Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Толибон ўтмишга қайтмоқчи эмас, аммо мусиқани тақиқлайди


Толибон жангчиси Кобулдаги гўзаллик салони олдидан ўтиб бормоқда - 18 август, 2021
Толибон жангчиси Кобулдаги гўзаллик салони олдидан ўтиб бормоқда - 18 август, 2021

Афғонистонда иқтидорга қайтган толиблар ҳукуматининг муҳтамалан маданият вазири Забиҳуллоҳ Мужоҳид янги бошқарув даврида мамлакатда мусиқа ман қилиниши, аёллар эса уйларини ҳамроҳсиз 3 кундан ортиқ вақтга тарк эта олмаслиги тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади.

Узоқ вақтдан бери Толибон ҳаракатининг ОАВ билан алоқаларда асосий вакили саналмиш Мужоҳид ўтган ҳафта “New York Times” газетасига интервью берди.

АҚШ нашри суҳбатни Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг Ғарб медиасига берган илк интервьюси деб атамоқда. Бутун мулоқот давомида у август ойи ўрталарида Кобулни забт этганидан сўнг қарийб бутун Афғонистонни назорат қилаётган толиблар мамлакатни ўтмишга қайтаришга, хусусан, аёлларни уйларига қамаб қўйиб, уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини кескин чеклашга интилмаётганига суҳбатдошларини ишонтиришга уринди.

Зўравонлик ва мажбурий никоҳдан Тожикистонга қочган афғон аёллари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:29 0:00

Интервью Мужоҳид афғон аёлларини уйда қолиш улар учун хавфсизроқ бўлиши ҳақида огоҳлантирганидан бир кун ўтиб ёзилган. Унинг айтишича, Толибоннинг оддий аъзоларини аёллар билан тўғри муомала-муносабатда бўлишга ўргатилгунга қадар ҳушёрликни қўлдан бермаган маъқул.

Умуман олганда, толиблар, 20 йил бурунги бошқарув давридан фарқли ўлароқ, аёлларнинг таълим олиши, ишлаши, шунингдек, улар ўзлари лозим топган қиёфада ва маҳаллий истилоҳда “маҳрам” деб аталувчи қариндош эркак ҳамроҳлигисиз уйдан кўчага чиқишига рухсат берилишини ваъда қилмоқда.

Аёлнинг маҳрам ҳамроҳлигида юришига доир талаб у уч кун ёки ундан ортиқ муддатга сафарга чиқадиган ҳолатларгагина тааллуқлидир, дея таъкидлайди толиблар вакили.

“Биз келажакни барпо этишни ва ўтмишда бўлган ҳамма нарсани унутишни хоҳлаймиз”, урғулаган Забиҳуллоҳ Мужоҳид. У толиблар уларнинг ҳокимият тепасига келишига қаршилик кўрсатаётганлардан ёки илгари ғарблик ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилганлар, жумладан таржимонлардан қасос олишга киришгани, уйма-уй юриб одамларни қидираётгани билан боғлиқ тобора кучайиб бораётган хавотирларни рад этди.

Мужоҳид, шунингдек, Толибон Афғонистондан кетишга уринаётган маҳаллий аҳолига тўсқинлик қилаётганини ҳам инкор этган. “Барча ҳужжатлари (паспорт, виза) ҳақиқий бўлса, биз у одамлардан илгари нима иш билан шуғулланганини сўрамоқчи ҳам эмасмиз”, ишонтиради Толибон вакили.

Сўнгги пайтларда толиблар томонидан жиноятлар содир этилгани ва инсон ҳуқуқлари жиддий бузилгани ҳақида қатор хабарлар ёйинланган эди. Хусусан, бир неча кун олдин БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида толиблар Афғонистонда одамларни судсиз қатл этаётгани, уйларида тинтувлар ўтказаётгани, қамоққа олаётгани, ўч олиш мақсадида жазолаётгани, шунингдек, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини чеклагани ҳақида ишончли маълумотлар мавжудлиги айтилди.

“New York Times” ёзишича, толиблар вакили сўнгги кунларда олинган барча маълумотлардан фақат жамоат жойларида мусиқа тақиқланганини тасдиқлаган холос. “Исломда мусиқа ман этилган, аммо биз одамларга босим ўтказмоқчи эмасмиз, балки уларни ишонтиришга умид қиляпмиз”, дейди нашр суҳбатдоши.

1996 йилдан 2001 йилгача давом этган биринчи бошқаруви даврида толиблар шариатнинг қатъий тартиб-қоидаларини жорий этган эди. Ўша йиллар мамлакатда кўплаб сиёсий ҳуқуқлар, асосий эркинликлар чекланган, қатъий қоидалар энг аввало аёллар ва қизларга нисбатан татбиқ этилган эди.

XS
SM
MD
LG