Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:43

Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси синовида қатнашаётган 5 кўнгиллида ножўя таъсир аниқланди


Хитойнинг Sinovac Biotech вакцинаси
Хитойнинг Sinovac Biotech вакцинаси

Хитойнинг коронавирусга қарши ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг 3-босқич клиник синовида қатнашаётган кўнгиллилардан 5 нафарида 1-даражали ножўя таъсирлар кузатилди.

Ножўя таъсир аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи шаклида бўлган.

Ножўя таъсир аниқланган кўнгиллилар синовда иштирок этаётганларнинг 0,3 фоизини ташкил қилгани ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев билдирди.

Депутатнинг таъкидлашича, коронавирус вакцинаси билан эмланган кўнгиллиларда 2- ва 3-даражали ножўя таъсирлар кузатилмаган. Ғаниевга кўра, АҚШ ва Германия ишлаб чиққан Pfizer/BioNTech вакцинасининг ножўя таъсири 2-3.8 фоизни, Россиянинг "Спутник V"вакцинасида эса 0.3-0.4%ни ташкил қилган.

Ҳозирга қадар Хитой вакцинасининг 3-босқич клиник синови доирасида Ўзбекистонда 6697 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси билан, яна 1209 таси 2-дозаси билан эмланган.

“Ушбу клиник синовнинг муваффақиятли натижалари ортидан Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланиш ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда”,-дея билдирди депутат.

Маълум қилинишича, айни масала Республика Махсус комиссиясининг 15 февраль кунги навбатдаги йиғилишида маҳкум қилинган. Йиғилишда Хитой жаҳондаги маҳаллий фармацевтика компаниялар билан ҳамкорликда ZF-UZ-2001 вакцинасини жорий йилда 300 миллион дозагача ишлаб чиқиш қувватига эга экани таъкидланган.

Махсус комиссиянинг хулоса қилишича, бу жорий йил охиригача Ўзбекистон аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.

Дониёр Ғаниевга кўра, йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов Халқаро Вакциналар Иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга Британиянинг Оксфорд университети ишлаб чиққан Astra-Zeneca вакцинасинг 2.5миллионга яқин дозасини бепул етказиб бериш бўича музокаралар якунланаётганини маълум қилган.

“Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда”,-деди Дониёр Ғаниев.

11 февраль куни Республика Махсус комиссияси Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришни бошлашга рухсат бергани хабар қилинганди.

Бу ҳақда 10 февраль куни, президент Ш. Мирзиёев махсус йиғилиш ўтказиб, аҳолини эмлаш жараёнини бошлашга топшириқ берганидан бир кун ўтиб маълум қилинди.

Озодлик 10 февраль куни вакциналар билан боғлиқ вазиятни ўрганган ва Озодликка гапирган расмийлар ҳамда фармацевтик компаниялар, Россия вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш юзасидан музокаралар "боши берк кўчага кириб қолгани"ни айтишганди.

15 февраль куни эса Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати республикада COVID-19га қарши эмлаш 2021 йилнинг март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида расман билдирган.

Расмий хабарга кўра, аҳоли коронавирусга қарши тоифаланган ҳолда эмланади. Биринчи навбатда эмланадиганлар тоифасига 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар, сурункали касалликлари бор шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари киритилган.

XS
SM
MD
LG