Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Сўхдаги жанжалда қовуғидан яраланган йигит оғир аҳволда қолмоқда


Чашма қишлоғида 31 май куни содир бўлган тўқнашув, 2020
Чашма қишлоғида 31 май куни содир бўлган тўқнашув, 2020

31 май куни Ўзбекистон - Қирғизистон давлат чегарасида бўлган инцидентда ўқ еган сўхлик 19 яшар йигит оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

Йигитнинг отаси, Озодлик билан суҳбатда, ўғли ҳануз шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолаётганини айтди. Исмини сир сақлашни лозим топган отага кўра, шу кунга қадар ИИВ ёки прокуратура ўғлининг жароҳатлангани юзасидан унга мурожаат қилмаган.

Сўх туман ИИБ ва Фарғона вилоят ИИБдан ҳам чегарадаги инцидентда ўқ отар қуролдан жароҳатланганлар бўйича суриштирув олиб борилаётганига оид бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Дамира Юсупова эса 31 май кунги инцидентда қирғизистонликлар томонидан бирорта ўқ отилмаган, бирорта қурол қўлланилмаган, деб баёнот берди.

31 май кунги инцидент давомида ўқ егани айтилаётган 13 сўхликдан бири - 19 яшар ярадор йигитнинг отаси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўғли билан боғлиқ сўнгги вазият ҳақида бундай деди:

“Бугун (4 июнь) оддий палатага олишади, дейишганди. Ҳозирча олишмапти. Олдига бизни киритишмаяпти. Сўнгги марта телефонда гаплашганимда: “Дада яхшиман”, деди”.

(Озодликда бу бемор ва унинг отаси шахсига оид тўлиқ маълумот бор)

Сўхлик отанинг айтишича, 31 май куни инцидент содир бўлганда у яйловда эди. Ўғли жароҳатланганини эшитгач, қишлоққа қайтган:

“4 соатдан кейин келдим. Кейин эшитсам, ўша ерда жанжал бўлган. Ўша ерда уйлар ёнганда борган экан ўғлим. Билмадим энди, ўтни ўчиришга борганми, чунки ўт ўчирувчиларни ёнаётган уйлар томонга киритишмапти одамлар, деб эштдим. Ўшанда бирданига ўқни товуши чиққан ва ўғлим йиқилиб тушган, ўзимизнинг территорияда. Қарашса, ўқ еган. Кейин шифохонага олиб кетишган”.

Отанинг айтишича, ўғлининг дарди билан бўлиб, у шу кунгача ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаган. Идоралардан ҳам суриштириб, бирор киши келмаган.

Озодлик суҳбатлашган бу отанинг 19 яшар ўғлини шифокор муолажа қилаётгани акс этган видео ҳам Озодликка келиб тушди.

  • Видеода шифокор қонга беланиб ётган беморнинг жароҳатларини таърифлайди. Видео киши таъбини хира қилиши мумкинлигини ҳисобга олиб ва унда акс этган бемор танасининг интим қисмлари кўрингани учун Озодлик уни эълон қилмаётир.

Видеода шифокор, беморнинг милтиқ ўқидан жароҳатлангани, ўқ беморнинг 4 жойига, шу жумладан жинсий аъзосига текканини кўрсатади:

“Мана жароҳатланган жойлари: битта, иккита, учта, тўртта. Иккита ўқ теккан, битта ўқ бир тарафидан кириб, нариги тарафидан чиқиб кетган”.

31 май куни Озодликка хабар йўлланган сўхлик тиббиёт ходимларидан бири айни жароҳатлар билан тушган бемор ҳақида билдирган эди:

"Бир бемор ўқ еган, пистолетдан. Оёғига, бўйнига ва жинсий азосига ўқ еган. 2001 йилда туғилган М.С.С. Ўқ бир томонидан кириб нариги томонидан чиққан. Аҳволи ўрта оғир, кўп қон йўқотган".

1 июнь куни Сўх туман Тиббиёт бирлашмаси ва бу ерда ишлайдиган бир неча шифокор, инцидент рўй берган куни ўқ еган 13 киши бирлашмага келтирилгани, сўнгра улар вертолётлар ёрдамида вилоят шифохоналарига етказилганини билдирган эди.

Бироқ Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов эса 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда ҳодисада 3 кишигина ов милтиғидан жароҳатланганини билдирган.

Бундан ташқари, Сўх туман ҳокимлиги Ахборот хизмати, 1 июнь кечга яқин, жами жароҳатланган 187 беморнинг 15 нафари вертолётларда вилоят шифохоналарга етказилганини билдирган.

Аммо, Озодлик чегарадаги инцидентда ўқ отар қуролдан жароҳатланган сўхликлар иши бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштирув олиб бораётгани ҳақида бирор маълумотга эга эмас.

Сўх тумани ИИБ бу борада барча маълумотни Фарғона вилояти ИИБдан олиш мумкинлигини айтди.

"Фарғона вилоят ИИБнинг матбуот билан алоқаларига масъул Исмоилжон Шарипов", деб тақдим қилинган вакил, вилоят бошқармасида айнан қуролдан жароҳатланиш ҳолати бўйича суриштирув бораётганидан хабардор эмаслигини айтди. Вакил мавжуд маълумотларни аниқлаб, сўнгра хабар беришни ваъда қилди. Ҳозирча бу вакилдан якуний маълумот келиб тушгани йўқ.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Дамира Юсупова эса, 4 июнь куни Озодлик радиоси қирғиз хизмати сўровига жавобан, 31 май кунги инцидентда қирғизистонликлар томонидан бирорта ўқ отилмаган ва бирорта қурол қўлланилмаган, деб баёнот берди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарада содир бўлган 31 май кунги тўқнашув ва бундан сўнгги воқеалар ривожига оид бошқа маълумотлар билан Озодликнинг жонли блогида танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG