Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:33

Рўмол ëки таълим?


Қирғиз шифокорлари ҳижобнинг хотин-қизлар саломатчилигига салбий кўрсатиши ҳақидаги иддаоларни рад этмоқдалар.
Қирғиз шифокорлари ҳижобнинг хотин-қизлар саломатчилигига салбий кўрсатиши ҳақидаги иддаоларни рад этмоқдалар.

Қирғизистон Маориф вазирлигининг мактабларда ҳижоб кийиш ва рўмол ўрашга қаршилик кўрсатаётгани диндорлар, мамлакат Омбудсмени ва қирғиз матбуоти норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Вечерний Бишкек” газетасининг ёзишича, ҳижоб масаласи ўта долзарб мавзулардан бири эмас.

“Ҳижоб кийиш ёки киймаслик ҳар бир аёл мустақил равишда ҳал қиладиган масаладир. Бу инсон ҳуқуқлари масаласидир. Шунинг учун ҳам ҳижоб кийиш билан жамият ўта радикаллашиб кетади, деган фикр хатодир”, деб ёзади газета.

“Вечерний Бишкек” газетасидаги мақолада айтилишича, ҳижоб кийган қирғиз аёлларининг таълим олиш ҳуқуқлари бузилмоқда. Мактаб ва университетларда ҳижоб кийган аёлларга тазйиқлар бўлмоқда.

Газетада чоп этилган бу маълумотни Бишкекдаги “Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи ҳам тасдиқлайди:

- “Салла деса, калла олиб келибди”, деган матал бор. Мактабларнинг раҳбарлари рўмолли қизларимизни синфларга қўймай, ҳайдаб чиқараётир.

Бундай кўриниш университетларда ҳам содир бўлмоқда, деди Жамол Фронтбек қизи.

Қирғизистондаги 5-телеканал эса ҳижоб кийгани учун Бишкекдаги Манас номидаги Қирғиз-турк университетидан ҳайдалган Бақтигул Мамбеталиева ҳақида ҳикоя қилинди.

Бу қиз университетнинг иккинчи курсида таълим олар эди. Унга университет раҳбарияти ё рўмолни танла ёки ўқишни, деб шарт қўйган.

Бақтигул воқеаси “Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти ва қирғиз оммавий ахборот воситалари томонидан жамоатчиликка етказилди.

Шундан сўнг университет раҳбарияти Бақтигул Мамбеталиевадан узр сўраган ва уни ўқишга қайта тиклаган.

- Ректор мени ҳузурига чақириб, “бундан буён сенга ҳеч ким эътироз билдирмайди, ҳеч ким рўмолингни ечишга мажбур қилмайди”, деб ваъда берди, деди Бақтигул Мамбеталиева 5- телеканалга берган суҳбатида.

Қирғиз матбуотининг ёзишича, мамлакатда таълим вазирлигининг умумий мактаб формаси жорий этилиши тўғрисидаги қароридан сўнг ҳижоблиларга қарши кампания бошланган.

Қирғизистон Маориф вазирлиги уч йилдан буён мактаб формасини амалга кирита олмай келади.

Мактаб ўқувчилари мактаб формаси тўғрисидаги қарорни писанд қилмай келмоқдалар, мактаблар раҳбарлари эса минглаб ўқувчиларга қарши чиқишга ожизлик қилмоқдалар.

Лекин Маориф вазирлиги расмийси Дамира Худойберганованинг айтишича, вазирлик ўз қарорида қатъий:

- Агар масала кўндаланг қўйиладиган бўлса, ё рўмолни, ёки таълимни танлаш керак.

Биз дунёвий ташкилот сифатида бу иккисидан энг асосийсини, яъни таълим олишни танлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган. Мактабларимиз диний мактаб эмас, дунёвий мактабдир.

Шунинг учун ҳам мактабларда замонавий форма бўлиши зарур, деди Дамира Худойберганова .

Айни пайтда вазирлик ходими ҳижоб кийиш ёки рўмол ўраш Маориф вазирлиги томонидан таъқиқланмаганини ҳам айтиб ўтди.

- Таъқиқ тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Ўзингиз яхши тушунасиз - агар биз “таъқиқ” деган сўзни ишлатсак, ўз-ўзидан бола ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида масала кўтарилади.

Шунинг учун биз таъқиқламаймиз, айни пайтда ягона мактаб формасини талаб қиламиз, деди Дамира Худойберганова.

Ҳижоб таъқиқланиши тарафдорларининг айтишларича, бу кийим аёл саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Бироқ бишкеклик таниқли гинеколог врач Шайлўў Дайрақунованинг айтишича, ҳижобнинг саломатликка ҳеч қандай салбий таъсири кузатилмаган.

- Ҳижоб кийгани учун одам саломатлиги ёмонлашади, тери ёки бошқа касалликларга чалинади, деб айта олмайман.

Аксинча, замонавий калта юбкалар ва жинси шимлар кийиб юрган аёллар кўпроқ касал бўладилар, дейди Шайлўў Дайрақунова.
XS
SM
MD
LG