Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:41

"Ўзбекистон темир йўллари" қарори минглаб тадбиркорни банкротлик ëқасига олиб келди


Давлатга қарашли "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти 28 май куни темир йўл орқали ташиладиган дон ва ун маҳсулотлари, хусусан, Афғонистонга экспорт ва реэкспорт қилинадиган айни маҳсулотлар учун тарифларни кескин кўтарди.

Иқтисоднинг бошқа аъзолари билан олдиндан муҳокама қилинмай¸ улар манфаати билан ҳисоблашмай ва уларни олдиндан огоҳлантирмай туриб қабул қилинган бу қарор Ўзбекистондаги ун ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, экспорт ва логистика бизнесидаги тадбиркорларни банкротлик ëқасига келтирган.

"Ўзбекистон темир йўллари" раҳбарлари тарифлар оширилмагани, балки тарифлардаги имтиёзлар бекор қилинганини билдирди.

26 июнь куни мамлакат Бош вазири ва Бош прокурори иштирокида ўтказилган олти соатлик йиғилишда "Ўзбекистон темир йўллари"нинг бу қарори оқибатлари муҳокама қилинган ва Бош прокуратурага қарорнинг қанчалик асосли эканини ўрганиб чиқиш топширилган.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ун ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва реэкспорт билан шуғулланувчилар, темир йўл орқали юк ташишни ўз монополиясига айлантирган "Ўзбекистон темир йўллари" қарорини ҳам ички¸ ҳам халқаро қонунчиликка зид деб баҳолади ва унинг оқибатида минглаб одамнинг ишсиз қолиб¸ юзлаб хусусий бизнеснинг синиши мумкинлигидан хавотир билдирдилар.

"Ўзбекистон темир йўллари" қарор қилади...

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 6 июнь куни халқаро экспортëрлар ва темир йўл орқали юк ташувчилар диққатига юборган телеграммаси (бу телеграмма қарор кучга кирганидан 10 кунча ўтиб тарқатилган – таҳр.) мазмунидан англашилишича¸ 2018 йилнинг 28 майидан бошлаб дон ва ун маҳсулотларини ташиш учун белгиланган тариф ставкалари ўзгарган¸ аввал жорий қилинган имтиëзлар бекор этилган¸ шунингдек¸ Термиз-Ҳайратон кўпригидан ўтувчи ҳар бир вагон учун 200 АҚШ доллари миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинган.

Бунинг оқибатида¸ Қозоғистондан дон олиб келиб¸ уни Ўзбекистондаги тегирмонларда ун қилиб¸ қадоқланган унни Афғонистон ва Тожикистонга реэкспорт қилиш бизнесида ишлаëтган ширкатлар учун темир йўлда юк ташиш ўртача 4-5 бараварга қимматлаган.

"Ўзбекистон темир йўллари"нинг ҳеч ким¸ ҳатто Кабмин билан мувофиқлаштирмай чиқарган бу қарори оқибатида ҳозир 13 минг 600 одам ишсиз қолиб¸ 371 та ун тегирмони синиш ëқасида қолди. Ўзбекистондаги хусусий тегирмончилар Қозоғистондан дон олиб келиб¸ уни ун қилиб¸ қопларга солиб¸ Афғонистон ва Тожикистонга реэкспорт қилаëтган ва шунинг орқасидан минглаб оила рўзғор тебратаëтган эди. Қозоғистондан келаëтган буғдой қайта ишланганидан кейин чиққан кепак ва бошқа чиқиндилар товуқчилик фермаларини ем билан таъминлаëтган эди. Энди тегирмончи ишсиз¸ паррандачи емсиз¸ ун қопи тикувчилар машинаси эса тўхташ хавфи остида қолди"¸ дейди фаолияти тўхташ хавфи остида қолган экспортчилардан бири.

Ўз шахси очиқланишини истамаган бу тадбиркорга кўра¸ Ўзбекистон тегирмонларидан чиқаëтган ун маҳсулотлари Афғонистондаги бозорнинг 15-20 фоизини¸ Тожикистондаги ун бозорининг эса қарийб 30 фоизини эгаллаб келган.

Раматовнинг ("Ўзбекистон темир йўллари" бошқаруви раиси Очилбой Раматов назарда тутилмоқда - таҳр.) битта қарори оқибатида¸ Ўзбекистон қўшни давлатлар бозоридаги ўз улушини йўқотади. Афғонистон энди Ўзбекистонни четлаб¸ тўғридан-тўғри Қозоғистондан ун сотиб олиб¸ уни Туркманистон орқали транзит қилади. Тожикистон ҳам худди шундай қилади. Ютқизадиган ким – Ўзбекистон иқтисоди¸ ўзбек тадбиркори. Нима учун? Раматов ва яна кимларнингдир монополиясини сақлаб қолиш учун. "Ўзбекистон темир йўллари"нинг ўзи ҳам крахга қараб кетаяпти – юк ташиш кескин қисқараяпти¸ транзит эса¸ ўлди. Раматов ëлғон рақамларни эълон қилиб¸ кўзбўямачилик билан шуғулланаяпти. Охир-оқибатда¸ нафақат биз¸ балки "Ўзбекистон темир йўллари"нинг ўзи ҳам банкрот бўлади яқинда"¸ дейди ўзбекистонлик экспортчи.

Тегирмончи Бош вазирга арз қилди, Бош вазир эса ечимни Бош прокурорга оширди

Озодликка маълум бўлишича¸ 26 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган мева-сабзавот экспорти вазиятига бағишланган йиғилишда ун экспортчилари ва тегирмончилар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг бу қарори юзасидан Бош вазирга шикоят қилган.

