Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:56

"Тонгдан шомга қадар алаҳлаш"


Умида Аҳмедова ўз бадиий суратлари билан Ўзбекистон тепасидагилар ҳарчанд ëпишга уринаëтган қишлоқлардаги қашшоқлик манзараси этагини очиб қўйди...
Умида Аҳмедова ўз бадиий суратлари билан Ўзбекистон тепасидагилар ҳарчанд ëпишга уринаëтган қишлоқлардаги қашшоқлик манзараси этагини очиб қўйди...

Умида Аҳмедовани бадиий суратлари ва ҳужжатли филми учун халққа туҳмат ва ҳақорат қилганлик каби тутуриқсиз айбда айбдор деб топиш орқали Тошкентдагилар¸ Умида Аҳмедова ижодининг дунë бўйлаб олқишланишига¸ ўз сиëсатларининг эса¸ яна бир бор қораланишига ўзлари замин яратдилар.

"Фотосуратларда расмийлар туҳмат кўрмоқда, санъат аҳли эса цензурани"

Бу - Нью-Йорк Таймс газетасининг 11 феврал сонида босилган мақола сарлавҳаси. Океан ортида нашр этиладиган бу нуфузли газета келтирганимиз сарлавҳа остида ўзбекистонлик кинооператор ва фоторассомнинг кўргиликлари тўғрисида ёзди.

Суратга олган фильми ва фотографиялари учун судланган Умида Аҳмедова тўғрисида гапирган радио, кўрсатган телевидение, ёзган газеталарнинг саноғи жуда кўпайиб кетди.

Умида Аҳмедовани, устидан жиноят иши очилгунича ҳам, кино ва фото санъати аҳли профессионал сифатида яхши танир эди.

Бироқ бошига иш тушганидан сўнг у ҳақда билган ҳам билди, билмаган ҳам.

Google излаш тизимига шу кунда "Умида", деб ёзишингиз биланоқ экраннинг биринчи сатрига дарҳол "Умида Аҳмедова" деган ёзув чиқади.

Google кўрсатаётган рақамларга қараганда, "Умида Аҳмедова" деган исм бутун интертармоқда қарийб 150 минг марта тилга олинган.

Умиданинг тергов қилинганию судлангани ҳақида инглизлардан тортиб французларгача, немислардан тортиб туркларгача, болгарлардан тортиб русларгача ёзди, ёзмоқда, ва афтидан, ҳали яна ёзади.

"Умида Аҳмедованинг фотографиялари юракни сиқувчи қашшоқлик шароитида ҳам табассум қила оладиган ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаётини кўрсатади", деб ўқидик Франция халқаро радиосининг мавзу юзасидан эълон қилган хабарида.

"Ўзбекистон расмийлари фотографнинг ўз мамлакати ва ўз халқига ҳаққоний ва очиқ-ойдин назарини жиноят сифатида таъқиб қилишни ўзига муносиб кўрди. Бироқ бу воқеани на Ўзбекистоннинг ички иши, на Умида Аҳмедованинг шахсий муаммоси, деб бўлади", деб ёзди Фотографер РУ сайти.

Нью-Йорк Таймс газетаси ўзининг 11 феврал кунги сонида:

"Ўзбекистон маъмурлари сўнгги йилларда, юзлаб кишининг ёстиғини қуритган Андижон воқеалари тўғрисида очиқ сиёсий мотивли қўшиқлар ёзган Дадахон Хасановдай санъаткорларни таъқиб қилган эди", деб эслар экан, эндиликда Умида Аҳмедовадай сиёсатдан узоқ санъаткорларни таъқиб қила бошлаганини таъкидлаб ўтди.

"Ўзбекистон маъмурлари журналистларга қарши ҳужумга ўтди". Бу – ўзбекистонликлар учун яхши таниш "Комсомольская правда" газетасининг 10 феврал кунги сонидаги сарлавҳалардан бири.

Газета ўзбекистонлик экспертларнинг Умиданинг фотосуратлари тўғрисида ёзиб берган хулосаларини назарда тутиб бундай деб ёзди:

"Умида Аҳмедова билан боғлиқ воқеадан 1937 йилги қатағонларнинг қўланса ҳиди анқиб турибди. Ўшанда кўплаб ўзбек адиблари ва санъаткорлари ижоди юзасидан ҳам бугунги кунда фотожурналистга битилгандай хулосалар ёзилган эди".

Шу ўринда газета сайтига унинг муштарийларидан келган шарҳлардан ҳам бир-иккитасини келтирмоқчимиз.

"Бундай ҳолат ўнлаб йиллардан бери қўшни Туркманистонда кузатилмоқда. Лекин бу билан бировнинг иши йўқ", деб бир муштарий ёзса, яна бири "Журналистнинг ҳаққоний назари керакмас, иқтисодиёт керакмас экан, балки буларни тақиқлаётган ҳокимиятнинг кераги йўқдир" деган савол қўйган. Яна бир муштарий эса, ўзбеклар янаям шукур қилсин, журналистларни Россиядагига ўхшаб ўлдириб кетишмаяптию, деб таскин берган.

Ўзбекистон маъмурлари Умида Аҳмедовани таъқиб қилиш билан унинг ижодига қизиқишни кескин кучайтриб юборишлари мумкинлигини ўйлаб кўрмаган ҳам бўлсалар керак.

Нижний Новгород шаҳридаги Рус фотография музейи 19 январь куни фотопублицист Умида Аҳмедова ишлари кўргазмасини очди.

15 февралдан 27 февралгача эса, фоторассомнинг кўргазмаси Беларус пойтахтида очилади.

Нижний Новгороддаги кўргазма ҳам, Минскдаги кўргазма ҳам бир хил: "Аёл ва эркак: тонгдан шомга қадар", деб номланади.

Бугунги матбуот шарҳимизга шу ерда сўнгги нуқта қўямиз, деб турганимизда кўзимиз яна бир материалга тушиб қолди.

Умида Аҳмедованинг кўргиликлари тўғрисидаги материалини Россияда чиқадиган "Новая газета" мана бундай сарлавҳалабди: "Тонгдан шомга қадар алаҳлаш".

Бу сарлавҳадан кейин остсарлавҳа берилган: "Ўзбекистонлик фотограф Умида Аҳмедова ватанига муҳаббати учун қамалиб кетиши мумкин".

10 феврал куни Ўзбекистон суди фотографни қамамади. Қамамадию айбдор, деб топди.

Бугун тилга олганимиз ахборот воситаларининг фикрича, "ватанига муҳаббати учун" айбдор, деб топди.
XS
SM
MD
LG