Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:17

11 фарғоналик Хабаровскда ишлаган $11 000 пулини ўртакаш юртдошидан ололмаяпти


Фарғоналик 11 меҳнат муҳожири 11 минг доллар иш ҳақини ўзлаштириб юборганликда ўз юртдошини айбламоқда.

Улар бир йилдан буён ўзлари яшайдиган Бағдод туман прокуратурасига, ички ишлар бўлимига, туман судига мурожаат қилгани, бироқ ҳеч қандай наф бўлмаганидан Озодликка арз қилди.

11 меҳнат муҳожирининг аризаси юзасидан дастлабки суриштирувни ўтказган участка нозирининг Озодликка айтишича, аризачилар Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига мурожаат қилиши керак.

Фарғона вилоят, Бағдод туман, Чўринди қишлоғилик 11 йигит 2018 йили 3 ой давомида Россияда ишлаган.

Йигитлардан бирининг Озодликка айтишича, уларни У.И. ишга ёллаган ва 11 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақини ўзлаштириб юборган.

11 киши номидан 14 август куни Озодликка мурожаат қилган Дониёр Мамасиддиқов вазиятни қуйидагича тасвирлади:

- Кетишимизда у ака билан оғзаки гаплашганмиз – ҳар биримизга 35 минг рублдан ойлик ваъда қилган. Май ойининг 13 куни Қозонгача поездда бордик, аммо у ерда ишимиз ўхшамади ва бизни Хабаровскка олиб кетди. У ерда 3,5 ой нефтебазада қурилишда ишладик, ўрмон ўртасида уй қурдик. Лекин у ерга полиция бормас экан – ҳужжат қилиш ҳам шарт эмас, деди. Шунга ҳам кўниб ишладик. 3 ойдан кейин документимиз йўқлиги учун чиқиб кетишга мажбур бўлдик. У бизга фақат бир ойлигимизни берди, у ҳам самолётга билетга кетди. Қолганини кейин бераман деди.

10 ҳамқишлоғи қаторида ўзи ҳам ҳақини ололмаётганига бир йилдан ошган Дониёрнинг сўзларига кўра, уларга бригадирлик қилган У.И. асли қўшни қишлоқдан ва ҳозирда бемалол Ўзбекистонда яшаб юрибди.

Ўзбек муҳожирлари аризаси нусхаси
Ўзбек муҳожирлари аризаси нусхаси

Ўзбекистонга қайтгач, Дониёр Мамасиддиқов ҳақини ундириб беришни сўраб, Бағдод туман прокуратурасига 2019 йилнинг июнида мурожаат қилган.

Туман прокурори Ш.М.Назаров меҳнат муҳожирлари аризасини унда “кўрсатилган важлар ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини таъминлаш”ни сўраб июнь ойининг ўзида Бағдод туман Ички ишлар бўлимига юборган.

Бироқ, Дониёрнинг айтишича, Бағдод туман Ички ишлар бўлими уларнинг қилган арзини кўриб чиқишни бошлаган, лекин аризачиларнинг пулини еб кетгани айтилаётган У.И. устидан жиноят иши очиш талабини рад этган:

- Милицияхонага ҳаммамизни чақиртирди. У ерда қарздор участковой олдида “Ишлаб-ишлаб бераман, биттадан қутуламан”, деди. Бизга тўғри келмади. Шундан кейин қарздор “Унда билган жойларингга бориб арз қил!”, деди.

Бағдод туман Ички ишлар бўлими расмий жавоби
Бағдод туман Ички ишлар бўлими расмий жавоби

Озодликнинг нима сабабдан ўзбек муҳожирлари шикояти бўйича жиноят иши очилмаяпти, деган саволига Бағдод ички ишлар бўлими навбатчи офицери бундай деди:

- Тергов жараёнида айбловлар тасдиғини топмаган бўлса керакки, тергов шундай қарор қабул қилгандир. Бу йигитлар қонунга мувофиқ аввал прокуратурага ёзган, кейин иши ички ишларга ўтказилган. Яъни ҳаммаси прокурор назоратида! Демак, прокуратура ҳам ишни асосли эмаслигини тасдиқлаган.

Бағдод туман ИИБ 11 кишининг аризаси бўйича, У.И. устидан жиноят иши очмагач, аризачилар Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судига мурожаат қилган. Бироқ суд ИИБ ўтказган дастлабки суриштирув хати йўқлигини рўкач қилиб, йигитларнинг аризасини қабул қилмаган.

- Судга мурожаат қилсак, участковой томонидан текшириш тўғрисида ҳужжат бўлиши керак экан, қабул қилмади аризамизни, - деди 11 йигит вакили.

Аниқланишича, муҳожирлар масаласи юзасидан дастлабки суриштирувни Ички ишлар бўлимининг Муроджон исмли участка нозири олиб борган. Унинг 14 август куни Озодликка айтишича, дастлабки суриштирув ишлари якунланган ва ишчилар томонидан айбланаётган У.И. ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани боис, масала фуқаролик иши тартибида кўришга оширилган:

- Ўртада келишув бўлган. Иккала томон Россияда келишган. Бошқа қишлоқлик У.И. бераман деган пулни. Қарзи борлиги тасдиқланаяпти, фуқаролик суди тартибида пулини ундириб берилиши лозимлиги тўғрисида қарор чиқарилган. Риштон туман туманлараро фуқаролик судига боришлари керак. Энг асосийси – улар айтаётган гаплар ҳужжатлаштирилмаган, оғзаки бўлган. Уни текшириш қийин, - деди участка нозири.

Бағдод туманида фуқаролик ишлари бўйича суд йўқ, бу туман аҳолиси ишлари Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судида кўриб чиқилади.

Бағдодлик йигитлар энди адолат излаб Риштонга бормоқчи.

Озодлик Чўринди қишлоғилик 11 йигитнинг пулини еб кетгани айтилаётган У.И. билан икки кун давомида боғланишга уринди. Бироқ у қўнғироқларга жавоб бермади.

Айни пайтда...

Россия Бош прокуратураси Академияси олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатда йил сайин хорижликлар содир этаётган жиноятлар сони камайиб бораётгани қайдга олинган бўлсада, хорижликларнинг ўз ватандошларига нисбатан содир этган жиноятлари кўлами кенгайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG