Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Наманган олийгоҳида норозилар кўпаймоқда


Озодликка мурожаат қилган домлалар¸ университетдаги таълим сифатининг ўта ночорлиги учун ректорни айблашди.
Озодликка мурожаат қилган домлалар¸ университетдаги таълим сифатининг ўта ночорлиги учун ректорни айблашди.

Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги порахўрлик ва таниш-билишчиликнинг авжга чиққани ҳақда кўп гапирилади. Озодликка қилинган мурожаат¸ ана шу манзарага аниқ тафсилот ва аниқ чизгилар қўшади.

Озодлик радиоси таҳририятига Наманган Давлат университетининг бир неча нафар ўқитувчиларидан шикоят аризаси тушди.

Фан номзоди ва докторлари бўлган ўқитувчилар университитетда таълим сифати пасайиб кетгани, университет ректори жамоада диктаторлик тузуми ўрнатгани, малакали ўқитувчилар ўз вазифаларидан четлаштирилгани ҳамда ўқув даргоҳида ошна-оғайнигарчилик авж олганидан ташвиш билдирдилар.

Наманган Давлат университети домлаларининг айтишларича, ректор Йўлдош Раҳимовни Тошкентда “шеф”, Наманганда эса “босс” деб аташади.

Мурожаат қилганларга кўра¸ Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Азимжон Парпиевнинг яқин одамларидан бири деб айтилаётган Йўлдош Раҳимов университетда мутлақ якка ҳокимлик ўрнатган, унинг ноқонуний ишларига қарши борган ўқитувчиларни ишдан бўшатган, илмий салоҳияти бўлмаган ўқитувчиларни катта вазифаларга қўйган.

Бу ҳақда филология фанлари доктори, профессор Неъматжон Отажонов шундай дейди:

- Бирданига яқин уч йил ичида администрацияда турли лавозимларда ишлаб келаëтган 20 нафардан ортиқ проректор турли хил баҳоналар билан ўз лавозимларидан бўшатилди¸ бошқа ишга ўтказилди.

Ходимлар қўнимсизлиги масаласи жуда ëмон тусга кирди. Бу жараëн ўқув бўлимида¸ деканлар фаолиятида давом этди. Биргина математика факультетида уч йилнинг ичида етти марта декан алмаштирилди¸ дейди профессор Неъматжон Отажонов.

Биология фанлари номзоди, доцент Алижон Обидов:

- Университетда илмий салоҳият дейиладиган нарса бор. Кафедранинг илмий унвонга эга бўлган ўқитувчилари 60 фоиздан ортиқ бўлса¸ бизда тескариси. Кимнинг таниш-билиши бўлса¸ судраб олиб келган. Улар ҳақиқий лекция ўта олмаса ҳам лекция ва ўқув ишлари ўшаларнинг қўлида қолди.

Ҳатто Ўзбекистон бўйича китоб ëзган Тожибоев деган домлани уришиб¸ спорт факультетига ўтказиб юборди. Ўсимликлар бўйича мутахассис йўқ бўлган бир пайтда¸ бу киши спортда гимнастика¸ гигиена деган дарсларни бериб юрибди.

Ҳеч ким бунга қайғурмайди. Мен бу масалани ҳам кўндаланг қўйганман. Ўтказаман деган эди¸ уч йилдан бери ўтказмайди¸ дейди доцент Алижон Обидов.

Математика фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Бадаловнинг сўзларига кўра, 2006-2007 йилларда университетга пландан ташқари минглаб студентлар қабул қилинган. Натижада, ўқитувчиларнинг ва аудиторияларнинг етмаслиги сабаб таълим сифати кескин камайиб кетди:

- Раҳбар сифатида тайëрланаëтган мутахассисларнинг на сони¸ на сифати ҳақида чуқур таҳлилга эга бўлмасдан туриб¸ қўшимча қабулга имкон яратиш ҳоллари фаолиятларида учраб туради.

Масалан¸ биология факультетида бор-йўғи тўртта биологимиз ишлайди. Мисол учун¸ 25 та қабул эълон қилинади. Олинаëтганлар сони эса 175 тагача¸ дейди математика фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Бадалов.

Доцент Алижон Обидов ҳам бу гапларни тасдиқлайди. Унинг айтишича, ҳатто 4- курс талабалари орасида микроскопни билмайдиган талабалар бор:

- Биринчидан¸ кейинги уч йил давомида ректор ҳеч қандай лекция ва амалий машғулотларнинг сифатига умуман эътибор бердирмади¸ текширмади ҳам. Таҳлиллари йўқ¸ лаборатория ишлари деярли бўлмайди. Ўқув лабораторияларининг ўзи йўқ.

