Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида савдо-логистик марказ қурилиши бошланди


Марказ тамал тошини қўйиш тадбирига Қирғизистоннинг Жалолобод ҳамда Ўзбекистоннинг Наманган вилояти расмийлари қатнашди.
Марказ тамал тошини қўйиш тадбирига Қирғизистоннинг Жалолобод ҳамда Ўзбекистоннинг Наманган вилояти расмийлари қатнашди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги қирғиз-ўзбек чегарасига яқин ерда 19 июнь куни савдо-логистик марказининг қурилиши бошланди.

Қирғиз-ўзбек савдо муносабатларини кучайтириш мақсадида қурилаётган марказ тамал тошини қўйиш тадбирига Қирғизистоннинг Жалолобод ҳамда Ўзбекистоннинг Наманган вилояти расмийлари қатнашди.

Савдо логистик маркази Олабуқа туманининг Ўзбекистон билан чегарадош Баястан қишлоғидаги 20 гектар ерга қурилади. Марказни қураётган тадбиркор Улан Мақсимбековга кўра, бу ерда қирғиз-ўзбек қўшма корхоналари фаолият олиб бориши режалаштирилган.

“Қўшма корхоналарни қурамиз. Хусусий тадбиркорларга ҳам иш ўринлари бўлади, инновацион марказлар ташкил этилади”, -дейди Улан Мақсимбеков.

Марказда қишлоқ хўжалик ва гўшт маҳсулотларини сақлаш, уларни экспорт қилиш бўйича ишлар олиб борилади. Мазкур марказ филиалини Тошкент шаҳрида ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистонлик тадбиркор Туйғунжон Мусаев мазкур марказ орқали Қирғизистондан гўшт ва асал сотиб олмоқчилигини айтди:

“Бизнинг маҳсулотлар Ўзбекистондан бу ерга келади. Бу ердан Ўзбекистонга маҳлсуот олиб ўтилади. Марказда Ўзбекистон савдо уйи деган филал қурилади. Бу ерда қилаётган ишларимиз Ўзбекистонда ҳам бўлади. Биз Қирғизистондан асосан гўшт ва чорва моллари сотиб олишдан манфатдормиз”,-деди Туйғунжон Мусаев.

Савдо-логистик маркази қурилаётган Баястан қишлоғи Ўзбекистоннинг Косонсой ҳудуди билан чегарадош. Агарда марказ ишга тушса, Олабуқа туманидаги 2,5 минг фуқаро иш билан таъминланиши ҳам айтилди.

Қирғизистон Министрлар кабинетининг Жалолобод вилоятидаги вакили Абсаттар Сирғабаевнинг айтишича, логистик марказнинг ишга тушиши билан Ўзбекистонга гўшт экспорт қилишга қулай шароит яратилади. Шу билан бирга терини қайта ишлашга имкон туғилади.

“Чорва қўшни давлатга қонун доирасида ўтказилади. Айни пайтда чорвани Ўзбекистонга контрабанда қилиш кузатилмоқда. Аввал мол ва қўйлар Ўзбекистонга тирик сотилгани учун арзонроқ бўлган. Гўшт экспорти эса қимматроқ бўлади. Давлатга солиқ ҳам тушади. Мол бозор ишлайди. Терини, юнгни қайта ишлаш бўйича ҳам музокаралар ўтказилмоқда. Аҳолига иш ўринлари яратилади”, -деди расмий.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг шу йил мартида Тошкентга қилган сафари чоғида, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган бир қатор келишимлар имзоланган. Жумладан, Олабуқа туманидаги қирғиз-ўзбек чегарасига яқин ерда савдо –логистик марказини қуриш режалаштирилган эди.

Бироқ айтиш жоизки, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги "Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори икки давлат чегарасидаги бозорлар фаолиятини ва чегарадан исталган маҳсулотнинг эмин-эркин ўтишини шубҳа остига қўяди.

Чунки қарорда Ўзбекистон ҳудудига исталган миқдорда маҳсулот олиб киришга чекловлар бор. Масалан, қарорга асосан, эндиликда темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда эса – 300 АҚШ доллари миқдорида товарларни 1 календарь ой давомида 1 донадан божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин.

XS
SM
MD
LG