Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Наманганликлар фарзандларини эмлатишдан чўчиб қолган


Намангандаги манбаларнинг маълум қилишларича, ўтган йили ОИТВ аниқланган қирқ гўдакнинг ҳаммаси шу кунда соғ-омонлар.
Намангандаги манбаларнинг маълум қилишларича, ўтган йили ОИТВ аниқланган қирқ гўдакнинг ҳаммаси шу кунда соғ-омонлар.

ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан Озодлик радиоси ўтган йил кузида Наманганда ОИТВ юқтириб олган 40 гўдак тақдири билан қизиқиб, мазкур иш юзасидан ўнга яқин шахснинг жиноий жавобгарликка тортилганини аниқлади.

2008 йилнинг ноябр ойида Наманган вилоятида 40 дан зиёд гўдакнинг ёппасига одам иммунтанқислиги вирусига чалингани ҳақида хабар тарқалган эди.

Намангандаги мустақил манбанинг Озодликка хабар қилишича, бу гўдакларга ОИТВ юқишида айбдор шахслар маҳкамага тортилган.

- Наманган вилоятида ўтган йили болалар шифохонасида қон қуйиш ишларида қандайдир хатоликларга йўл қўйилиб, болаларга ВИЧ инфекцияси юқтирилган. Ўша туфайли вилоят соғлиқни сақлаш бўлимининг бошлиғи Ваққосов¸ шу билан биргаликда, қон қуйиш ишларида маъсул бўлган саккиз шифокорга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, маҳкамада жавоб беришган. Бу аниқ - улар судга тортилиб, жавоб беришган, деди мустақил манба.

Намангандаги шифохоналардан бирининг мутасаддисига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари болаларга ОИТВ, асосан, қон қўйиш жараёнида юққани ҳақидаги тахминни илгари суришган.

- Прокуратура ходимлари бу бўйича шифохоналарни роса текшириб ўргандилар. Кўпроқ қон билан алоқада бўлган ëки мускул орасига эмас, вена ичига қилинган муолажалардан, деган тахмин бўлган-да. Бу ерда аниқ шундан юқтирди, деган мулоҳазага ҳам келингани йўқ. Жазо қўлланганда ҳам “қон билан контактда бўлган, ундан юққан бўлиши мумкин ëки боладан онага юққан ëки онадан болага юққан” деган нарсалар қўйилган назорат органлари томонидан, деди суҳбатдош.

Ушбу мутасаддининг билдиришича, касаллик аниқланган қирқдан зиёд бола ўтган уч йил давомида вилоятнинг шифохоналарда турли касалликлар билан ётиб даволанган.

- Ўшанда бундай бўлган: битта-иккита болада ОИТВ инфекцияси аниқланган¸ 2006-2007-2008 йиллар давомида қайсидир шифохонада даволанган болалардан анализ олинган пайтда ўша нарса аниқланган. Аниқланган нарсанинг ҳали клиникаси намоëн бўлмаган. Лекин анализи мусбат чиққан. Ҳозирги кунга келиб даволанаëтганлар кам. Битта-иккита учраб турибди. 40 ëки 40 нафардан ортиқ боланинг ҳаммаси келиб даволаниб ëки касаллик вирусининг синдроми бўйича ҳали намоëн бўлмаган ҳолатлар бор. Анализи яхши чиққан болаларда ҳам ҳеч қандай клиникаси пайдо бўлмаган, деди Намангандаги шифохоналардан бирининг мутасаддиси.

Ушбу воқеадан кейин наманганлик ота-оналар фарзандларининг тоби қочганда шифохонага ётқизишдан қўрқиб қолишган.

Наманганлик бир келинчакнинг айтишича, ҳозир одамлар ҳатто болаларини эмлатишдан ҳам чўчишади.

- Поликлиникага борсак¸ “Сардобада тўрт ëшли бола СПИД бўлиб қолибди¸ эҳтиëт бўлинглар”, деб аëллар бир-бирига гапиришаяпти. “Укол орқали ўтиши мумкин¸ роса эҳтиëт бўлинглар” деган гап айтишди, дейди наманганлик аёл.

Бошқа бир суҳбатдош эса гўдакларга ёппасига ОИТВ юқиш ҳолатидан кейин вилоят шифохоналарида қон қўйиш муолажалари ҳам тўхтатилганлигини айтади.

- Ҳозирда умуман ҳар қандай касалликларга қон қуйиш ишлари вилоят миқëсида мутлақо тўхтатилган. Қон қуйиладиган бўлса¸ оғир ҳолатлардагина ўта ишончли донорларнинг қонидан қуйилади, дейди наманганлик суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда бўлган наманганлик тиббиёт мутасаддиси эса ваҳима қилишга асос йўқлигини, чунки ўтган йилдан буён Наманган вилояти бўйича болаларда одам иммунтанқислиги вируси бўйича ҳолат аниқланмаганини айтади.

- 2006 йилда даволанган болаларда ҳамда 2007 йилнинг ўртасида даволаниш пайтида бу ҳолат аниқланган, холос. Янги ëтган болаларда унақа ҳолат бўлгани йўқ, деди тиббиёт мутасаддиси.

Айни пайтда ОИТВ аниқланган қирқдан зиёд наманганлик боланинг тақдири юзасидан Наманган вилоят ОИТС маркази ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан бирор маълумот олиб бўлмади.

Аниқлаганимиз шу бўлдики, касалликка чалинган болалар орасида ўлим ҳолати кузатилмаган. Улар уй шароитларида даволанишни давом эттираяптилар.
XS
SM
MD
LG