Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:41

Толибон оғир иқтисодий аҳвол ва хавфсизлик муаммоларига дуч келмоқда


Банкдан пулини олиш учун навбатда турган афғонлар - Кобул, 1 сентябрь, 2021
Банкдан пулини олиш учун навбатда турган афғонлар - Кобул, 1 сентябрь, 2021

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон раҳбарлари иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасида жиддий қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Ҳозирги Афғонистон 20 йил олдин толиблар ҳокимиятдан ағдарилган вақтдаги Афғонистон эмас.

Толибон 1990-йилларнинг иккинчи ярмида ҳукмронлик қилган даврда Афғонистон қашшоқ, қишлоқ хўжалигига таянувчи давлати эди. Толибон асосан исломининг радикал талқинини шусиз ҳам анъанавий ҳаёт кечираётган ва итоаткор халқ орасида жорий қилиш билан машғул бўлди.

Бу сафар уларга кичик бўлса-да савод чиқарган ўрта синф ва нисбатан ривожланган жамият, шунингдек, уруш ва коррупция натижасида вайрон бўлган иқтисодиёт мерос қолди. Толибон 15 августда Кобулни эгаллаб олишидан олдин ҳам мамлакатда ишсизлик даражаси 30 фоиздан юқори эди ва АҚШнинг йигирма йиллик аралашуви ва мамлакатга берилган миллиардлаб доллар ёрдамга қарамай, афғонларнинг ярмидан кўпи қашшоқликда яшаётган эди.

Толибон афғонистонликларни 1996 йилдан бери ўзгарганига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Ўшанда эркаклар соқол ўстиришга, аёллар эса бутун танани ёпиб турадиган бурқа кийишга мажбур эди. Қизларга таълим олиш ман этилган, мусиқа ва телевидение каби кўнгилочар нарсалардан воз кечилганди.

Бу ўтмиш кўплаб афғонистонликларни хавотирга солмоқда. Мамлакатнинг янги раҳбарлари ортида эски толиблар яширингани ҳақида қўрқув мавжуд. Шу сабабдан Толибоннинг ваъдаларига қарамай, кўп одам ўз иш жойига қайтишга ошиқмаяпти. Минглаб одамлар эса Афғонистонни тарк этди.

«Толибон олдидаги энг катта масала – Афғонистонни бошқараётиб, бошқаларни ҳам қабул қилиш», деди Ғарб томонидан дастакланган собиқ ҳукуматнинг маслаҳатчиси Торек Фарҳодий «Associated Press» агентлигига берган интервьюсида.

«Улар ҳарбий ғалабага эришганликларини ҳис қилмоқдалар, шунинг учун уларга бошқаларга амал совға қилиш ғалати туюлиши мумкин», дейди Фарҳодий.

Аммо, унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат барча афғонистонликлар, шу жумладан, аёллар ўз вакилларига эга эканликларини ҳис қилсаларгина муваффақиятга эришади.

Толибоннинг ҳозирги раҳбарлари орасида 1990-йиллардаги муросасиз тузумни бошқарганлар сони кўп. Аммо «Associated Press» агентлиги мақоласида айтилишича, сургунда юрган Толиблар раҳбарлари ўзгарган кўринади.

1996 йилда Мулла Абдул Ғани Бародар Қандаҳорда қолишни маъқул кўриб, зўрға Кобулга кўчишга рози бўлган. Аммо сўнгги йилларда у Толибоннинг энг кўзга кўринган сиёсий музокарачиси бўлиб етишди. Қатарда яшади. Бародар бугунга қадар юқори лавозимли Россия, Хитой ва ҳатто АҚШ сиёсий раҳбарлари билан ёнма‑ён турди.

Янги Толибон тузуми муроса қилишга уринмоқда. Гуруҳ собиқ мухолифларни мамлакатга қайтишга чақирди ва қасос олмасликка ваъда берди.

Янги ҳукумат тузиш Толибон учун илк йирик синов бўлади. Улар янги ҳукумат Толибон бўлмаган шахсларни ўз ичига олишини ваъда қилди, лекин улар ҳақиқатан ҳам ҳокимиятни бўлишишга тайёрми ёки йўқлиги аниқ эмас.

Инклюзив ҳукумат афғонларнинг, айниқса, ёш ва ўқимишли одамларнинг оммавий равишда мамлакатни тарк этишини секинлатиши ва халқаро ҳамжамиятни Афғонистон учун ҳаводек зарур бўлган ёрдам пулларини юборишда давом этишга кўндириши мумкин.

Толибон олдида зиддиятли талаблар турибди. Ҳатто гуруҳ раҳбарлари орасида ҳам мамлакатни қандай бошқариш кераклиги тўғрисида қарама-қарши фикрлар мавжуд. Бундан ташқари, Афғонистондаги қабила етакчилари таъсирини ҳам эътиборга олиш керак.

Шахс ўлароқ шаклланаётган йилларини жанг майдонида ўтказган ва АҚШдек қудратли давлат устидан ғалаба қозонганига ишонувчи минглаб жангчиларни ҳам унутмаслик керак. Кўплаб ёш жангчиларни муросага келишдан барча манфаат топишига ишонтириш мушкул ёки имконсиз бўлиши мумкин.

Ўтмишда Толибон ўзининг асл эътиқодига хиёнат қилди, деган хулосага келган норози толиблар «Исломий давлат» гуруҳига ўтиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган. Айни дамда бу гуруҳ мамлакат хавфсизлигига асосий таҳдидлардан биридир. Ўтган ҳафта ИШИД террорчиси Кобул аэропорти яқинида ўзини портлатиб юборди, натижада 169 нафар афғон ва 13 америкалик ҳарбий ўлди. Хуруж Афғонистондан хорижликлар ва Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик қилган афғонларни эвакуация қилиш амалиётини издан чиқарди

Бундан ташқари, Толибонда кўп вақт йўқ.

Иқтисодиёт йиллар давомида таназзулдан чиқмай келади. Агар Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, мамлакат фуқароларининг иқтисодий ёрдамга бўлгани талаби кучаяди. Агар собиқ президент Ашраф Ғани ҳукуматининг 80 фоиз харажатларини молиялаштирган халқаро ҳамжамият ёрдам бермай қўйса, Толибон аҳолининг бундай талабларини бажара олмаслиги муқаррар.

АҚШда жойлашган Вильсон маркази таҳлилчиси Майкл Кугельман янги ҳукумат тезкорлик билан натижа кўрсатиши ва иқтисодий инқирозни енгиллатиши кераклигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Толибон муваффақиятсизликка учраса, «Толибонга қарши кенг миқёсли норозилик намойишлари юзага келиши мумкин. Бу эса ҳокимиятни мустаҳкамлашга уринаётган Толибон учун катта қийинчилик туғдиради».

Афғонлар толибондан қочиб Покистонга ëпирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00

Аммо Толибон халқаро хавотирларни бартараф этиш учун нақадар муроса қилиши гуруҳ раҳбарияти ичида, хусусан, қатъий мафкурага эга бўлганлар ўртасида зиддиятни янада кучайтириши мумкин.

Фарҳодийнинг сўзларига кўра, Афғонистондан хорижга кетганлар орасида тажриба захираси шакллаган бўлиб, Толиблар ушбу ресурсдан фойдаланиши мумкин, лекин кўп нарса янги ҳукуматга боғлиқ бўлади.

Кугельман ҳам Толибон хориждаги афғонлар тажрибасига муҳтож эканини таъкидлади.

«Катта сиёсий инқироз юзага келган бир пайтда сиёсат билан шуғулланиш тажрибаси бўлмаган тузум ҳокимиятга келди. Халқаро ҳамжамият Толибон ҳукуматига маблағ оқимини тўхтатмоқчи экани вазиятни янада мушкуллаштиради», деди у.

«Ҳар доимгидек одамлар, афғон халқи энг кўп зарар кўради», дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG