Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:51

Андижондаги "UZ DONG YANG CO"нинг юзлаб ишчиси омборхонада ётиб ишламоқда (ВИДЕО)


"UZ DONG YANG CO" корхонаси. 2020 йил, 8 июнь куни олинган сурат.
"UZ DONG YANG CO" корхонаси. 2020 йил, 8 июнь куни олинган сурат.

Андижон шаҳридаги автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида ходимлар коронавирус карантини пайти 15 кунлик сменада корхонада ётиб қолиб ишламоқда.

Озодлик суҳбатлашган завод ходимлари 15 кун уйга бормасдан, корхона омборхонасида, бетон полда ётиб шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлатилаётганликларини айтди.

8 июнь куни Озодликка келган фотосуратларда бетон полга картон қоғозлар устига кўрпачалар тўшалганини кўриш мумкин.

"UZ DONG YANG CO" корхонасининг 9 июнь куни Озодлик суҳбатлашган мулозими коронавирус хавфи сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини айтди.

"Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси раисининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Зумрад Шожалилова Озодлик билан суҳбатда меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги корхона ишчилари эътирозлари ўрганиб чиқилишини ваъда қилди.

"UZ DONG YANG CO"нинг юзлаб ишчиси омборхонада ётиб ишламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:17 0:00

"Chevrolet" машиналарига бутловчи қисмлар ишлаб чиқариладиган Андижон шаҳридаги "UZ DONG YANG CO" корхонасининг исми ошкор этилишини истамаган ишчилари Озодлик билан суҳбатда апрель ойи ўрталаридан буён Ўзбекистоннинг меҳнат қонунчилигига зид тарзда кунига 10-12 соатлаб уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётганини билдирди.

- Омборхонада бетон полда ётамиз. Ётиб қолишга умуман шароит йўқ. Атроф қурт-қумурсқа. Чаён ҳам бор деб айтишган. Аёлларга тепадаги цехлардан жой қилиб берган, эркакларни омборхонага тиққан. Хоҳласанг шу, хоҳламасанг ишдан кетавер, дейди. Шунга ҳамма мажбур, - деди "UZ DONG YANG CO" корхонасининг исми очиқланмаслигини истаган ишчиси.

Корхона ходими сўзининг тасдиғи сифатида корхона ичидан ўзи олган сурат ва видеоларни Озодликка юборди.​

Uz Dong Yang Co корхонаси, 8 июнь, 2020 йил.
Uz Dong Yang Co корхонаси, 8 июнь, 2020 йил.

Суратларда полда картон қоғозлар, устига қаторасига кўрпачалар тўшалгани, ходимларнинг иш кийимида ётгани кўринади.

Озодликка тақдим этилган видеода ишчилар омборхонада бетон полда кўрпача тўшаб ётгани кўринади.

"UZ DONG YANG CO"нинг юзлаб ишчиси омборхонада ётиб ишламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00

"Эрталабки 8 дан кечқурунги 8 гача иш"

Корхонанинг бошқа ходими ишчилар кунига 10-12 соатдан ишлатилиб, корхонада меҳнат қонунчилиги ҳам бузилаётганини иддао қилди.

- Шанба ва якшанба кунларини ҳам қўшиб икки юз одам 15 кун подряд ишлаймиз. Эрталаб 8 дан кечки 8 гача ишлаймиз. Баъзида кунига 12 соатдан ҳам ошади. Меҳнат кодексига кўра, иш ҳафтаси 40 соатдан ошмаслиги керак. Ётиб қолишимиз смена деб қаралса¸ кейинги куни иш куни бошлангунга қадар 12 соат дам берилиши керак. Лекин, ундай бўлмаяпти. 15 кунлик сменага кириб кетяпмиз, кейин биз чиқамиз бошқа смена келади. Улар ҳам шундай шароитда ишлайди. "Розимиз, ишлаймиз, лекин ойликка қўшиладими", деб сўрадик. "Йўқ" дейишди. Корхонамиз жуда сердаромад корхона, лекин ойига оладиганимиз 1 миллион 300 минг сўм. Шуни ҳам кўп кўришяпти. Бошқа жойда шу иш ҳам йўқ, мажбурмиз, - деди "UZ DONG YANG CO" корхонаси ишчиси.

"UZ DONG YANG CO" 1996 йилда ташкил топган, корхонада мингдан зиёд ишчи ишлайди.
"UZ DONG YANG CO" 1996 йилда ташкил топган, корхонада мингдан зиёд ишчи ишлайди.

Ўзбекистон республикаси Меҳнат қонунчилигида “иш вақтидан ташқари иш” ходимнинг розилиги билан қўлланилиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 120-моддасига кўра, 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади, масалан, кундузги сменада ишлаган одам кечки ёки тунги сменада ишлаши мумкин эмас.

Озодлик билан телефон суҳбатида ўзини "UZ DONG YANG CO" корхонаси раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани"ни айтди.

Завод мулозими меҳнат қонунчилиги бузилаётгани, ишчилар белгиланган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини рад этди.

- Хавфли вирус ёйилишининг олдини олиш учун бошқа корхоналардаги каби биз ҳам 15 кунлик сменани йўлга қўйдик. Ҳаммаси ходимларни розилиги билан қилиняпти. Кунига уч маҳал бепул овқат берилади, дам олишга шароитлар қилинган. Ортиқча ишлатиш, деган нарса йўқ бизда. Бошлиқлар ҳам, мени ўзим ҳам ётиб қолиб ишлаяпман, чунки бу вақтинчалик ҳаммаси, - деди исми очиқланмаслигини истаган автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси.

"UZ DONG YANG CO"1996 йилда ташкил топган, корхонада мингдан зиёд ишчи ишлайди.

Асакадаги автомобиль заводи ходимлари бетон полга картон, уни устига кўрпача тўшаб ухламоқда.
Асакадаги автомобиль заводи ходимлари бетон полга картон, уни устига кўрпача тўшаб ухламоқда.

Бундан олдин Асакадаги "UZAUTO MOTORS" ва Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводларида ишчилар антисанитария ҳолатида ётиб қолиб ишлатилаётганларини Озодликка хабар қилган эди.

Питнакдаги завод ишчилари апрель ойи ўрталарида юборган видеода кўрпа-тўшак кўтарган юздан зиёд одамнинг завод эшиги олдида тургани кўринади.

Хоразм Автомобиль заводи ишчилари кўрпа-тўшаги билан ишга келмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:20 0:00

"Ўзавтосаноат": Ишчиларнинг эътирозини ўрганамиз!

Андижон шаҳридаги "UZ DONG YANG CO" корхонаси ҳам ​Асака ва Ҳазораспдаги автомобиль заводлари ҳам "Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи корхоналардир.

Озодлик "минглаб одам ишлайдиган корхоналарда юзлаб ишчи ҳар куни бир жойда ётиб-туриши, овқатланиши санитария талабларига, қолаверса¸ коронавирусга қарши ҳукумат комиссияси жорий қилган талабларга қанчалик тўғри келади?" деган савол билан "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси раисининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Зумрад Шожалиловага мурожаат этди.

Шожалилова: Биз ҳолатни ўрганиб чиқамиз, - деб жавоб қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 9 июнга келиб мамлакатда коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар 4 ярим минг нафарга етган.

Коронавирус аниқланган ҳудудлар орасида Андижон вилояти ҳам бор.

XS
SM
MD
LG