Мен ректорнинг олдига икки-уч марта кириб бу масалани қўйганман. Бўлади¸ дейди¸ шу билан йўқ. Ҳозиргача илмий лаборатория у ëқда турсин¸ ўқув лабораторияси йўқ.

Шунинг учун болалардаги савия¸ билим ниҳоятда кам. Ўқиëтган болаларнинг ўзи ҳам шунга ўрганиб бўлган. Тўртинчи курсда микроскопни кўрсатиб бера олмайдиган талабалар бор. Биринчи курсларни айтиб ўтирмайлик¸ дейди Алижон Обидов.

Апрел ойида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Мирмуҳсин Акбаровнинг қўлга олинганлиги ва тергов бераётгани ҳақида хабар берган эдик.

Мирмуҳсин Акбаров вазирликда катта даромад келтирадиган тизимни жорий қилган, яъни олий ўқув ва ўрта билим юртларида қўшимча гуруҳлар очтирган ва бу тизим бутун республика олий ўқув юртларида жорий қилинган эди.

Профессор Неъматжон Отажонов ҳам ректор-проректор-Мирмуҳсин Акбаров ўртасида боғлиқлик борлигини айтади:

- Бу ишларни амалга оширишда Аҳмадали Машраббоев деган доцент йигит Мирмуҳсин Акбаров билан ўртачиликни бошлаб юборгандан кейин бирданига иқтисодиëт проректори лавозимига ўтди. Бундан кейин ҳар бир шахснинг устидан ишлар ëмонлаша бошлади¸ дейди профессор Неъматжон Отажонов

Университетга қўшимча талабалар қабул қилинишга балки эҳтиёж бордир, балки мактабларда ўқитувчилар етишмаётгандир, деб сўраймиз доцент Алижон Обидовдан:

- 180 та эмас¸ 50 нафар болани ҳам жойлаш қийин. Ҳеч қандай эҳтиëжсиз олинган. Халқнинг болалари¸ халқнинг тақдири билан ўйнашилган.

Вилоят халқ таълими бўлимидан “Нечта одам керак” деб сўрасин. 180 та керак деб жойлаб берса мен қўйил қоламан. 20 та ҳам жойлаб бера олмайди. Улар манфаатдорлик нуқтаи назаридан керагидан ортиқ олишган¸ дейди Алижон Обидов.

Профессор Неъматжон Отажонов сўзларига кўра, илгари порахўрлиги учун судланган одамлар университетга жалб қилиниб уларга иш берилаяптию, лекин оддий илм одамлари ишдан четлаштирилмоқда:

- Университетда жиноятчилик жуда катта томир отиб кетган. Лавозимларидан қувилган одамларнинг жуда кўпи судланган.

Юрист судя бўлган. Суддан қамалган¸ чиққандан кейин ўқитувчиликка ўтган.

Ўша факультетда Акаева Махфиратхон дегани болалардан пул йиғиб порахўрлик қилгани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Чиққандан кейин оқланиб¸ яна ўша ерда махсус ўқитувчи.

Бунақа судланганлар университетларда лавозимда ишлаяпти. Ачинарлиси¸ ўзининг ишини яхши биладиган билимли профессорлар¸ фан номзодлари турли йўллар билан четлатилаяпти¸ дейди профессор Неъматжон Отажонов.

Биз домлаларнинг бу эътирозларига муносабат олиш учун университет ректори Йўлдош Раҳимов билан боғландик:

Йўлдош Раҳимов: Ало.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

Йўлдош Раҳимов: Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Яхшимисиз? Менга домла Раҳимов керак эди.

Йўлдош Раҳимов: Эшитаман.

Озодлик: Мен Садриддин¸ Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Бир неча кундан бери телефон қилиб топа олмаëтган эдик. Бир-иккита саволлар бор эди. Шунга сиз билан гаплашмоқчи эдим.

Йўлдош Раҳимов: Яхши¸ эртага соат 10 ларда ишхонага келинг¸ гаплашамиз.

Озодлик: Домла мен Прагадаман.

Йўлдош Раҳимов: Мен телефон орқали маълумот бера олмайман.

Озодлик: Ариза сизнинг устингизданда. Шунга сизнинг фикрингизни¸ муносабатингизни олмоқчиман.

- Нима масала? Мен телефон орқали маълумот бера олмайман. Мен юзма-юз бераман. Саломат бўлинг¸ деди ва гўшакни қўйиб қўйди.

Университет домлаларининг айтишларича, олийгоҳдаги аҳвол жуда ҳам ташвишли. Улар бу ҳақда бир неча бор Олий таълим вазирлигига, Президент девонига ҳам мурожаат қилдилар. Лекин уларнинг арзига ҳеч ким жавоб бермаяпти.
XS
SM
MD
LG