Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:39

Мирзиёев Администрацияси давлат матбуоти билан мустақил нашрлар ўртасида фарқ кўрмайди - Ҳужжат


АОКА директори Асад Ходжаев билан Намангандаги учрашувда олинган сурат - 28 ноябрь, 2020 (Наманган вилояти ҳокимлиги)
АОКА директори Асад Ходжаев билан Намангандаги учрашувда олинган сурат - 28 ноябрь, 2020 (Наманган вилояти ҳокимлиги)

Озодликка сиздирилган расмий ҳужжат Ўзбекистонда сўнгги йилларда бўй кўрсата бошлаган мустақил матбуотнинг давлат, хусусан, Президент Администрацияси билан мураккаб муносабатларига ишора қилмоқда.

Ўтган ҳафта Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАнинг мамлакатдаги қатор етакчи интернет нашрларига йўллаган Огоҳлантириш хати ортидан Президент Администрацияга қарашли идора "мустақил матбуотга босим ўтказишга уриниш"да айбланди.

Бу Ўзбекистоннинг охирги, камида икки ўн йилликдаги тарихида матбуот билан давлатнинг оммавий ахборот воситалари, ўтмишда цензура учун масъул идораси ўртасидаги мисли кўрилмаган зиддият эди.

Аммо Ўзбекистон ҳукуматига яқин манба Озодликка тақдим этган “Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов” имзо чеккан ҳужжат мазмунидан англашилишича, Шавкат Мирзиёевнинг эркин матбуот ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, унинг Администрацияси ҳануз мустақил нашрларни давлат нашрлари билан бир қаторда кўради.

26 ва 27 ноябрь кунлари Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz ва Daryo.uz нашрлари баъзи танқидий чиқишлари учун “ҳуқуқий оқибатлардан” АОКА расман огоҳлантирганини билдирган ва буни ўзларига нисбатан босим, деб баҳолаган эди.

АҚШ, Буюк Британия ва Германия дипломатлари ҳамда чет эл инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ҳолатни, Шавкат Мирзиёев ваъда қилган ислоҳотларга зид, демоқда ва президентдан зудлик билан вазиятга аралашишни сўрамоқда.

Хусусий нашрларга буюртмалар "Медиа-режа"си

Озодликка тақдим этилган ҳужжат, мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари Президент Администрацияси томонидан режали равишда назорат қилинаётганини кўрсатмоқда.

Озодликка йўлланган ҳужжат фотонусхаси
Озодликка йўлланган ҳужжат фотонусхаси

Ҳокимият идораларига яқин манба таҳририятга тадқим қилган ҳужжат – “Медиарежа”га “Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов” имзо чеккан.

Ҳужжат 25 августда имзоланган, унда белгиланган топшириқларни бажариш ва бажарилгани ҳақида ҳисобот топшириш учун 1 ҳафта муҳлат берилган.

Ҳужжатда ҳокимликлар, вазирликлар ва уларнинг бошқармаларидан қилинаётган бир ҳафталик ишларининг ҳисоботини расмий ва норасмий ОАВларда акс эттириш талаб қилинган.

Озодликка йўлланган ҳужжат фотонусхаси
Озодликка йўлланган ҳужжат фотонусхаси

Ҳужжатнинг ҳар бир бандида мамлакатда виртуал аудиторияси энг йирик 3 Интернет нашри - Kun.uz, Daryo.uz ва Gazeta.uz нашрлари номи санаб ўтилган.

Озодлик ушбу ҳужжат мазмуни юзасидан АОКА раҳбариятига саволлар билан мурожаат қилди ва ҳозирда расмий изоҳ кутмоқда.

Аммо агентлик 27 ноябрь куни Интернет нашрларига юборган огоҳлантириш хатлари ҳақида берган баёнотида шундай режа борлиги билвосита тан олинган.

Озодликка йўлланган ҳужжат фотонусхаси
Озодликка йўлланган ҳужжат фотонусхаси

Баёнотда жумладан: "Хусусан, Агентлик томонидан АОКА пресс-холи ҳамда Ўзбекистон миллий матбуот марказида ўтказиладиган тадбирлар режаси тасдиқланди. Медиа-режада 100 дан ортиқ матбуот анжумани ва 80 дан зиёд пресс-турлар ўрин олган", дейилади.

Агентлик баёнотида бу режа "давлат органлари раҳбарлари ва масъул шахслари аҳоли учун долзарб ва аҳамиятли масалаларга бевосита жавоб қайтариш" ва "ОАВ кўтарган муаммоларга тезкор муносабат билдириши" учун тузилгани айтилган.

АОКА матбуот устидан "назорат механизми"

Бундай медиа-режадан хабардор бўлган ва Ўзбекистондаги мустақил интернет нашрларидан бирида ишлайдиган муҳаррир фикрича, аслида АОКА мустақил нашрларни ҳануз давлат нашрлари билан бир кўраётган ҳукуматнинг ОАВларни назоратда ушлаш механизмидир.

"Бунақа медиа-планлар ҳар ҳафта қабул қилинади. Ҳокимиятларга вазифаларни юклашади. Кейин улар бизга телефон қилиб, суҳбат уюштирайлик, мана бу ҳисоботни чоп этайлик, дейишади. Баъзи ташкилотларнинг матбуот котиблари илтимос қилади, баъзилариники дўқ уради. Баъзи ташкилотлар тўғридан-тўғри буйруқ беради, тушундингиз хуллас, вазиятни.

Тўғри, бугун матбуот Каримов давридагидан анча эркин. Президент Мирзиёев бошқарувидаги ҳукуматнинг сиёсий иродаси йўл бермаса, бу эркинлик бўлармиди, йўқми - шахсан мен ҳануз аниқ жавоб тополмадим. Чунки ижтимоий тармоқлар бугунги матбуотда озми-кўпми эркинликнинг ўзаги бўлиб турибди, менимча.

Агар ижтимоий тармоқларни воқеъликдан узиб оладиган бўлсак, совет замонидан бери матбуотда том маънодаги муносабатда жиддий ўзгариш бўлгани йўқ, айниқса давлат бошқаруви ва куч ишлатар тузилмаларида. Ҳалиям давлат буюртмаси, ҳалиям медиа-режа, ҳалиям ўша-ўша босим ўтказиш услуби сақланиб турбиди. Ҳукумат учун вазиятнинг олдингидан фарқи - ижтимоий тармоқларни назорат қилишнинг имконсизлигидан бироз қўрқув, холос", - деди исмини ошкор этмаслик шарти билан вазиятни шарҳлаган ўзбекистонлик журналист.

Президент матбуот анжумани ўтказсин!

АОКА ва маҳаллий матбуот ўртасидаги бу вазиятга қатор ғарб дипломатлари ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари муносабат билдирди.

Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблюм Twitter микроблогида бу ҳолатни “мустақил оммавий ахборот воситаларига ўтказилаётган босим” деб атади.

“Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан мустақил нашрларга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилган яқиндаги хатти-ҳаракатлардан ҳафсалам пир бўлди. Ўзбекистон улкан ислоҳотлар бўйича муваффақиятга эришиши учун матбуот эркин ва очиқ бўлиши талаб этилади. АОКА томонидан бўлаётган босим бунга зиддир”, деб ёзди элчи Розенблюм.

Марказий Осиёда танилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, профессор Стив Свердлов эса президент Мирзиёевни вазиятга мудохала қилишга чақирди.

"Президентнинг ўзи матбуот анжумани ўтказиб, бу ҳаракатларга ўз баҳосини бериши, журналистлар ҳамда фуқаролик жамиятига Ўзбекистонда танқид нафақат қонунан мумкин, балки зарур ва олқишланади, деган ишорани билдириши ҳозир жуда зарурдир", деб ёзди Стив Сведлоу Fergana.news агентлигида чоп этилган мақоласида.

XS
SM
MD
LG