Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:03

"Элдан яширишнинг имкони йўқ."


Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси ëзда ичишга ариқ суви топса ҳам хурсанд.
Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси ëзда ичишга ариқ суви топса ҳам хурсанд.

Ўтган икки ҳафта давомида таҳририятимизга бўлган мурожаатлар мазмуни: - 5 йилдан буён қизнинг қотили суд курсисига келтирилмаётганидан нолиётган ота арзи; - ифторда пахтазордан оқиб келаётган ариқ сувини ичиб, оғиз очаётган қашқадарёлик рўзадорлар дуоси; - моли ўзбек чегарачилари томонидан мусодара қилинган тожикистонлик тадбиркор аёл ҳасрати; - Россия ўрмонларида машаққат чекиб, интизорлик билан юрти равнақини кутаётган мардикор орзуси.

“Озодлик” таҳририятига Тошкент шаҳри, Сузук ота кўчаси, Филтепа берк кўча – 3 уйда яшовчи Раҳимхўжа Алимхўжаевдан мактуб келди. Бу манзил ва бу исм-шаъриф таҳририятимизга яхши таниш. Боиси, аввал ҳам шу манзилдан бир неча бор мактуб олган эдик. Сўнгги суҳбатимиздан буён уч йил вақт ўтди. Аммо, Раҳимхўжа Алимхўжаевнинг муаммоси бу уч йил ичида ҳал бўлмади, қалбидаги дардига малҳам топилмади.

Алимхўжаевнинг қизи Дилором Дўсматова 2003 йил 31 январ куни вафот этган. Алимхўжаев уни ўз турмуш ўртоғи бўғиб ўлдирган, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, қўлида буни тасдиқловчи барча даллилар бор. Қизининг турмуш ўртоғи эса бу айбловни рад этиб, Дилором ўзини осиб ўлдирган, демоққа. Бу ўлим ортидан ўтган суд мажлисларида ҳам куёв айбдор бўлиб чиқмади.

Раҳимхўжа Алимхўжаевнинг айтишича, қизининг жасади топилган кездаёқ милиция ходимлари бунинг қотиллик эканини тасдиқлаган ва бунга асос бўлувчи барча ашёвий далилларни қўлга киритган. Аммо кейинчалик пора эвазига у далилларни йўқотган ва марҳума Дилоромни ўзини ўзи осган, дея жонига қасд қилганга чиқарган.

Орадан 3 йил ўтиб, Раҳимхўжа Алимхўжаев яна Озодликка мурожаат қилди. Алимхўжаев айтишича¸ ўтган давр мобанийда унинг арзи бўйича илгари силжиш деярли бўлмаган.

Раҳимхўжа Алимхўжаев: Бизнинг ишимиз бошида турган инсон Шайтонтоҳур тумани прокурори эди ва у 2007 йил баҳорда ишдан олиб ташланган. У куëвимнинг таниши бўлган. Куëвим унинг ҳовлисида устачилик қилган. Бу прокурор ишдан кетган бўлса ҳам, ҳалигача ишни судга чиқармаслик пайида бўлиб юрибди.

Озодлик: Собиқ прокурорга бундан нима манфаат?

Раҳимхўжа Алимхўжаев: У тергов бошланган вақтдаёқ куёвимдан пора олган. Тахминан, 2002 йил сентябр-октябр ойларида қизим билан куëвим банкдан 16 ярим миллион сўм ссуда пули олган эди. Бу жиноят куëвимнинг қўлида ўша пул турган пайтда содир бўлди. Энди прокурорга шу пулнинг ўзини берганми ëки ëнига яна қўшганми, буни Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу пул эвазига у жазога тортилмасдан озодликда юрибди. Тергов ҳам юзаки бўлди.

Охири ҳеч натижа бўлмагандан кейин президентга хат ëздим. Нусхасини МХХбошлиғи Рустам Иноятовга жўнатдим. Бунга ҳам бир ойдан ошиб қолди. Ҳозирча кўриб чиқаяпмиз деб туришибди. 5-6 марта телефон қилдим. 5-6 марта бордим. 15 кундан буён тергов бўлими бошлиғининг олдига киргизишмаяпти. Энди жавоб келишини кутаяпмиз. 5 октябрдан кейин жавобини оласиз, дейишди. Телефон қилсам “Кимсиз?” деб сўрайди. Алимхўжаевман, десам телефонни қўйиб қўйишади.

Озодлик: Қизингизнинг ўлимига сабаб бўлган бу жиноят нима асосда содир бўлган бўлиши мумкин?

Раҳимхўжа Алимхўжаев: Қизим эри билан 10 йилу 4 ой яшаган. Кредит олингандан кейин уйида жанжал янада кўпайиб кетди. Жанжал кучайиб эри ичкиликка ружу қўйди. Ичкиликнинг охири шунақа тугади. Делодан жиноятга алоқадор кўп ҳужжатлар олиб ташланган. Кавлаштирсангиз, жиноят далиллари тиқилиб ëтибди. Минг ҳужжатларни делодан олиб ташлаган билан далилларни камайтириб бўлмайди. Бу ҳақда 10 дан ортиқ мақолам чиқди. Ўзбекистон радиосининг “Қармоқ” деб номланган танқидий эшиттиришида уч марта танқид қилинди. Хуллас, шаҳар ҳокимияти борми, Адлия вазирлиги борми, ариза ëзиб кирмаган, бормаган ташкилотим қолмади. Охири иложсиз сизга мурожаат қилдим яна.


* * *

Таҳририятимизга қашқадарёлик бир тингловчи сим қоқди. У ифторда пахтазордан оқиб келаётган ариқ сувини ичиб, оғиз очаётган қашқадарёлик рўзадорларнинг азоби-машаққатлари ҳақида сўзлаб берди.

- Ҳозир қанақа ой, биласизми? Рамазон ойи ва бу ойда ҳар оқшом ифторлик қилинади. Кейин эса 45 минут таровеҳ намози ўқилади, биласиза? Ана шунда намоз ўйиган боболар Каримовни роса қарғашаяпти. Чунки, чироқ йўқ, кимнингдир таҳорати бузилган.

Оғиз очишдан олдин эса биринчи сув ичиш керак-ку, тўғрими? Буларда эса оғиз очишга сув йўқ. Масалан, битта уйга ифторликка 20 та бобой келди. Оғиз очганда каналдан оқар сув олиб келиб оғиз очамиз. У каналнинг бошида нечта бола пахтадан чиқиб чўмилади. У сув етти марта айланиб тоза бўлган, тўғри. Лекин барибир кўнглимизга ҳаром туюлади-да. Ичимлик суви топишнинг, умуман, иложи йўқ-да!

Озодлик: Каналдан олиб келинган сувни қайнатиб, кейин шу сув билан оғиз очса бўлмайдими?

- Қайнатиб ичса бўладию, энди бу иссиқда бобойларнинг ичи қуриб кетиб, улар муздай сув хоҳлайди-да. Мен яқинда ифторлик берган пайтимда электр тармоғи идорасига телефон қилдим. “45 минут чироқ ëқиб қўйишингга қанча пул берай? Ëқиб қўй. Булар намозини бир кунгина Каримовни қарғамай, тўғри ўқиб олсин” десам, “Акажон ўзи ҳокимиятда ҳам чироқ йўқ. Мен қандай қилиб сизнинг уйингизда чироқ ëқаман? Мен ҳозир сизнинг уйингизда чироқ ëқсам, келиб менинг бошимга итнинг кунини солишади” деб битта ишчиси йиғлаб ўтирибди. Битта движок олиб бориб ифторингизни ўтказиб берайми, дейди. Беш кун ҳеч қаердан бир томчи сув келмади. Шунақа гаплар. Озодлик радиосидан ҳукумат бешта айбини сир тутса, мен шу сирлардан 15 тасини биламан. Элдан яширишнинг имкони йўқ.


* * *

Қашқадарёлик кекса рўзадорларга жони койиётган бу суҳбатдошимиз шу кунларда Россияда пул топиш қайғусида юрибди. Яқинда Ўзбекистондан яна Россияга қайтар экан, у Тошкентдаги аэропортда ҳам сув муаммосига учраганини сўзлаб берди.

- Мен билан бирга 61 ëшга кирган бобой аэропортга келди, ишонасизми? У ҳам Россияга мардикорликка кетаяпти. Ана шу бобойнинг сув ичгиси келиб, сув сотиб оламан, деб қолди. Қўлида билет, регистрациядан ўтган. Сув ташқарида 400 сўм, ичкарида эса 1200 сўм. “Болам, менинг бунга пулим етмайди”, деб эшикдан ташқарига чиқмоқчи бўлса, эшик ëнида турган милиционерлар “Чиқсангиз, қайтиб кирмайсиз” деяпти. Биргина божхонадан ўтиши керак, холос. Бўлмаса ўзларингиз олиб беринглар, деб ҳалиги бобой ялинса, милиционерлар йўқ, деяпти-да!

Энди уларни қарғашни бошлаган пайтда мен “Бобо, мана бу сувни ичинг” деб сув олиб бердим. Менда ҳам ўзи пул кўп эмас эди. Бобой сувни ичдида “Қани эди президент ҳам сенга ўхшаган сахий бўлса” деди.

Уйидан яна иш сафарига отланган бу қашқадарёлик суҳбатдошимиз – суҳбат давомида бизга битта савол берди:

- Битта савол берсам, майлими? Биз Россияда яна неча йил юрсак, Россияга қайтиб келмайдиган бўлиб Ўзбекистонга кетамиз? Ким шу саволга жавоб бера олади?

