Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Судда конституциявий ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ўзбекистонлик бож тўлаши керак!


Самарқандда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ЕХҲТ билан ҳамкорликда ўтказаётган «Фикр эркинлиги ва ОАВ эркинлигини ҳимоя қилиш” мавзусида икккинчи минтақавий семинар иш бошлади.

Суд қарорлари қонунчилик ва адолатдан узоқ бўлган ҳамда судга мурожаат қилиш учун олдиндан давлат божи тўлаб қўйиладиган мамлакатда мулоқот – яхши нарса, суд мулоқоти эса ундан ҳам зўр.

Лекин...

Конституцияда ҳар бир кишининг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланган. Ҳар бир процессуал кодексда ҳар бир манфаатдор шахс судга бузилган ёки талашилаётган ҳуқуқи учун ҳимоя излаб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани, судга мурожаат қилишни рад этиш мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Бироқ Конституцияда кафолатланган суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланишга уринган шахсга рад жавоби берилади. Унга ўзининг конституцион ҳуқуқидан фойдаланиш учун давлат божи сифатида пул тўлаб қўйиш зарурлиги айтилади, судлар шундан сўнггина суд муҳокамаси деб аталувчи амалиётга киришади. Судлар Конституцияни эмас, процессуал кодекслар ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонун меъёрларини баҳона қилади. Гап шундаки, инсоннинг суд ҳимояси кафолатланган конституцион ҳуқуқи «Давлат божи тўғрисида»ги қонун ва процессуал қонунчиликда фалажлаб ташланган ва бу Конституцияга зид ҳолат ҳисобланади.

Дарвоқе, бу ерда гап рамзий пул тўлаб қўйиш ҳақида кетаётгани йўқ. Масалан, мулк билан боғлиқ даъво аризаларидан давлат божи даъво миқдоридан фоиз нисбатида, мулк билан боғлиқ бўлмаган даъво аризаларидан эса базавий ҳисоб-китоб қийматида (БҲҚ) ундирилади. Суд ҳимоя ва адолат истаб мурожаат қилган кишининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиши аниқ эмас. Мабодо шахс суд қароридан норози ва бузилган ҳуқуқини юқори суд инстанцияларида ҳимоя қилишга мажбур бўлса, яна давлат божи тўлаши зарур.

Айтганча, суд фақат баҳсли ҳуқуқий муносабатларни кўриб чиқади, баҳсли талаблар юзасидан эса уларни муҳокама қилиб ўтирмай, суд буйруғини чиқаради. Бироқ айни ҳолатда ҳам шахс олдиндан давлат божини тўлаб қўйиши шарт.

Шу тариқа суд учун даъвонинг мулкка боғлиқ бўлиши ёки бўлмаслигининг, баҳс борлиги ёки йўқлигининг мутлақо аҳамияти йўқ. Судга мурожаат қилдингми, марҳамат, пулини тўлаб қўй. Йўқса, тошингни тер.

Ажабланарлиси, суд баҳс кўриб чиқилгани натижаларига кўра эмас, олдиндан давлат божи олади. Судга қабул қилинган қарорнинг қонуний ёки адолатли бўлиши, бу ҳам етмагандай, унга мурожаат қилган киши қабул қилинган қарорга эътироз билдираётгани ёки унга рози бўлганининг бир тийинлик қизиғи йўқ. Суд олдиндан тўлов талаб қилади.

Афсуски, бу Конституция меъёрлари бузилиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги прописка бўйича яқинда бекор этилиши кутилаётган алоҳида режим тўғрисидаги қонунни Конституцияга зид деб бемалол айтиш мумкин.

Яна бир мисол. Конституциянинг 30-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат идоралари, жамоат бирлашмалари ва амалдор шахслари ватандошларга ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор барча ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материалларни бериши мажбурий экани белгилаб қўйилган. Бироқ шахс шундай илтимос билан судга мурожаат қилиб, айни ҳужжатларни телефони билан суратга олиш истагини билдирса, суд буни қатъиян тақиқлайди ҳамда ўша шахсга қарорлар, ҳукмлар, ажримлар, бошқа суд ҳужжатлари, шунингдек, ишдаги бошқа ҳужжатлар нусхаларини бериш учун ҳужжатнинг ҳар бир саҳифаси учун БҲҚнинг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши кераклигини тушунтиради.

Пулинг бўлса, чангалда шўрва, тўғрими? Суд ҳимояси бўйича конституцион ҳуқуқингни таъминламоқчимисан – пулини тўлаб қўй. Пулинг бўлмаса, тошингни тер.

Одил судловнинг яна бир ҳамма жойда бузилаётган принципи бор. Бу – ҳар бир процессуал кодексда ёзиб қўйилган қонун билан суд олдида ҳамманинг тенглиги принципи. Одил судлов ватандошларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий аҳволи, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шакли, мулкчилик шакли, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатларидан қатъи назар, қонун ва суд олдидаги тенглиги асосида амалга оширилади.

Бироқ “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда судга мурожаат қилганда давлат божидан озод қилинадиган шахсларга бағишланган алоҳида боб бор. Унда барча давлат идоралари, вазирликлар, қўмиталар, ички ишлар идоралари, солиқ, молия,божхона ва бошқа давлат идоралари кўрсатиб ўтилган. Мана сизга ҳамманинг қонун ва суд олдидаги тенглиги!

Кимдир Конституцияга кўра, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятларидан мустақил фаолият юритиши керак, айнан шунинг учун давлат божи олиши зарур, божнинг бир қисми суд фаолиятини молиялаштиришга ҳамда моддий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга сарфланади, ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари қўлига қараб қолмаслик учун суд давлат божи олиш керак, деб айтади ва бу нарсадан хабардор кишиларга масхара бўлади.

Мустақил деб аталувчи суд ҳокимиятини бевосита ижро (мамлакат президенти) ва қонун чиқарувчи (Олий Мажлис Сенати) ҳокимиятлари тайинлайди ва сайлайди (судьянинг рутбаси ва суд даражаситга қараб), бу “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 63-моддасида белгилаб қўйилган. Судлар аҳолидан олинадиган солиқлар ва бошқа тўловлардан шакллантириладиган давлат бюджетидан молиялаштирилади. Модомики, шундай экан, ватандош нега тўлаган солиқдан судьялар маош олиб турган пайтда, даъво аризасини кўриб чиққани учун судга яна бир марта бож тўлаши керак?

Давлат божини олдиндан тўлаш суд ҳимояси бўлган конституцион ҳуқуқни бузади, чунки ушбу конституцион ҳуқуқни таъминлаб беришни шахснинг тўловга қобиллигига боғлиқ қилиб қўяди. Суд муҳокамаси вақтида шахс билан давлат тузилмалари тенгсиз аҳволда қолади. Агар ҳокимият Конституцияга зид меъёрларни бекор қилишни истамаса, балки давлат божини судларда иш кўриб чиқилишининг пировард натижасига қараб олгани маъқулроқдир?

Сергей Ежков, журналист.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG