Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:42

Майор фақат Путинга ишонади


Фақат Бош вазир Путин билан гаплашишини таъкидлаëтган Алексей Димовский¸ 10 ноябр куни Москвада матбуот анжумани ўтказди.
Фақат Бош вазир Путин билан гаплашишини таъкидлаëтган Алексей Димовский¸ 10 ноябр куни Москвада матбуот анжумани ўтказди.

Россияда Алексей Димовский бошлаган машмаша қизиб бормоқда. Милиция тизимидаги жиноятларни фош этиш даъвоси билан чиққан майорнинг¸ Путин ва Медведев ўртасидаги гизли кураш саҳнасидаги навбатдаги ўйинчи экани тахмин этилмоқда.

Димовскийнинг пластик банк карточкаси музлатиб қўйилди, мобил телефони блок қилинди. Аэропортга кетаверишда у ҳибсга олинди ва самолётга билет олишга муваффақ бўлмади.

Бироқ бундай тўсиқларга қарамасдан Новороссийск шаҳар милицияси майори бўлган Алексей Димовский 10 ноябр куни Москвага етиб келди ва милиция тизимидаги қабиҳ ишларни фош этиш кампаниясини давом эттирди. Димовский ўз раҳбарларининг кирдикорларини очиб ташловчи ўзаро суҳбатларни ёзиб олганини айтади.

- Менда 150 соатлик аудиоёзувлар бор. Мен сизларга ўртоқларим берган бир нарсани кўрсатмоқчиман. Мана бу ёзув аппарати 150 соат суҳбатни ёзиб олишга қодир. Батареяси 90 соатга етади. Мен уни ёнимда олиб юрганман ва керагида ҳамма нарсани ёзиб юрганман¸ дейди Димовский.

Димовский ёзиб олган суҳбатларнинг Новороссийск милицияси раҳбариятининг бегуноҳ одамларни ҳибсга олиш ҳақда буйруқ бергани, милиция ходимларининг одамларга наркотик моддалар ташлаб қўйгани ва улардан пора талаб этганини исботлаши айтилмоқда.

Аввалроқ Димовский интернетдаги YouTube сайтида икки видео мурожаатини жойлаштирди. Минглаб одам томоша қилган бу мурожаатларда у жиноий ишларнинг милиция томонидан мунтазам қалбакилаштирилаётгани ва бегуноҳ одамларнинг қамоқларга ташланаëтгани ҳақида гапирган. Шундан сўнг Димовский ўз ҳамкасбларига туҳмат қилишда айбланиб¸ ишдан ҳайдалди.

Димовскийнинг бевосита ўз раҳбари билан телефон сўзлашуви акс эттирилган учинчи видеоёзувда ўзининг нима сабаб бу ишга қўл ураётганини тушунтиради.

Видеоëзувларнинг Россияда милиция куни нишонланиши арафасида пайдо бўлгани¸ Димовский мурожаатларига нисбатан жамоатчилик эътиборини янада кучайтирди.

Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев сешанба кунги телемурожаатида Димовский даъволарини тан олгандай бўлди. Унинг айтишича, қонун бузилиши ҳолатлари бўйича милиция ходимлари жамоатчилик билан мулоқотга киришиши керак.

- Афсуски, милиция ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш, ўз ҳимояси остида бўлиши лозим бўлган одамларга нисбатан бефарқлик ва беодоблик кўрсатиш ҳолатлари бор. Милиция зобити фақат ўзининг фуқаролар, жамият ва давлатга кўрсатаётган хизматининг аҳамиятини англаб етсагина¸ унинг иши ҳурматга сазовор бўлади¸ деди Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев.

“Левада” ижтимоий-сийсий тадқиқотлар маркази раҳбари Борис Дубиннинг айтишича, россияликларнинг учдан икки қисми милицияга ишонмайди¸ 64 фоизи эса уларнинг ишини салбий баҳолайди. Милицияга нисбатан ишончсизлик қўрқув билан қоришиб кетган, дейди Дубин.

- Жамиятимиз безори ва ўғрилардан кўра кўпроқ милициядан кўрқади. Россияликлар милициядан кўра фақатгина террорчилардан кўпроқ қўрқишади¸ дейди бу таҳлилчи.

Дубинга кўра, милиция ходимларининг ойликлари паст бўлганлиги учун жамиятда улар беқарор бир мақомга эга. Апрел ойидан буён Россия милиция ходимлари жиддий сиқув остига олинган. Бунга эса Москва милицияси зобити Денис Евсюковнинг маст ҳолда шаҳар супермаркетларидан бирида отишма уюштиргани сабаб бўлди. Ушбу воқеадан бири неча кун ўтгач¸ президент Медведев Москва шаҳар Ишчи ишлар бошқармаси бошлиғини ишдан бўшатишга қарор қилди.

Май ойида Россия Олий суди раҳбари Вячесав Лебедев ва Адлия вазири Александр Коновалов Россия Ички ишлар вазирлигини энг коррупциялашган идора сифатида алоҳида тилга олди.

Октябр ойида Бурятия Ички ишлар вазири Виктор Сюсюра ва унинг ўринбосари заргарлик буюмларини контрабанда қилишда айбланиб ҳибсга олинди. Шунингдек¸ шу ойда президент Медведев Тува област милицияси раҳбари Виктор Лесникни ишдан бўшатди. Бунга Тува милиционерининг аввал ўз ҳамкасбини кейин ўзини отиб ташлагани сабаб бўлди.

Майор Димовскийнинг милицияни фош этиш таклифи билан чиқаётгани Кремлда Бош вазир Путин доирасига кирувчи “силовиклар” ва президент Медведев тарафдорлари бўлган технократлар ўртасида кураш авж олган паллага тўғри келмоқда. Хавфсизлик хизматлари фаолиятини ёритувчи агентура.ру сайти бош муҳаррири Андрей Солдатовнинг айтишича, Димовскийнинг айбловлари Кремл ичкарисида бораётган сиёсий кураш оловига мой қуйгандай бўлди.

- Мана шу воқеага эътибор кучайгандан кўриниб турибдики, Ички ишлар вазирлигини танқид қилишга қаратилган қандайдир юқоридан санкциялаштирилган кампания бор. Майорнинг чиқишлари эса, мана шу умумий компаниянинг бир қисми бўлса ажаб эмас¸ дейди Андрей Солдатов.

9 ноябр куни Краснодар шаҳрида ўтказилган матбуот анжумани давомида Димовский ўзининг кузатув остида эканини ва ўз оиласининг тақдиридан хавотирда эканини айтди. Ўзининг Москвага қараб йўлга чиқаётганини маълум қилган милиция майори ўз иддаоларини тасдиқловчи материалларни фақат Бош вазир Путинга топширишини алоҳида таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG