Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:57

Бухоронинг "Карвон" бозорида тиллачи аёллар ғалаён кўтарди


Бухоро шаҳридаги "Карвон" бозори.
Бухоро шаҳридаги "Карвон" бозори.

Бухоро шаҳрининг "Карвон" бозорида тилла буюмлари билан савдо қилувчи уч юзга яқин аёл дўкон ва расталарининг кўчирилишига норозилик билдирмоқда.

Айрим тиллачи аёллар ҳозир ҳам ички ишлар ходимларининг аралашувига қарамай баклажкаларда бензин ва гугурт тутиб Карвон бозоридаги расталарини тарк этишга қаршилик қилмоқдалар.​

27 сентябр куни Бухоро шаҳар ҳокимлиги расмийлари тилла сотувчиларнинг раста ва дўконлари бузилиши ва 1 октябргача расталарни бўшатиб қўйишлари ҳақида огоҳлантирган.

Бухоро ҳокимлиги мулозими​ тиллачи аёлларга шаҳар марказидаги "Корзинка" дўконидан жой таклиф қилган.

Аммо, савдогарлар бу таклифга кўнмаётир.

"Карвон" бозорида тилла сотувчи аёллардан бири Озодлик билан суҳбатда бундай деди:

Биз 300та аёл, кеча ҳоким муовини келди, 1 октябргача бўшатасизлар, деб ултиматум қўйди. "Булдозер солсангизлар ҳам ҳеч қаерга кўчмаймиз, керак бўлса ўзимизни устимиздан бензин тўкиб куйдирамиз", деб туриб олдик

- Биз 300та аёл, кеча ҳоким муовини келди, 1 октябргача бўшатасизлар, деб ултиматум қўйди. "Булдозер солсангизлар ҳам ҳеч қаерга кўчмаймиз, керак бўлса ўзимизни устимиздан бензин тўкиб куйдирамиз", деб туриб олдик. "Болаларимиз кўчада қолади", деб айтдик унга, - дейди тиллачи аёл.

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг мулозими Озодликка тилла сотувчиларга шаҳарнинг қоқ марказидаги "Корзинка" дўконидан жой таклиф этилганини айтди.

- Ҳозир президентимиз кўрсатмаси билан бозорлар тартибга солиняпти. Шунинг учун уларга лицензияни олиб, марҳамат "Корзинка" дўконини иккинчи қаватида жой берилади, савдо қилаверасизлар, деб айтилди. Бу ерда уларни бизнесига ҳеч қанақа тўсқинлик қилинаётгани йўқ, - деди ҳокимлик мулозими.

Лекин, Озодлик суҳбатлашган тиллачи савдогарлар "Корзинка" мажмуасида ижара нархлари ва тадбиркорликка қўйилган солиқлар юқори бўлишидан хавотирда эканини айтадилар.

- Корзинка 100та кишига мўлжалланган. Ҳали у ерда ижара қанча бўлишини билмаймиз. Буни устига у ерга ҳаридор ҳам келмайди. Биз бозорда нима учун ўтирамиз, бу ерга келин-куёвлар келади, тиллани оладиганлар келади. Тилла олиш учун "Корзинка"га бормайдику. Озиқ-овқат оладиган ҳам ҳозир "Корзинка"га бормайди, бозорга боради, - дейди бухоролик савдогар.

Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2019 йилларда бозорларни реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан бозорлар қайта реконструкция қилинмоқда.

Буза-бузлар Ўзбекистоннинг бошқа бозорларида ҳам савдогарларнинг кескин норозилиги фонида кечган.

XS
SM
MD
LG