Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:45

Нукуслик мудиралар маҳаллаларни обод қилиш учун улардан пул йиғилганидан шикоят қилишди (ВИДЕО)


Мудиралар иддаосига кўра, суратдаги уйлар улардан йиғилган пулга таъмирланмоқда
Мудиралар иддаосига кўра, суратдаги уйлар улардан йиғилган пулга таъмирланмоқда

​Нукус шаҳридаги болалар боғчалари мудиралари иддаосига кўра, “Обод маҳалла” дастурига тушган “Ҳаво йўли” маҳалласини ободонлаштириш учун улардан 150 минг сўмдан пул йиғиб олинган. Озодликка боғланган мудираларга кўра, улардан йиғилган пулга 120 та уйнинг фасади таъмирланмоқда. Аммо, Нукус шаҳар Халқ таълими бўлими мулозими боғча мудиралари иддаосини инкор қилди.

Озодликка боғланган нукуслик мудираларга кўра, август ойи бошида шаҳардаги болалар боғчаларидан “Обод маҳалла” дастури учун 150 минг сўмдан пул йиғиб олинган.

“Июль ойи охирида “Обод маҳалла” дастури бўйича махсус йиғилиш ўтказилиб, Нукус шаҳар Халқ таълими бўлимига Аэропорт кўчасидаги 120 та уйни таъмирлаш топширилди. Бу уйлар “Обод маҳалла” дастурига кирган уйлар экан. Халқ таълими бўлимининг Мактабгача таълим бўлими раҳбарияти эса Нукусдаги боғча мудираларидан 150 минг сўмдан йиғиб олди”, дейилади Озодликка йўлланган мактубда.

Нукусдаги болалар боғчаларидан бирининг мудираси исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, мудиралар ўзларига тазйиқ бўлишидан қўрқиб, пул беришга мажбур бўлишган:

“Биз пул бермасак, кейин келиб, боғчаларимизни текширишади. Биринчи бўлиб, кухняни текширади. Топишади бирор муаммо. Шунинг учун ҳаммамиз қўрқамиз. 150 минг сўмдан бердик. Шаҳарда 51та боғча бор. Менимча ҳаммасидан йиғилди. Биздан йиғилган пулга Горононинг ўзи ўша уйларни таъмирлаяпти”, дейди нукуслик мудиралардан бири Озодлик билан 9 август кунги суҳбатда.

Озодликка боғланган бошқа бир мудирага кўра, гап “Обод маҳалла” дастурига киритилган Нукусдаги “Хауа жолы” (Хаво йўли) маҳалласиги уйларни таъмирлаш ҳақида кетмоқда.

“Шу “Хауа жолы” маҳалласидаги уйларни таъмирлашда Гороно ходимлари иштирок этаяпти. Гороно таркибида эксплуатация бўлинмаси ташкил қилинган. Бу бўлинма мактабгача таълим муассасаларидаги сантехника ва электр ишларини қилиши керак. Лекин бу бўлинма боғчалар қолиб, кўчада бировларнинг уйида ишлаб юрибди. Бўлинмага ажратилган "Дамас" ҳам кўча хизматида. Бу ёқда биз - мудираларга сантехника ва электр ишларини чўнтагимиздан сарфлаб қилдирмоқда”, дея сўзларига видео ва суратларни илова қилади нукуслик мудира.

Нукусдаги "Хаво йўли" маҳалласини ободонлаштириш жараёнидан
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00
Бевосита линк

Мудира иддаосича, видео-суратларда акс этган кўча “Хаво йўли” маҳалласидаги кўча бўлиб, у ерда ишлаётган кишилар шаҳар халқ таълими бўлими ходимларидир.

“Боғчалар нега бировларнинг уйини таъмирлаши керак?", дея савол қўяди Озодликка боғланган нукуслик мудиралар.

Нукус шаҳар Халқ таълими бўлимининг Мактабгача таълим бўлими бошлиғи Кенесбой Сайдуллаев Озодлик билан суҳбатда “Обод маҳалла” дастури учун боғча мудираларидан пул йиғилганини инкор қилди.

- Ҳеч нарса йиғганим йўқ. Ҳеч қанақа “Обод маҳалла”га ёрдам бераётганим йўқ, - деди Кенесбой Сайдуллаев.

Айни пайтда Сайдуллаевга кўра, “Обод маҳалла” дастури доирасида “Хаво йўли” маҳалласидаги 2 та боғча: 5- ва 45-болалар боғчалари ҳам ободонлаштирилмоқда. Бироқ Сайдуллаев ушбу боғчаларни ободонлаштириш давлат бюджети томонидан амалга оширилаётганини таъкидлади.

- “Обод маҳалла”нинг ичида 2та муассасам бор. Шу ерда назоратда юрибман холос. Штабга ҳар куни кечқурин ва эрталаб маълумот бераман. Қанча қурилиш бўлаяпти, қандай ишлар бўлаяпти? Мана шунинг ҳисоботини қиламан. Бу боғчаларнинг таъмири учун маблағ бюджет томонидан. 5-боғча учун 592 миллион сўм, 45-боғча учун 560 ми, 570 миллионми шунақа, деди Кенесбой Сайдуллаев.

Президент Мирзиёев томонидан жорий йил 27 июнь куни имзоланган “Обод маҳалла” дастурига оид махсус қарорга мувофиқ, Нукус шаҳрида иккита маҳалла: “Бос тобе” ва “Хауа жолы” маҳаллалари 2018 йил давомида ободонлаштирилиши лозим. 2019 йилда эса Нукусда яна 3та маҳалла ободонлаштирилади.

Расмий қарорга кўра, Нукусдаги 5 та маҳаллани ободонлаштириш учун жами 3-54,3 миллиард сўм сарфланиши режаланган бўлиб, бу халқаро молия институтлари, республика бюджети, мақсадли жамғармалар, “Маҳалла” жамғармаси, тармоқ корхоналар маблағлари ва тижорат банклари кредитлари ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган.

Жорий йил май ойида наманганлик ўқитувчилар “Обод қишлоқ” дастурини молиялаш учун уларга ўлпон солинганидан шикоят қилишганди.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Халқ таълими бўлими раҳбари муовини Абдурасул Бойматов Озодлик билан суҳбатда “Обод қишлоқ” дастури учун пул туман ҳокимининг фармойишига кўра, нафақат мактаб ўқитувчилари, балки бошқа бюджет ташкилотлари ходимларидан йиғилаётганинини тасдиқлаганди.

XS
SM
MD
LG