Қизиғи¸ "Ўзбекистон темир йўллари" тарифларни кескин ошириш қарорини ҳатто ҳукумат¸ Кабмин билан мувофиқлаштирмаган! "Ўзбекистон темир йўллари" давлатга қарайди¸ унинг тарифларини ошириш фақат давлат¸ бу вазиятда ҳукумат билан мувофиқлаштирилиши шарт. Чунки давлат фақат битта монополист компания эмас¸ балки иқтисоднинг бошқа аъзолари¸ бозордаги бошқа ўйинчилар манфаатини ҳам инобатга олиши шарт. Мажлисда тушунганим¸ бунақа қарордан Бош вазирнинг ҳам хабари бўлмаган¸ ëки бўлса ҳам¸ унинг оқибатларини яхши тушунмаган"¸ дейди мазкур йиғилишда қатнашган мулозим шахси очиқланмаслик шарти билан.

Унга кўра¸ Бош вазир Абдулла Арипов йиғилишда қатнашган Бош прокурор Отабек Муродовдан "Ўзбекистон темир йўллари"нинг дон ва ун маҳсулотлари ташиш учун тарифларни ошириш¸ хусусан¸ Афғонистонга экспорт ва реэкспорт қилинадиган дон ва ун маҳсулотлари учун қўшимча тўловлар жорий қилинишининг ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик асосли эканини ўрганиб чиқишни сўраган.

"Бу нарсани икки ҳафта ичида ўрганиб чиқиш Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Эркабой Тожиевга топширилди. Бу топшириқ мажлис қатнашчиларининг олдида оғзаки берилди. Кейин бирор шаклда ҳужжатлаштирилдими-йўқми¸ билмаймиз. Лекин шунча одам гувоҳлигида берилган бу сўров ўрганилиб¸ “Ўзбекистон темир йўллари”ининг бу қарори бекор этилишига умид қилаяпмиз"¸ деди Бош вазир раислигида ўтказилган йиғин иштирокчиси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мазкур йиғин тафсилотидан бевосита хабардор расмийси Озодлик билан суҳбатда¸ Бош вазир дон ва ун маҳсулотларини темир йўл орқали экспорт ва реэкспорт қилишга алоқадор ҳозирга қадар тузилган шартномалар муҳлати тугагунга қадар¸ эски тариф ставкаларини сақлаб қолишни буюрган.

"Бу соҳада янги тузиладиган шартномалар тақдири эса¸ "Ўзбекистон темир йўллари"нинг тарифларни ошириш қарорининг қанчалик асосли экани юзасидан Бош прокуратура чиқарадиган хулосага боғлиқ"¸ деди Вазирлар Маҳкамаси мулозими.

"Ўзбекистон темир йўллари" нима дейди?

Озодлик билдирилган жиддий эътирозларга изоҳ беришни сўраб, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси Очилбой Раматов қабулхонаси¸ ширкатнинг Логистика¸ юк ва тижорат ишлари¸ ҳамда Иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бошқармалари раҳбарлари билан бевосита боғланди.

"Биз тарифларни оширмадик. Фақат олдин жорий этилган скидкаларни бекор қилдик¸ холос. Бу ишни Иқтисодий таҳлил бошқармамиз қилган¸ изоҳни ҳам улар беради"¸ деди "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатининг Логистика бошқармаси бошлиғи.

Озодликка билдирилган эътирозлар мазмунини эшитган Иқтисодий таҳлил бошқармаси раҳбари Баҳром Наримов эса¸ бу саволлар ўзига электрон почта орқали ëзма шаклда юборилса¸ бир соат ичида жавоб беришни ваъда қилди.

Аммо Озодлик 29 июнь куннинг иккинчи ярмида жўнатган ëзма саволларга жавоб бўлмади.

Муаммо илдизи – монополия

Дон ва ун маҳсулотлари ташиш учун темир йўл тарифларининг ҳеч бир муҳокама ва огоҳлантирувсиз¸ "Ўзбекистон темир йўллари"нинг ички қарори билан оширилгани ҳақида Озодликка гапирган тадбиркор ва мулозимлар¸ муаммонинг илдизи бу ширкатнинг монополия мақомида эканига бориб тақалишини таъкидладилар.

"Ўзбекистонда темир йўллари ҳам¸ ҳаво йўллари ҳам монополиядир. Улар фаолиятини контрол қиладиган йўқ¸ хоҳлаганини қилади. Бу эса¸ коррупция¸ кимларнингдир манфаатини умумиқтисод манфаатидан устун қўйишига имкон беради. Давлатнинг пулига¸ демак, бизнинг пулимизга хоҳласа тезюрар поезд олади¸ хоҳласа¸ Dreamliner. Лекин нархни белгилаганда¸ халқ манфаатини¸ тадбиркор манфаатини писанд ҳам қилмайди. Ана шунга чек қўйиш керак. Ўзбекистонда барча хўжалик субъектлари манфаатлари билан ҳисоблашиб¸ давлатга қарашли транспорт ширкатлари нарх ва тарифларини мувофиқлаштирадиган Транспорт вазирлиги тузилиши керак. Бу ҳақдаги таклифлар аллақачон берилган¸ лекин президентга бориб етдими-йўқми¸ бунисини билмаймиз"¸ дейди ўзбекистонлик экспортчи тадбиркор.

(Озодликка маълум бўлишича¸ “Ўзбекистон темир йўллари” Тожикистондан импорт қиланаëтган цемент ва бошқа импорт маҳсулотлари учун тарифларни ҳам кескин оширган. Бу вазият келгусида алоҳида ўрганилади - таҳр.)

Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратурасининг "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатининг тарифларни кескин ошириш қарори қанчалик асосли экани юзасидан чиқариши кутилаëтган хулосасини бевосита ëритишга ҳаракат қилади.

XS
SM
MD
LG