Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:00

Ўзбеклар фаоллашадиган бўлди


Тожикистондаги ўзбеклар жамияти¸ совет давридан буëн¸ мамлакатдаги этник ўзбекларнинг ўз маданий-миллий қиëфасини сақлаб қолишига ëрдам беришни мақсад қилиб келаëтир.
Тожикистондаги ўзбеклар жамияти¸ совет давридан буëн¸ мамлакатдаги этник ўзбекларнинг ўз маданий-миллий қиëфасини сақлаб қолишига ëрдам беришни мақсад қилиб келаëтир.

Ички низолар сабаб фалаж бўлиб қолган Тожикистондаги ўзбеклар жамияти¸ куни-кеча ўтказилган йиғин хулосасига кўра¸ ижтимоий ва маданий жабҳадаги фаолиятини қайта тиклайдиган бўлди.

Бу тадбирда жамиятнинг янги раиси этиб тайинланган Шавкат Бадалов бугунги кунда бир миллионга яқин тожикистонлик ўзбеклар ижтимоий-иқтисодий-маданий, қолаверса, сиёсий муаммоларга ечим топиш учун бирлашиши зарурлигини таъкидлайди.

- Жамиятимизни қайта тиклашдан мақсад¸ аввало тожикистонлик ўзбекларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий муаммоларига ечим топиш учун кўмаклашиш. Сўнгра ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига ҳисса қўшишдир, дейди Тожикистондаги ўзбеклар жамиятининг янги раиси Шавкат Бадалов.

Унга кўра, жамият олдида турган ишлар, тузилган режаларни амалга ошириш осон эмас.

- Аммо биз кўпчиликмиз, ниятимиз холис ва кўзлаган мақсадга эришамиз, дея қўшимча қилди сўзи сўнгида Шавкат Бадалов.

Жамият қайта тикланганини аксарият тожикистонлик ўзбеклар қувонч билан қарши олдилар.

Жумладан, Турсунзода туманида яшовчи Камолиддин ота ўзбеклар жамиятининг тикланиши икки халқ муносабатлари илиқлашишига имкон беришини айтади.

- Тоза қувониб ўтирибмиз, қўлимиздан келганча шу жамиятга ёрдам берамиз. Ажойиб ишга қўл урилибди. Қардошлигимизни англаб, бир- биримиз билан янаям қалинлашамиз.

Ўзбек билан тожик - эт билан тирноқ. Бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам, тўю азаларимиз ҳам, дину мазҳабимиз ҳам битта. Энди озгина тушунмовчилик бўлиб¸ орага сал совуқчилик тушиб, кимдир бундан манфаатдор бўлса ҳам, лекин амалга ошмайди у ишлари, дейди 70 ни қоралаб қолган отахон.

Тожикистонда ўзбеклар жамияти илк бор ўтган асрнинг 90-йиллари бошида тузилган эди. Аммо кейинчалик...

- Унинг таркибидан лақайлар ажралиб чиқди (ўзбекларнинг бир уруғи – таҳр.) ва улар ўз жамиятларини ташкил этишди. Ўшанда бутун бир халқ иккига ажралиб қолди.

Кейинчалик одамлар орасида ҳар хил фикрлар пайдо бўлди. Гўёки “лақайлар ўзларини ўзбекдан ажратди”, деган. Аслида бу ерда ҳеч қандай ажралиш фикри йўқ эди. Фақат икки лидернинг бир-бири билан келишмаслиги сабабли бир халқ иккига бўлинган эди, дея эслайди тожикистонлик шоир Абдулла Зуҳур.

Айни пайтда¸ Абдулла Зуҳур бугунги кунда ўзбеклар, қайси уруғ вакили бўлишидан қатъий назар, бирлашишга ва жамиятни қайта жонлантиришга ўзларида журъат топганини олқишлаш кераклигини айтади.

- Бугунги кунда бутун жаҳонда глобализация жараёни кетаяпти. Баъзи бир тилларнинг йўқ бўлиш ёки доирасининг торайиши жараёни кетаяпти.

Миллий урф-одатларнинг кўпи унут бўлиб кетаяпти. Ана шундай бир пайтда бу жамият маданий-ижтимоий мақсадларни амалга ошириш учун тузилган бўлса бу жуда яхши.

Лекин, агар жамият тузишдан мақсад мансаб, лидерлигу гегемонлик бўлса, сиёсий ғараз бўлса, бунақа жамиятнинг мутлақо кераги йўқ, дейди Абдулла Зуҳур.

Тожикистонлик ўзбеклар жамиятининг қайта тикланиб, айни кунларда республика барча ҳудудларида ўзбеклар билан учрашувлар ўтказишга киришганига доир хабар Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимларини ҳам қувонтирган.

- Худо хоҳласа, Наврўз кунлари ўзбек жамияти аъзоларидан бир гуруҳини Тошкентда бўлиб ўтадиган тадбирларга таклиф этиш ниятимиз бор, дейди ўзбек элчихонаси ходими Миродил Абдураззоқов.

Унинг айтишича, Тожикистонда ўзбеклар жамиятининг тузилиши ортидан Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон томони Тожикистонда ўз маданият марказини очишни режалаштирган экан.

7 миллион киши истиқомат қиладиган Тожикистонда, расмий маълумотларга кўра, бир миллионга яқин ўзбеклар яшайди.
XS
SM
MD
LG