Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Рус-қозоқ чегарасида ётган муҳожирларга иш ва ётоқ таклиф этилди. Муҳожирлар кўнмади (ВИДЕО)


Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида қолаётган ўзбекистонликлар. 25 майда олинган видеодан кадр. Самара области, Маштаково назорат-ўтказиш пункти яқинидаги дала.
Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида қолаётган ўзбекистонликлар. 25 майда олинган видеодан кадр. Самара области, Маштаково назорат-ўтказиш пункти яқинидаги дала.

Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида тўпланиб қолган 300 га яқин ўзбекистонлик муҳожирга Самара областида иш ва ётоқхона таклиф қилинди.

Ўзбекистоннинг Қозондаги консуллиги Самара области ҳукуматининг бу таклифига атиги 25 киши кўнгани, қолганлар чегарада қолаётганини, улар Ўзбекистонга кетишни истаётганини хабар қилди.

Озодлик билан суҳбатда чегарадаги ўзбек йўловчилари таклифни қабул қилмагани сабабларини тушунтирди.

Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консулхонаси келтирган маълумотга кўра, Ўзбекистонга кетиш илинжида Россия-Қозоғистон чегарасида қолаётган ўзбек муҳожирларига иш жойлари таклиф қилинди. Иш жойида улар ётоқ ва иссиқ овқат билан таъминланади. Бироқ Самара вилояти ҳукуматининг бу таклифини ҳамма ҳам қабул қилмаган:

- Бизнинг огоҳлантиришларимизга қарамасдан рус-қозоқ чегарасида 280 га яқин Ўзбекистон гражданлари тўпланди. Қозондаги Бош консуллик маълумотича, Самара вилоят ҳукумати юқорида кўрсатилган гражданларга минтақадаги саноат объектларида ётоқ ва иссиқ овқат билан таъминланган иш жойлари таклиф этди.

Афсуски, таклифни 25 киши қабул қилди, қолганлар вилоятнинг Катта Черниговка туманида қолмоқда. Ишга жойлашиш имкониятидан воз кечаётган чегарадаги юртдошларни ўзларининг вақтинчалик яшаб келган жойларига қайтиш ва чартер рейслар уюштирилишини ўша ерда кутишни қатъий сўраб қоламиз, дейилади элчихона расмий хабарда.

Ўзбекистон бош ваколатхонаси 18-19 май кунлари олдиндан тузилган рўйхат асосида ўтказилган транзит колоннага Қозоғистон ҳукумати истисно тариқасида рухсат бергани, яқин орада бошқа транзит учун рўйхат тузиш режада йўқлигини ҳам маълум қилди.

Озодлик радиоси Россия ва Қозоғистоннинг “Маштаково” чегара назорат пункти яқинида пайдо бўлган ўзбек муҳожирлари лагеридаги вазиятни кузатиб бормоқда.

Чегарада тўпланаётган ўзбекистонликлар учун Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Қозондаги консуллиги кўмагида 22 махсус палатка ўрнатилиб, муҳожирларни иссиқ овқат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди.

Бироқ, яқин орада Қозоғистон ўзбекистонликлар учун транзит йўлини бошқа очмаслиги билдирилганидан сўнг, 22 май куни кечга яқин палатка-шаҳарча бузиб ташлангани тўғрисида хабарлар кела бошлади.

Чегарада қолаётганлар ўзбек мигрантлари сони 280 кишидан ошди
Чегарада қолаётганлар ўзбек мигрантлари сони 280 кишидан ошди

Озодлик билан алоқада бўлиб турган ўзбек йўловчилари уларга иш таклиф этилгани, бироқ кўпчиликда бу таклифлар жиддий шубҳа ўйғотганини айтишди.

- Тўртта боламизни “Иш бор!”, деб олиб кетиб, Самара чегарасидаги постдан у ёққа ўтказиб, кетига тепворибди. “Қаерга борсанг боравер - қайтиб келма, киритмаймиз!”, дебди. Болалар бизга телефон қилиб, “Маҳкам бўлинглар- кетманглар, алдайди”, деди.

Ҳозир бу ерда Дилёрами, Дилфузами деган аёл “Элчихонада ишлайман”, деб юрибди экан иш таклиф қилиб, ҳаммани алдаб юрибди. Ўша чегарадан чиқартирворган болларни шу олиб кетганди. Консул келганди - “У аёлни танимайман, бизнес қилиб юрибди”, деди. Бизда бу таклифларга ишонч қолмади - чегарадан чиқарворса қаерга борамиз пулсиз-жойсиз?! - деди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик муҳожир чегарага олиб ўтувчи милиция постида 30-40 ўзбекистонлик чегарага яқинлаштирилмаётганига ҳам гувоҳ бўлиб келганини билдирди.

Бугунга келиб Самара полицияси чегарага яқинлашмоқчи бўлган хориж гражданлари ҳужжатларини текширишни бошлагани, уларга жарима солиш билан таҳдид қилаётгани айтилди.

Озодликка юборилган видеолавҳалардан палаткалари бузилган ва иссиқ овқат таъминотидан узилган ўзбек муҳожирлари картон тўшаб, ерда ётишга мажбур бўлаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистонлик мигрантлар Россияда авж олиб бораётган коронавирус эпидемияси ҳолатида ишсиз-маблағсиз қолгани сабабли чегарага келишга мажбур бўлаётганини айтмоқда.

18-19 май кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари келишувига биноан 1200 нафар чегарада тўпланган ўзбекистонлик мусофирлар учун Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит йўлаги очилган эди. Ўзбекистон давлати бу транзитга 125 минг Россия рубли миқдорида ҳаражат бўлганини эълон қилди.

Қозоғистон чегарада икки ҳафтадан буён уйига қайтиш учун тўпланиб турган ўзбекистонликлар учун истисно тариқасида транзит йўлаги очиб берган эди.

Бу маълумотдан хабар топган бошқа ўзбек мигрантлари ҳам чегарага келишни давом этди.

Ғишткўприк (халқ тилида Черняевка) ўзбек-қозоқ чегарасига Ўзбекистонга ўтиш учун келган ўзбекистонликлар ҳам минглаб одам чегарада кутаëтган бўлишига қарамасдан Ўзбекистон уларни қабул қилмаётганини хабар қилганди.

23 май куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хорижда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун чартер рейсларнинг навбатдаги рўйхатини эълон қилди. Ўзбек гражданлари 17 рейсда Туркия, БАА, Мисрдан ва энг катта қисми Россиядан олиб чиқилиши хабари чиқди.

XS
SM
MD
LG