Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:45

OzodTa’sir: Самарқандда бузилган гемодиализ аппаратлари бир кунда тузатилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

29 январда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда бузилиб қолган гемодиализ аппаратлари тезликда тузатиб берилганини хабар қилди.

Озодлик 27 январда Самарқанд Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасидаги давлатга қарашли ягона гемодиализ бўлимидаги носозликлар туфайли буйрак етишмовчилиги касалига чалинган 160 дан ортиқ бемор бошқа вилоятларга бориб даволанишга мажбур бўлаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

“Танқидий материалда келтирилган гемодиализ аппаратининг носоз аҳволга келиб қолганлиги ҳақида эса шуни айтиш мумкинки, ҳақиқатан ҳам жорий йил 22 январь куни РШТЁИМ Самарқанд филиалида электр энергиясининг юқори кучланиши оқибатида сув тозалаш мосламаси бузилиб қолган. Беморлар вақтинча энг яқин гемодиализ бўлимларига йўналтирилган ва зарур сарфлов воситалари билан таъминланган. Тезкорлик билан сув тозалаш мосламасига эҳтиёт қисмлар ўрнатилди ва аппаратлар яна ишга туширилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик Озодлик сайтида 27 январда нашр этилган “Гемодиализга муҳтож 160 дан ортиқ самарқандлик бошқа вилоятларда муолажа олишга мажбур бўлмоқда” сарлавҳали мақолани “Ижтимоий тармоқларда тарқалган” хабар сифатида тақдим қилган.

Ўзбекистондаги бошқа расмий идоралар ҳам Озодликда чоп этилган танқидий мақолаларга жавоб берар эканлар, уларни “ижтимоий тармоқда кенг тарқалган хабар” қаторида сифатлайдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Озодлик мақоласида республика ҳудудида гемодиализ марказлари ва аппаратлари етишмаслиги тўғрисидаги маълумотларга ҳам жавоб қайтарган.

Вазирликнинг билдиришича: “жорий йилнинг март – май ойларида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 5 та сунъий буйрак аппарати, 1 та сув тозалаш мосламаси, 1 та миксер билан жиҳозланган 5 ўринли ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасида 2 та сунъий буйрак аппарати ва 1 та сув тозалаш мосламаси билан жиҳозланган 2 ўринли янги бўлимлар ишга туширилиши кўзда тутилган”.

Вазирликка кўра, бундан ташқари Зангиота туманида маҳаллий ишлаб чиқарувчи “Health line” қўшма корхонаси Беларусь Республикасининг “Фребор” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 2,5 миллион АҚШ долларига тенг, йилига 500 минг дона гемодиализ учун диализатор ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилган.

“2019 йилда гемодиализ бўлимлари учун қўшимча 65 та сунъий буйрак аппаратлари сотиб олинди ва ўрнатилди (уларнинг жами сони 326 тага етди). Жорий йил февраль ва март ойларида яна 75 сунъий буйрак аппаратлари, 4 сув тозалаш мосламаси, 3 миксер энг зарур гемодиализ бўлимларига ўрнатилади. Шунингдек, яна 90 та сунъий буйрак аппарати, 9 та сув тозалаш мосламаси, 9 та миксер сотиб олиш учун техник топшириқлар ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарёда 10, Тошкент вилоятида 5 ўринли гемодиализ бўлимлари ташкил этилди. Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб жами 43 та гемодиализ бўлимлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилнинг март – май ойларида эса Сурхондарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида биттадан, Самарқанд вилоятида эса иккита, жами 6 та янги гемодиализ бўлимлари ишга тушади”, дейилади баёнотда.

Озодлик сайтида 27 январда нашр этилган “Гемодиализга муҳтож 160 дан ортиқ самарқандлик бошқа вилоятларда муолажа олишга мажбур бўлмоқда” сарлавҳали мақолада Самарқанд Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасидаги давлатга қарашли ягона гемодиализ бўлимидаги носозликлар туфайли буйрак етишмовчилиги касалига чалинган 160 дан ортиқ бемор бошқа вилоятларга бориб даволанишга мажбур бўлаётгани ҳақида гап борган эди.

Мақолада буйрак етишмовчилиги касалига чалинган беморларнинг оналари Самарқанддаги гемодиализ аппаратлари бир ой ишлаб, бир ой бузуқ туришидан нолиган эдилар. Гемодиализ маркази расмийлари эса, ускуналарни созловчи усталар бармоқ билан санарли бўлгани учун ойлаб навбат кутишга тўғри келишини айтганлар.

XS
SM
MD
LG