* * *

Навбатдаги қаҳрамонимиз Озодликнинг Тожикистондаги таҳририятига сим қоққан тожикистонлик тадбиркор аёл. У кўп йиллар давомида Ўзбекистонга қатнаб, савдо билан шуғулланган. Яқинда ўзбек чегарачилари унинг чегарадан олиб ўтаётган молларини мусодара қилиб юборди. Бу аёлнинг сўзларига кўра, мусодара ноқонуний бўлган ва эндиликда унинг ҳаққини талаб қилиб қилган мурожаатлари жавобсиз қолаяпти.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган бу аëл кўп йиллардан буëн Ўзбекистондаги наманганлик, марғилонлик косиблар тўқиган адрасларни Тожикистон бозорларига олиб бориб, сотишини айтди. Аëлнинг гапига қараганда, у 16 сентябр куни икки шериги билан мол олиб қайтаëтганида Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Андархон чегара постида ўзбек чегарачилари уни тўхтатишган ва ўша куни ташқарига юк чиқармаётганликларини айтишган.

“Юкингиз бугун чиқмайди, дейишди. Мен “Бугун визам тугаяпти. Мен қолиб, яна жарима тўлаб юрмай. Чиқиб яна қайтиб келаман” дедим”.

Аëл муҳлатини яна беш кунга узайтириш учун бир неча соатга Тожикистон томонга ўтиб қайтгунча 24 минг долларга тенг мол ғойиб бўлганини айтди.

“Қайтиб келсам юк йўқ. Бу ерга МХХ келиб қолган ва чеккада турган юкларнинг ҳаммасини олиб кетган. Аравакашларни ҳам олиб кетибди. Кейин мен бориб “Мен юкнинг эгасиман. Нимага юкни олиб кетасизлар?” десам , “Аравакашлар айланиб ўтмоқчи бўлишган экан, биз уларни ушлаб келдик” деди. Мен “Юк меники. Мана декларациям ҳам бор. Мен чап йўллардан умуман юрмайман. Мен фақат тўғри йўлдан юраман. Беш кунлик визам ҳам бор. Патент орқали менга виза берилган”десам ҳам улар менга қулоқ солмади. Бошлиқ келсин, кейин гаплашасиз, дейишди”.

Суҳбатдошимиз икки кундан буëн чегарада сарсон эканини, аммо унга қулоқ солишни ҳам истамаган ўзбек чегарачилари ўзларича молларни очиб кўришган, нархлашган ва магазинларга топшириб юборишган.

“Эшикни ëпиб сумкалардан атласни олишди. Бизнинг олдимизда очмасдан ўзларига-ўзлари нарх қўйган, ўзларидан ўзлари магазинга олиб кетган. Кейин мен бошим оғриб дарахт тагига келиб ўтирдим. Рўза эдим. Мен уларга “Менга бир пиëла сув беринглар¸ қон босимим кўтарилди” деб йиғлаб ўтирдим. Кейин биттаси келиб “Нимага йиғлаяпсиз?” деди. Мен нима гаплигини айтдим. У “Бу ерда ўтирманг. Кетинг¸ у ëққа бориб ўтиринг” деди. Мени машинада божхонага ташлаб кетди. Юкингизни божхонадан оласиз, деди”.

Ўша суҳбатдан сўнг орадан саккиз кун ўтиб тадбиркор тожик аëлларининг мушкуллари қандай ҳал бўлгани билан қизиқиб, аëлга телефон қилдик. Маълум бўлишича, учала тожикистонлик тадбиркор аëл шу кунга қадар Ўзбекистон чегара постида сарсон-саргардон экан.

“Уйдан чиққанимга 15 кун бўлди, ўтирганимга эса бугун 10 кун бўлди. Чегарада чойхонада ëтиб турибмиз. Шунча юкни ташлаб кета олмаймизку. Йиғладик, қон босимимиз кўтарилди, оëқларимиз шишиб кетди”.

Аëл муаммо ечими учун адвокат ëллаганини, аммо ҳеч қандай натижага эриша олмаганини айтди.

“Адвокат ëлладик лекин ҳали ҳужжатларни божхонага беришмаганда. Адвокат ҳужжатларни кўрмагунча ҳеч нарса қила олмайдида. Юк ҳам йўқ, ҳужжат ҳам йўқ. Агар булар топширган магазинда харидор топилмаса, булар атлас нархини 50 фоизга пастлатиб бизга сотиши мумкин экан. Улар “У ëқ бу ëққа кўп югураверсангиз юкингизни умуман ола олмайсиз”¸ деяпти. Ўшанга ҳеч қаëққа борганим йўқ”.

Тадбиркор 24 минг долларга нархланадиган молларнинг тенг ярмини ўзбекистонлик косиблардан насияга олганини ва айни пайтда у билан ўзбекистонлик косиблар ҳам молга куяëтганини таъкидлайди.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.





XS
SM
MD
LG