëққа кетган эди. Бу маҳалладаги оддий кичкина чойхона эмас. Зона отдых¸ дачадай қилиниб¸ жуда чиройли бўлган эди, дейди Шораҳмат Аҳроров.

Карвон бозори очиқ акциядорлик жамияти сифатида фаолият юритган. Бозор бошқарув раиси Нодир Пўлатов, бошқарув раисининг ўринбосари Равшан Раҳимов, кузатув кенгаши раиси Дмитрий Лим бўлган.

Карвон бозори мулозимларининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни бевосита кузатиб келаётган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ушбу бозор ҳукумат доирасидаги шахсларга қарашлидир.

- Бозорнинг кришаси корейс фуқароси Дмитрий Лим. У Ўзбекистондаги саноқли бойлар тоифасига кирадиган жуда катта тадбиркорлардан биттаси. Карвон бозор нафақат Тошкентда балки Ўрта Осиëдаги энг катта бозорлардан биттаси. Ҳозир айсбергнинг кўриниб турган учи ўша Дмитрий Лим мисолида Ўрикзор бозорини тушунишади. Лекин айсбергнинг ичкари томони ҳукумат раҳбарларига бориб тақалса керак. Чунки бу ерда жуда катта маблағ айланмалари бор. Ҳозирги текширувларда “Абу-Саҳий яъни Каримовнинг қизининг доираси кенгайиб бораяпти ва Ўрикзор бозорини ҳам олмоқчи. Шунинг учун бу текширувлар бошланган” деган гап-сўзлар юрибди. Буни асослайдиган исботлар¸ далиллар қўлимизда йўқ, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Тошкентлик бошқа бир журналист Абдуманнон Холжўраев Карвон бозорининг бошқа бир эгасини тилга олади.

- Корейс у фақат ижрочи. Аслида булар ҳаммаси Мираброр Усмоновга тегишли. Ҳар қалай четдан туриб бўлса ҳам ўша одам бошқаради. Асосан бошқарувчиси Мираброр Усмонов бўлади, дейди Абдуманнон Холжўраев.

Карвон бозори мулозимлари билан яхши таниш бўлган тадбиркор Шораҳмат Аҳроров ҳам бозор бошқарув раиси Нодир Пўлатов бўлса ҳам аслида бозорнинг эгаси бошқа одам бўлганини айтади.

- Нодир Пўлатов. Бу правлениенинг раиси эди. У у ерда қўғирчоқ эди. Бирор бир масалани унинг ўзи икки дунëда ҳам ҳал қилган эмас. Унинг ҳуқуқи йўқ эди. Фақат подставное лицо эди, дейди Шораҳмат Аҳроров.

Аксар кузатувчилар фикрича, Карвон бозори раҳбарларини ҳибсга олиш билан боғлиқ воқеалар айнан Гулнора Каримова, Мираброр Усмонов ёки бозорга эгалик қилиш истагида бўлган яна кимлардир ўртасидаги ўзаро кураш белгисидир.

Айни пайтда Карвон бозори мулозимлари билан боғлиқ тергов жараёнини Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб бораяпти. Тергов тафсилотлари борасида Бош прокуратурадан бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Карвон бозори мулозимларига нисбатан савдо қоидаларини бузиш, катта миқтордаги маблағни талон-тарож қилиш, мансаб ваколатини суистемол қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилган.
XS
SM
MD
LG