Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:06

Ортиқхўжаев реклама баннерлари бузилаётгани ҳақидаги саволдан нега қочди?


Шу ой бошида баъзи реклама агентликлари баннерлар олиб ташланишига норозилик сифатида Тошкент кўчаларида акция уюштирди.
Шу ой бошида баъзи реклама агентликлари баннерлар олиб ташланишига норозилик сифатида Тошкент кўчаларида акция уюштирди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт кўчаларидаги реклама баннерлари нега суд қарорисиз бузиб ташланаётгани ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.

27 май куни Qalampir.uz нашри журналисти пойтахт ҳокимини йўл-йўлакай саволга тутгани акс этган видео тарқалди.

Савол ўтган ҳафта Тошкентда ўтказилган ёшлар фестивали чоғида янграган.

Журналист хизмат машинаси томон бораётган Тошкент ҳокимидан тадбиркорларни қанчалик қўллаб-қувватлашини сўраганида “Барча турдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлайман”, деб жавоб қайтаради.

Аммо ҳокимга реклама конструкциялари суд қарорисиз бирма-бир бузиб ташланаётгани ҳақида савол берилганида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев саволни жавобсиз қолдириб, қадамини тезлатади.

“Бу билан қонунсизликни тан оляпти”

Тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи тошкентлик фаол Умид Мўйдиновга кўра, Тошкент ҳокимининг журналист саволидан қочиши унинг “барча қонунсизликларни тан олаётганини англатади”.

“Бу билан у барча бузилишлар ноқонуний эканлигини тан оляпти, бўлаётган қонунсизликни тан оляпти, холос. Менинг фикримча, реклама баннер бизнесига кимдир кўз тиккан, чунки буйруқ энг тепадан бўлганини айтишган. Ортиқхўжаевнинг эса жим туриб, ўзини ҳеч нарса бўлмаётганга солиб туришдан бошқа чораси йўқ”, - дейди Мўйдинов Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент йўлларидан реклама баннерлари олиб ташланмоқда
Тошкент йўлларидан реклама баннерлари олиб ташланмоқда

Суҳбатдошнинг айтишича, сўнгги икки ой ичида Тошкент шаҳрида 700дан ортиқ реклама баннери суд қарорисиз бузиб ташланган.

Исми очиқланишини истамаган реклама ширкати эгаларидан бири Озодликка “бу қонунсизликлар Биринчининг буйруғи билан” қилинаётганига ишонишини айтган эди.

“Тошкент шаҳар ҳокими ўзини журналистлар олдида гўё ҳеч нарсани кўрмаганга, билмаганга оляпти. 12 апрель куни Ортиқхўжаев билан учрашдик. Тинч келишайлик, деб бизни хонага олиб киришди. Телефонларни олиб қўйиб, бизга пўписалар қилишди. Ҳоким “жанжал қилманглар, “Озодлик”ка гапирманглар, баттар бўлади”, деб қўрқитди. Жим турсак иш ҳал бўлармикан, деб ўйладик. Лекин бузишлар ҳозир ҳам давом этяпти. Судга бордик, судларни ҳам бунга тиши ўтмаяпти. Демак энг тепада кимгадир керак бўлиб қолган бу бизнес”, - дейди Тошкентдаги реклама агентлиги эгаларидан бири.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналист саволидан қочиши ижтимоий тармоқда кулгига ҳам сабаб бўлди.

Видео остида қолдирилган изоҳларда Леонид Гайдайнинг “Ит Барбос ва ғаройиб пойга” филмида Қўрқоқ оғзида динамит билан қувлаётган итдан қочаётгани саҳнаси акс этган суратлар бор.

“Буйруқ энг тепадан келган”. Тошкентда юзлаб реклама баннери бир кечада олиб ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00

Президентга мурожаат ҳам натижа бермади

Шу ой бошида баъзи реклама агентликлари баннерлар олиб ташланишига норозилик сифатида Тошкент кўчаларида “Ушбу реклама қурилмаси ФАҚАТ СУД ҚАРОРИ асосида демонтаж қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20-февралдаги 104 сонли қарори. Ҳурматли ПРЕЗИДЕНТИМИЗ, бизга ёрдам беринг!!!” деб ёзилган ижтимоий рекламаларни ўрнатди.

Тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи тошкентлик фаол Умид Мўйдиновга кўра, бу акциядан ҳам натижа чиқмаган.

“Бемаънилик шундаки, кимдир ички кийимда сумалак ковласа, метрода тўй қилса милиция, суд тизимлари дарров оёққа туради, ҳамма жазоланади. Аммо кўчада тадбиркорларнинг мол-мулки очиқчасига йўқ қилинадию, ҳеч ким ҳеч нарсани сезмайди, жумладан ҳоким ҳам, президент ҳам”, - дейди Умид Мўйдинов.

Тошкент йўлларидан реклама баннерлари 8 апрелдан бери олиб ташланмоқда. Озодлик гаплашган Тошкент шаҳри ва баъзи туман ҳокимликлари мулозимлари баннерлар бузилишини изоҳлашдан бош тортишди.

Тадбиркорларга кўра, муаммога эътибор қаратган Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов Ўзбекистон пойтахтида 50 фоизга реклама баннерлари етишмовчилиги мавжудлиги ҳақида гапирган.

Дилмурод Қосимов мазкур муаммо устида бизнес вакиллари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари билан музокаралар олиб борилаётганини билдирган.

Бундан олдинроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкентдаги реклама шчитларининг ярмиси “ноқонуний ўрнатилгани” тўғрисида қарор чиқарганди.

Қўмита расмий хабарида айтилишича, ҳукумат қарорига биноан биринчи даражали марказий кўчаларда 2020 йилнинг 31 декабригача, иккинчи даражали марказий кўчаларга эса 2021 йилнинг 31 декабригача “юқори технологик қурилмалар”, яъни реклама мониторлари ўрнатилиши кўзда тутилган.

Озодлик Тошкент шаҳар кўчаларида ўрнатилган юзлаб реклама баннери шу йилнинг 8-дан 9 апрелга ўтар кечаси олиб ташлангани тўғрисида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG