Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:44

Москвада йўловчиларни босиб кетган қирғизистонлик муҳожир спортчи бўлиб чиқди (ВИДЕО)


Автоҳалокат Москванинг Ильинка кўчасида содир бўлди
Автоҳалокат Москванинг Ильинка кўчасида содир бўлди

16 июнь куни Москва марказида 8 нафар йўловчи, жумладан мексикалик футбол ишқибозларини автомашинасида босиб кетган қирғизистонлик 28 яшар Чингиз Анарбек ўғли панкратион бўйича Жаҳон чемпионати бронзаси соҳиби бўлиб чиқди.

Муҳожир йигитнинг Москвада таксичиликдан ташқари ошпазлик ҳам қилгани ва авария содир бўлганида маст ҳолатда бўлмагани – шунчаки чарчоқдан ухлаб қолгани айтилмоқда.

16 июнь куни кечки соат 7 ларда Қизил майдон яқинида рўй берган автоҳалокат оқибатида икки мексикалик, икки озарбайжонлик, икки россиялик ва бир украиналик жами 7 нафар жабрланувчи турли жароҳат билан касалхонага келтирилди.

Умуртқасидан жароҳатлаган 56 ёшли россиялик аёл ва яна бир пиëдадан ташқари бошқа жароҳатланганларнинг шифохонадан чиқарилгани айтилмоқда.

Москва полицияси қирғизистонлик ҳайдовчи билан ўтказилган сўроқ ëзилган видеони ўз расмий сайтида ёйинлади.

Полициячиларга сўроқ давомида берган кўрсатмаларида Чингиз Анарбек ўғли Москвага ишлаш учун бир ойча аввал келгани, икки йилдан бери машина ҳайдаши, ҳайдовчилик гувоҳномасини эса 2013 йил олганини айтади.

Ички ишлар бошқармаси берган маълумотга кўра¸ шу давр мобайнида у бирор марта йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган.

Сўроқ давомида Чингиз Анарбек ўғли ҳодисадан аввал 20 соат дам олмасдан ишлаганини айтади. Чингизга кўра, бундан олдан у 2-3 соатгина ухлаган, сўнгра пул ишлаш учун "Шереметьево" аэропортига чиқиб кетган.

Панкратиончи Чингиз Анарбек ўғли (чапдан биринчи)
Панкратиончи Чингиз Анарбек ўғли (чапдан биринчи)

Қирғизистонлик муҳожир ҳодиса қандай содир бўлганини ўзи ҳам билмай қолганини айтади.

- Тормозни босмоқчи эдим, яна бир кишини ўтказиб юбормоқчийдим. Бир зум ҳушим бошимдан учиб, газ тепкисини босиб юборибман. Мен тормозни босдим, деб ўйловдим. Нимадир бўлиб, ҳушим бошимдан учди. Кейин одамларни уриб юбордим. Буни кўриб, қочиб қолдим, деди Чингиз.

Ҳайдовчига кўра, у ғазабланган оломон қўлида тилка-пора бўлмаслик учун воқеа жойидан қочган.

Терговчининг "Содир бўлган ҳодисадан афсусдамисиз?" деган саволига қирғизистонлик таксичи: "Жуда афсусдаман", дея жавоб берган.

Тармоқларда Чингизнинг авария жойидан "Ўлдирманглар!", деб қочиб кетишга уринаётгани видеоси ҳам тарқалди.

Ҳодиса ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида 1990 йилда туғилган қирғизистонлик бу муҳожир маст ҳолатда бўлгани хабари тарқатилди. Бироқ полиция бундай айбловларга асос йўқлиги – у маст бўлмаганини эълон қилди.

Суриштирув давомида спортчи ва намозхон эканини айтган Чингиз Анарбек ўғлининг 2017 йилда Сочидаги панкратион бўйича Жаҳон чемпионати бронзаси соҳиби экани айтилмоқда.

Қирғизистон ММА ва панкратион федерациясининг Россиядаги вакили Улан Қўшматов бу ҳақда ўзининг Фейсбук саҳифасида хабар қилди.

Чингиз Анарбек ўғли Москвадаги “Усмон-Умар” спортклубида доимий машқ қилиб келган. Яқинларига кўра¸ икки фарзанднинг отаси бўлган муҳожир кредит олган ва қарзларини ёпиш учун бир нечта жойда ишлашга мажбур бўлган. Россияда10 йилдан буён меҳнат қилаётган муҳожир йигит таксичиликдан ташқари маҳаллий кафелардан бирида ошпазлик ҳам қилиб келган.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, қирғизистонликлар оғир вазиятга тушиб қолган ҳамюртига компенсация ва жабрланувчиларга дори-дармон учун маблағ йиға бошланган.

Полиция ҳодиса юзасидан эҳтиётсизлик туфайли баданга оғир шикаст етказилишига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидасини бузиш, РФ ЖК 264 моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.

Мазкур моддага мувофиқ, таксичи икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG