Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:54

Петербургдаги масжиддан чиққан муҳожирлар полиция қуршовига тушди (ВИДЕО)


Сенной бозоридаги "тозалаш" амалиёти, 15.11.2019 й.
Сенной бозоридаги "тозалаш" амалиёти, 15.11.2019 й.

Санкт-Петербургнинг Сенний бозорида ўтган жума куни ўтказилган полиция рейдига оид видеоёзувлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Петербург полицияси асосан ўзбек ва тожик муҳожирлари - юзлаб кишини масжид ичкарисига қамаб олганини “нолегалларни аниқлашга қаратилган навбатдаги профилактика рейди” деб атади.

Озодликка тақдим этилган видеоларда хорижликлар билан бирга полиция рейдига россияликлар ҳам тушиб қолганини кўриш мумкин.

15 ноябрь, жума куни Петербургнинг Сенний бозорини ОМОН ва полициянинг махсус кучлари босди.

“Тозалаш амалиёти” шу ерда жойлашган масжидда намоз ўқиб чиққан асосан ўзбек ва тожик меҳнат муҳожирларига нисбатан уюштирилди, дейди Озодликка рейд гувоҳи бўлган Бек Тоҳиров:

- Сенний бозорига соат 12 ларда учта “Урал” машинасида ОМОН келди. Яна 2 автобус ва енгил машина келди. Сеннийда чиқаверишдаги 3 арк олдига туриб, ўтган-кетганнинг ҳужжатини олиб текширишяпти. У ерда кафелар, складлар бор, асосан ўзбек-тожик-озари ишлайди. Улар шу ерда намозхона ҳам қилишган. Шу куни 70 тача одамни олиб кетишди.

Суҳбатдошнинг айтишича, Санкт-Петербург шаҳар Адмиралтейский туманидаги 38-полиция бўлимига келтирилган барча муҳожир ҳужжати бор-йўқлигига қарамасдан жаримага тортилди:

- 60-70 тача одамни олиб кетишиб, 5 минг рублдан штраф қилишди. Пули йўқларни паспортини олиб қолибди – берганидан кейин қайтаради! Ҳар жума бўляпти бу нарса. Хуллас, менимча бюджетни тўлдиришяпти булар шу тариқа. Болалар Сенний бозорга киролмай қолган! Ваҳоланки, илгари бир ойда бир келарди.

Error rendering VK.

Бекнинг айтишига кўра, патент нархлари ва миграция қоидалари кескинлашиши ортидан хусусан Петербургда нолегал ҳолатга ўтган мигрантлар сони кўпайиб бормоқда. У патент тайёрлаш “Москвадагидек осон эмас – 25-30 минг рубл туради”, дейди. Ўзбекистонлик муҳожир нолегал ҳолатга ўтаётган мигрантлар учун ойлик “легал” қайдга туриш 5 минг, қалбакиси - 2,5 минг рубл эканини ҳам билдирди.

Рейд давомида мигрантларнинг бир қисми қочиб қутулгани, қолганлари бирма-бир текширилгани айтилди. Бу куни Сенний бозори ишламади.

350 яқин намоздан чиққан муҳожир қуршовга олинди
350 яқин намоздан чиққан муҳожир қуршовга олинди

Маҳаллий матбуот полиция рейдларининг кучайишига “Апраксин двор” бозоридаги муҳожирларнинг оммавий муштлашуви ва пичоқлашуви сабаб бўлаётганини иддао қилиб чиқди.

Санкт-Петербург полицияси Озодлик сўровига шимолий пойтахт ва Ленинград вилоятида олиб борилган амалиётлар “жиноятлар профилактикаси” учун бажарилгани ва “миграция қонунчилигини бузганларни аниқлашга” қаратилганини айтишди.

- Текширув хориж гражданлари кўп учрайдиган жойларда, жумладан метрода ва ташкилотларда олиб борилди. 350 дан зиёд одам текширувдан ўтди. Рейд натижасига кўра, 54 хорижлик маъмурий жавобгарликка тортилди, яна бир мигрантга Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келгани учун маъмурий жазо қўлланилди, деди Санкт-Петербург полицияси навбатчиси.

Ички ишлар бошқармаси “тозалаш” амалиётлари Софийский, Калининский озиқ-овқат сақлаш базаларида ва “Апраксин двор” бозорларида амалга оширилганини тасдиқлади.

Полиция рейдлар натижасида бир неча киши депортация қилинишини маълум қилди.

Фейсбук саҳифаларидан бирида ўша куни Сенной майдонидаги полиция рейди тасвирга олинган видеоёзувлар пайдо бўлди.

Унда юзлаб одамлар ўралган ҳудудда ушлаб турилгани ва полиция ходимларининг бирма-бир текширувидан ўтаётганини кўриш мумкин. Видеода Тоқати тоғ бўлган мигрантлар зўравонлик қилаётган полиция ходимларига норозилик билдириб, ҳуштакбозликка олаётгани тасвирланган.

Видеони кўрган ҳуқуқ фаоли, мигрантлар ҳимоячиси Валентина Чупик полиция ходимлари бу ҳаракатлари билан Россиянинг қатор қонунчилик моддаларини бузганини эътироф этди.

Полиция, биринчидан, ўз ваколатини суиистеъмол қилиш ва зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш (РФ ЖК 330- моддаси 2- қисми); иккинчидан, ваколат доирасидан чиқиш РФ ЖК 286- моддаси 2- қисми, 3- банди); учинчидан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қилиш (РФ ЖК 169- моддаси 1- қисми); тўртинчидан, озодликдан ноқонуний равишда маҳрум қилиш (РФ ЖК 127- моддаси 2- қисми); бешинчидан, дискриминация; олтинчидан, жамоатчилик жойида ҳақорат қилиш ва бошқа қатор моддалар асосида Россия қонунларини бузган, деб ёзди ҳимоячи.

Валентина Чупик муҳожирлар ўз номидан бу бедодлик уcтидан ариза ёзиб, шикоят қилмагунча, ноқонуний рейдлар давом этаверишини башорат қилди.

XS
SM
MD
LG