Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:59

Ортиқхўжаевнинг “ақлли” ҳисоблагичлари сабаб юзлаб одам ишидан айрилди


"Ҳудудгазтаъминот" ишчиларидан бир гуруҳи ҳашар пайти. (Бу ишчилар орасида ишдан бўшатилганлари бор-йўқлиги Озодликка номаълум)
"Ҳудудгазтаъминот" ишчиларидан бир гуруҳи ҳашар пайти. (Бу ишчилар орасида ишдан бўшатилганлари бор-йўқлиги Озодликка номаълум)

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ кейинги икки ой ичида ўз ишчилари сонини иккинчи бор қисқартирмоқда.

5 май куни ширкатнинг юзлаб ишчиси ишдан бўшатилиши борасида огоҳлантириш хати олди. Ўтган ойда ҳам ширкатнинг юзлаб ишчиси ишдан бўшатилганди.

Ширкат ишчилари иддаосича, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бренд остида хонадонларга ўрнатилган “ақлли” газ ҳисоблагичлари сабаб “Ҳудудгазтаъминот” Texnopark МЧЖдан катта миқдорда қарз бўлган.

Ушбу қарз сабаб ходимлари ойлигини тўлай олмаган ширкат ўз ишчиларини ишдан бўшатишга мажбур бўлаётгани айтилди.

“Ҳудудгазтаъминот” мутасаддилари ишчилар қисқартирилаётганини тасдиқлади, бироқ бунинг сабабини изоҳламади.

"Hududgaz Xorazm" МЧЖ ишчилари номидан Озодликка бўлган мурожаатда ташкилотнинг ўнлаб ишчилари бесабаб ишдан бўшатилаётгани айтилган.

“1 апрелдан “Ҳудудгазтаъминот" АЖ мамлакат бўйлаб мингдан зиёд ишчини ишдан ҳайдаганди. 5 май куни яна шунча ишчини ишдан бўшатиш ҳақида қарор чиққанини айтишди. 7 май куни мажлис қилиб, ишдан бўшатилаётганларга огоҳлантириш хатлари беришди”,- деди аноним қолишни истаган ишчи.

"Hududgaz Navoiy" МЧЖ ишчиларидан бири эса ўзи ҳам ишдан бўшаш ҳақида огоҳлантириш олганини Озодликка айтди:

“Бизда ҳам ишдан бўшатишлар икки ойдан бери давом этяпти. 7 май куни менга ҳам ишдан бўшаш ҳақида огоҳлантириш беришди. Ишдан бўшаш рўйхатига тушганлардан беш киши эътироз билдириб, йиғилишга келмаганди, уларга огоҳлантириш хатини почта орқали юборишди”.

Ишчиларга кўра, ширкат мамлакат бўйлаб жами 5та лавозимни бутунлай қисқартирмоқда:

“Ўтган ой назоратчи штатидаги ишчилар бўшатилганди. Ҳозир бухгалтер, кадрлар бўлими бошлиғи, авария-диспетчерлик бўлими бошлиғи, омбор мудири ва механик штатидагилар ишдан ҳайдаляпти. “Ҳудудгазтаъминот"нинг мамлакат бўйлаб, ҳамма корхоналарида шу 5 та штат қисқартириляпти”.

"Hududgaz Xorazm" МЧЖ ходими қисқартиришларни “ақлли” газ ҳисоблагичлари лойиҳаси билан боғлади:

“Бир йилдан бери аҳоли хонадонларига “ақлли газ ҳисоблагичлари ўрнатиляпти. Бошида бу ҳисоблагичлар давлат бюджетидан ўрнатилади деганди. Тўғри аҳолига бепул ўрнатилди. Лекин "Ҳудудгазтаъминот" Texnopark МЧЖдан катта қарз бўлиб қолган. Ширкат бу ҳисоблагичларни шу МЧЖдан олганди. Қарздорлик сабаб ишчиларга ойлик бера олмаяпти. Масалан, Хоразмдаги ишчиларга февраль ойидан бери мукофот пуллари берилмади. Бизда оклад кам бўлгани учун ҳар доим мукофот пули бериб келинганди”.

“Ҳудудгазтаъминот"нинг Навоийдаги корхонасида жами 81 киши, Хоразмда эса 69 киши ишдан бўшатилмоқда. Буни иккала МЧЖ масъуллари Озодликка тасдиқлади, бироқ ишдан бўшатиш сабабларини очиқламади.

“Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг Озодлик боғланган ходими ишчиларни бўшатиш қонун талабларига кўра, амалга оширилаётганини айтди. Бироқ ишчиларни ишдан бўшатиш сабабларини очиқлашдан бош тортди.

“Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг расмий сайтида ҳам ишчилар бўшатилишига оид бирор хабар йўқ. Ширкатнинг ахборот хизмати котиби Меҳрибон Мамедова Озодликнинг аккредитацияси йўқлиги сабаб саволларга жавоб бермаслигини айтди.

Жорий йил августига қадар табиий газ истеъмол қилувчи ҳар бир ўзбекистонликнинг уйига “ақлли” деб тақдим этилаëтган газ ҳисоблагичлар ўрнатилади.

Ўзбекистонликларни ëппасига табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими (русча қисқартмаси - АСКУГ-таҳр.)га ўтказиш лойиҳаси буюртмачиси - давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” AЖ.

Ушбу лойиҳа доирасидаги 3.5 миллион донадан ортиқ “ақлли газ ҳисоблагич”ни "Ҳудудгазтаъминот"га Тошкентдаги Texnopark МЧЖ си етказиб бермоқда.

Ўтган йилнинг 3 апрель куни Texnopark МЧЖ идоралараро комиссия қарори билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ўтказилган тендер ғолиби деб топилди.

“Ҳудудгазтаъминот” AЖ ва Texnopark МЧЖ расмийларидан қарздорлик борасидаги ишчилар иддаоларига оид бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Озодлик суриштирувига кўра, қарийб 600 миллион долларлик “ақлли газ ҳисоблагичлар”ини ишлаб чиқариш Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес структурасига берилганини кўрсатди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бренди билан 3,5 миллион хонадонга мажбуран ўрнатилаëтган газ ҳисоблагич хавфсизлиги ҳам бир неча бор савол остига олинди.

Жумладан, ўтган йилнинг 24 сентябрь куни Андижон шаҳрининг "Шимолий кичик даҳа" кичик ноҳиясидаги 77-уй 15-хонадонда "ақлли" газ ҳисоблагичи ўрнатилгандан 2,5 соат ўтиб, портлаб кетди.

Ўзбекистон Истеъмолчилар федерациясидан олинган маълумотга кўра, аҳоли томонидан “ақлли” ҳисоблагичлар борасидаги шикоятлар кўпайган.

“Ҳозир “Ҳудудгазтаъминот”да муаммо кўп. Федерацияга келиб тушаётган аризаларнинг энг катта қисми шу “Ҳудудгазтаъминот”га алоқадор. “Ақлли” ҳисоблагичларни ишлатишни эплай олишмаяпти. Бу ҳисоблагичлар истеъмолчи фойдасига эмас, "Ҳудудгазтаъминот" фойдасига бўляпти. “Ақлли” ҳисоблагичлар электрники ҳам, табиий газники ҳам ўзини ҳали оқлагани йўқ. Истеъмолчилар сарсон бўляпти холос”, - деди исмини очиқламасликни сўраган Истеъмолчилар федерацияси ходими.

XS
SM
MD
LG