Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:55

Пул ўрнига сочиқ. Намангандаги UzTex фабрикаси ишчиларига маошнинг бир қисмини маҳсулот билан тўлади


“UzTex Group” қўшма корхонасининг Чортоқ филиали (Наманган вилояти) ўз ишчиларига 5 килодан тайёр маҳсулот – қиймати 250 минг сўмлик сочиқ ёки бошқа трикотаж маҳсулотларини апрель ойи иш ҳақи ҳисобидан мажбурлаб берди.

Ишчилардан олинган бу маълумотни корхона вакили тасдиқлади.

Ишчи-хизматчиларга иш ҳақини улар ишлаб чиқарган маҳсулот билан тўлаш амалиёти 90-йиллар бошида, мамлакат иқтисодиёти гиперинфляция туфайли фалаж ҳолатга тушиб қолган даврда кузатилган эди.

5 килоси иш ҳақи, 1 килоси бонус

“UzTex-Чортоқ”да 700 минг сўм маошга тикувчи бўлиб ишлайдиган аёл 27 апрелда Озодликка:

“Куни кеча фабрика раҳбарияти ҳар бир ишчи 5 килодан маҳсулот олиши кераклигини, эвазига ойлигимиздан 250 минг сўмдан ушлаб қолиниши айтишди”¸ деб хабар қилди.

Бу ва корхонанинг бошқа ишчилари ишдан ҳайдалишидан қўрқиб, исми айтилмаслигини сўради.

Ишчилар иш ҳақининг бир қисми маҳсулот билан тўланаётгани ҳақида “юқорига арз қилишга” ҳам улгуришган. Лекин вазият ўзгармаган, бироқ шикоятдан наф ҳам бўлган: аввалги 5 кило ёнига яна 1 килолик “бонус” қўшилган.

Фабриканинг яна бир ишчисининг айтишича, ишчиларга улар ўзлари ишлаб чиқарган сочиқ ёки бошқа трикотаж маҳсулотлари 25 апрелда тарқатилган.

Тикувчилар иш ҳақи сифатида берилган маҳсулотни олиб кетмоқда.
Тикувчилар иш ҳақи сифатида берилган маҳсулотни олиб кетмоқда.

Озодлик ихтиёрида ишчилардан биридан келган видео ҳам бор. Видеонинг олд планида турган ёш аёллар (тикувчилар эканлиги тушунилади) орт пландаги йигитлар қора сувқоғоз халталарга солинган нарсаларни бир неча қаторга тераётгани акс этган.

Видео охирроғида тикувчи аёллардан бири иккинчисига: “Қаерда сотасиз? Уйингизда сотасизми?” деганини илғаш мумкин.

Намангандаги UzTex фабрикаси ишчиларига маошнинг бир қисмини маҳсулот билан тўлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

Видеода акс этган сувқоғоз халталардан бири ва унинг ичидагилар суратини Озодлик UzTex-Чортоқ тикувчиларидан сўраб олди.

“Иш ҳақи” бозор нархида берилди Ёки оддий арифметика

“UzTex-Чортоқ” тикувчисидан олинган суратда видеодаги сувқоғоз халталардан бири акс этган.

Тикувчилардан бирига берилган "иш ҳақи".
Тикувчилардан бирига берилган "иш ҳақи".

Сурат эгасининг айтишича, халтада 10 та ҳаммом пахмоқ сочиқ (70 см X140 см) ва 16 та пахмоқ сочиқча (30 см X30 см) бор.

Тикувчилардан бирига эни 70, бўйи 140 сантиметрли ҳаммом сочиғидан 10 та берилди.
Тикувчилардан бирига эни 70, бўйи 140 сантиметрли ҳаммом сочиғидан 10 та берилди.

Тикувчининг айтишича, у якшанба куни Чортоқ бозорида сочиқларнинг баҳосини ўрганган. “Мендаги катта сочиқлар 18 минг, салфетка сочиқлар 5 мингдан экан”, деди аёл.

Демак, агар аёл сочиқларини бозор нархида сота олса, 10 та катта сочиғини 180 минг сўм, 16 та кичигини 80 минг сўмга, жами 260 минг сўмга яратади. Бир қарашда ишхона ишчиларига қайишгандай: 260 минг сўмлик товарни 250 мингга ўтказяпти.

“Лекин, - деди тикувчи аёл, - мен бозорчимасман, ўзим бозор нархида кимга сота оламан? Бозорда ўтирган савдогарларга ярим нархида ўтказиб беришга мажбур бўламан. Ўшандаям олишса…”.

Корхона вакили: Экспорт тўхтаб қолди

UzTex-Чортоқ раҳбарияти телефонини кўтарган, лекин ўзини таништирмаган ходим ишчилар иш ҳақининг бир қисми маҳсулот билан тўланганини тан олар экан, бу амални “карантин сабаблари туфайли экспорт тўхтаб қолгани” билан изоҳлади.

Озодликдаги суратлардан катта сочиқ ҳам, кичиги ҳам жорий йил февралида ишлаб чиқарилганини, яъни бу маҳсулотлар камида икки ойдан бери омборда ётганини тушуниш мумкин.

Иш ҳақи сифатида берилган сочиқнинг ёрлиғида у 2020 йилнинг фералида ишлаб чиқарилгани кўрсатилган.
Иш ҳақи сифатида берилган сочиқнинг ёрлиғида у 2020 йилнинг фералида ишлаб чиқарилгани кўрсатилган.

“UzTex-Чортоқ” вакилининг айтишича, корхона раҳбарияти ишчиларга мурувват қилган:

“Чет элда бу товарларнинг килоси 70-80 минг сўмданга тўғри келади. Биз эса, 50 мингдан тарқатдик”.

Корхона тўхтаб турибди, лекин бунга вируснинг алоқаси йўқ

“UzTex-Чортоқ” вакили сўзларига қараганда, коронавирус карантини чекловлари бу корхона ишига таъсир қилмаган. Корхона иши бир ҳафта олдин 4 майгача тўхтаган, лекин бу узилиш вирус билан боғлиқ эмас:

“Чирчиқдаги бош ишхонамиз бизга материал етказиб беролмаяпти, шунинг учун тўхтадик”.

Корхона ишчиларидан бирининг айтишича, 4 майгача давом этадиган ишдаги узилиш кунлари учун уларга ҳақ тўланмаслиги айтилган.

“UzTex Group” қўшма корхонасининг Чортоқ филиали фойдаланишга жорий йил январда топширилгани хабар қилинган эди. Корхона вакилининг Озодликка айтишича, “UzTex-Чортоқ” аслида 2019 нинг сентябридан буён ишлаяпти, лекин очилиш маросими январда ўтказилган.

Очилиш маросими ҳақидаги хабарда лойиҳа қиймати 50 миллиард сўм бўлган йирик текстиль корхонаси тўлиқ қувват билан ишлай бошласа, йилига 6 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони пайдо бўлажаги айтилган.

Шунингдек, корхонада 800 нафар маҳаллий ишчи доимий иш билан таъминланиши, уларнинг 650 нафари ишни эндигина бошлаган йигит-қизлар эканлиги хабар қилинган.

90-йилларга қайтиляпти?

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида СССРда ишлаб чиқариш таназзулга юз тутган, 90- йиллар бошида Совет Иттифоқи тарқаб кетгач, бошқа постсовет мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариш мутлақ фалаж ҳолатга тушиб қолган, оёқда туриб қолган баъзи корхоналар ўз ишчиларига иш ҳақини улар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулот билан тўлашга ўтган эди.

Коронавируснинг тез суръатларда тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чоралари дунё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон иқтисодиётига кучли зарба бермоқда.

Мана шундай шароитда иқтисодиёт яна 90- йиллар бошидаги аҳволга қайтиб қолмайди? OzodNazar эшиттиришининг бу саволига иқтисодчи олим, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев 16 апрелда бундай жавоб берган эди:

- Йўқ. Қайтмаймиз. Коронавирус туфайли Ўзбекистон иқтисодиётида бу йил ўсиш бўлмайди. Аксинча 1-2 % ортга кетади. Лекин бу қўрқинчли эмас. Тўғри, аввалгидай 5 %лик ўсиш йўқ. Бироқ карантиндан чиқиб олсак, яна олға кетиб қоламиз.

“UzTex-Чортоқ” корхонасида юзага келган вазият иқтисодиётчи олим бундан 10 кун муқаддам бироз оптимистлик қилмаганми, деган шубҳани пайдо қилди.

XS
SM
MD
LG