Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:01

Ўзбекистон кичик корхоналари карантин тугашини интиқиб кутмоқда


Пандемиядан олдин кичик корхоналарнинг Ўзбекистон ЯИМдаги улуши 56 фоизни ташкил этаётган эди. Коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чекловлар бекор қилингач, кичик бизнес яна ўзини ўнглай оладими? eurasianet.org сайтида эълон қилинган мақола шу ҳақда. Эътиборингизга мақола таржимасини ҳавола қиляпмиз.

***

Фарҳод Тоғаев наздида карантин тез орада бекор қилиниши даргумон. У бошида бунга ҳеч кўника олмади. Одатича, ҳар куни эрталаб соат 5 да уйғониб кетар ва биринчи қиладиган иши оёғи чигилини ёзиш ҳамда дўстлари ёки оила аъзолари билан уч-тўрт оғиз гаплашиши бўлар эди.

Бироқ март охиридан бошлаб Ўзбекистоннинг жанубидаги Хўжа Илғор қишлоғи кўчалари бир соат ичида бўшаб қолди. Қишлоқ, аввало, буюк саркарда Амир Темур туғилган жой сифатида машҳур.

42 яшар Тоғаев кўчада бирор кишини учратиб қолса, ўзбекча одатга кўра, “ассалому алайкум” деб салом бериш ҳамда чап қўлини кўксига қўйиб, ўнг қўли билан кўришиш истаги пайдо бўлар эди. Бироқ ижтимоий масофаланиш қоидалари бундай мулоқотни тақиқлайди.

Коронавирус Тоғаевнинг кайфиятини бузди. Зўрға талаффуз қиладиган ушбу сўз унинг жаҳлини чиқаради. Вирус асосий даромад манбасидан айириб, металли симларини товуқ катагига айлантирди. У одатда кунига битта ясаган қафасини 10 долларга сотиб, 5 доллар фойда олади.

− Шу вирусни деб мижозларимдан, кундалик даромадимдан айрилдим, − деди у Eurasianet мухбирига. – Оиламизда давлат ишида ишлайдиган бирор киши йўқ.

Карантин эълон қилиниши билан буюртмаларнинг кети узилди. У қафас тайёрлаш баробарида 1,2 минг квадрат метр ерида картошка билан бошқа сабзавотлар етиштиради. Ўз қўли билан қурган иссиқхонага помидор билан бодринг экди. Бу фақат оилани қўшимча озиқ-овқат билан таъминлаш учун етади, холос, деди у.

Тоғаевнинг 4 фарзанди бор. Умр йўлдоши ишламайди, лекин маълумотли – ўқитувчиликка ўқиган. Ота-онаси улар билан бирга туради. Бинобарин, оилада ейман-ичаман деган 8 оғиз бор.

Тоғаев ҳар куни кечқурун карантин бутунлай тугагани тўғрисида хабар эшитиш учун телевизор кўради. Бунинг ўрнига президент Шавкат Мирзиёев аҳолига ва бизнесга ёрдам беришга ваъда қилганини эшитади. Eurasianet мухбирига айтишича, эшитган расмий гапларининг кўпчилигини тушунмайди, эшитганларининг жуда оз қисми ўзи, оиласи ва бизнесига наф беради.

Пандемия бошланишидан олдин Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулотнинг деярли 56 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келаётган эди. Ҳар минг бош аҳолига 13,3 та шундай корхона тўғри келаётган, бундай кичик корхоналар сони тез ортиб бораётган эди.

Ўзбекистон ушбу боши берк кўчадан чиқиб кетиш учун халқаро молия институтларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мирзиёев апрелда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Саудия Арабистони етакчилигидаги Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Хитой кўмаклашаётган Осиё инфратузилма инвестициялари банки сингари ташкилотлардан 3,1 миллиард АҚШ долларилик қарз олишга қаратилган фармон чиқарган эди.

Ҳукумат коронавирусга қарши кураш учун ажратган 10 триллион сўмлик маблағнинг ярмидан кўпроғи – тахминан, 5,5 триллион сўм (540 миллион доллар) корхоналар ва иш ўринларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Кредит олган тадбиркорларга ҳам бир оз енгиллик бериляпти ва уни қайтариш вақти ортга суриляпти, айрим солиқлар бекор қилиняпти.

Бу қанчалик наф беради?

Бу ёғи – таваккалчилик, қисқа муддат вазият оғир бўлиши муқаррар. Халқаро валюта жамғармаси жорий йилда Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш 18 фоизга қадар пасайишини башорат қилмоқда, ушбу кўрсаткич 2019 йилда 5,5 фоиз бўлган эди. Аммо жамғарма 2012 йилда вазият кескин ўзгаришини ва иқтисодиёт 7 фоиз ўсишини кутмоқда.

‒ Башорат қилиш қийин ва иқтисодиётнинг тикланиши кўплаб омилларга боғлиқ, ‒ деди Баҳром Ражабов Eurasianet мухбирига.

Ражабовга кўра, 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги мўътадил ўсиш коронавирус нечоғли яхши жиловлангани ва карантин чоралари қанчалик енгиллатилганига боғлиқ.

Расмий рақамлар умид уйғотади. 10 май ҳолатига кўра, расман қайд этилган коронавирус юқтирганлик ҳолатлари 2411 тага етди. Ўша кишиларнинг 3/4 қисмига яқини тузалди, ўлган кишилар сони эса яқинда икки хонали сонга етди. Шунга қарамасдан, журналистларнинг бундай ижобий натижаларни мустақил равишда тасдиқлатиш имконияти жуда кам.

11 майда бошланган босқичда мамлакат нисбий эпидемиология хавфи сирғалувчи қизил, сариқ, яшил толифаларига бўлинди. Унга кўра, сўнгги икки ҳафта ичида коронавирус юқтирганлик ҳолатлари қайд этилган ҳудудлар қизил бўлади. Спектрнинг бошқа четида коронавирус юқтирганлар аниқланмаган ёки касал бўлганлар бутунлай соғайиб кетгани эълон қилинган яшил гуруҳ туради. Ўша жойлардаги чекловлар енгиллаштирилди.

Тоғаевнинг қишлоғи жойлашган Яккабоғ тумани – яшил ҳудудлар рўйхатида.

Иш ўринларини қандай яратиш мумкин?

Ушбу инқироз меҳнат бозорига қанчалик зарар етказганини ҳали тушуниб олиш керак бўлади.

− Инқироз оқибатида меҳнат бозори ўзгаришларга юз тутади ва ишсизлар сони ортади, − деди Ражабов. – Ҳукумат нафақаларни тўлаш харажатларини қоплаш учун молиявий ресурслар қидирмоқда, бироқ келажакда янги иш жойлари ташкил этиш тўғрисида бош қотириш ҳам керак бўлади. Бу қўшимча молиявий ресурсларни тақозо қилади.

Сиёсатшунос Фарҳод Мирзаевнинг иқтисодиёт тез орада тикланиб кетишига ишончи комил.

‒ Давлат тўланмаган солиқлар ва корхоналарнинг олинмаган джаромадлари сабаб катта зарар кўрди. Бироқ карантин абадий эмас, ‒ деди у. ‒ Барча зарарлар қопланиши мумкин.

Мирзаев айтишича, Ўзбекистоннинг мавқеи яхши, чунки саноатнинг кўплаб соҳалари фаолияти умуман тўхтагани йўқ.

‒ Карантин бекор қилингач, биринчи бўлиб ишга туширилиш керак бўлган соҳалар транспорт, савдо, яъни бозорлар бўлиши керак, ‒ деди у.

Иқтисодиётни тиклаш ушбу инқирознинг оғир юки зиммасига тушган соғлиқни сақлаш соҳасига кўпроқ инвестиция киритишни ҳам талаб этади, дейди Ражабов. У мисол тариқасида Ўзбекистоннинг Глобал хавфсизлик индексидаги ўрни жуда паст эканини келтирди. Жонс Ҳопқинс университетининг Саломатлик хавфсизлиги маркази, Ядро таҳдидларига қарши кураш ташаббуси ва Economist Intelligence Unit компанияси соғлиқни сақлаш тизими ишончлилигини баҳолаш бўйича яратган тизимда Ўзбекистон 195 та мамлакат орасида 116-ўринда қайд этилган.

Тошкент ташқарисида апрелда 10 000 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси очилгани коронавирус тарқалгандан сўнг ушбу муаммони ҳал этишга қаратилган чоралардан бири бўлди.

Шу билан боғлиқ муаммо фаровонлик эканини эканини кўрсатади ва иш унумдорлигига таъсир қилади.

‒ Ижтимоий ҳимоя вазирлиги ва умуман олганда, бутун бошли ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш зарур. Инқироз заиф жойларни очиб ташлади, ‒ деди Ражабов. ‒ Ҳокимият ўзаро келишилган тадбирларни амалга оширишидан олдин волонтёрлар – талабгорлар қашшоқ ва ногирон кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериб турди. Маҳалла қўмиталари ҳеч иш қилмаётганидан шикоятлар бўлди. Ваҳолонки, ушбу муассаса ҳаммадан кўра аҳолига яқин бўлиши керак эди.

Тоғаев янги даромад манбасини қидириш учун карантин чоралари енгиллашувини кутиб ўтирмади. У уч ғилдиракли мўъжаз юк машинасини олиб, чорвадор фермерларга пичан етказиб бера бошлади. Бир неча соатлик вақт кетадиган ҳар қатнагани учун 2 доллар ҳақ олади. Бу унчалик кўп эмас, лекин Тоғаев баҳор серёғин келгани сабабли бу иши камида ёзгача ишлаб туриши учун етишига умид қилмоқда.

‒ Мен Россия телевидениеси кўрсатувларидан Қўшма Штатлар, Германия, ҳатто Қозоғистон ҳукумати кичик корхоналарга нақд пул ва арзон кредит бераётганини билиб олдим. Ўзбекистон ҳам шундай қиладими? ‒ деди Тоғаев. ‒ Бунга шубҳам бор. Шунинг учун бундай оғир вазиятдан фақат ўзим чиқишим мумкин.

XS
SM
MD
LG