Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Германия ва Чехияга ёлланиб, жўнатилмаган мардикорлар пулларини қайтариб беришни талаб қилмоқда


Ўзбекистонда хорижга ишчиларни ёллаш хусусий ширкатларга топширилган
Ўзбекистонда хорижга ишчиларни ёллаш хусусий ширкатларга топширилган

Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга деб ёлланган 200 ва Чехияга деб ёлланган 500 ишчи жўнатилмасдан қолди. Ишчилар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаяпти.

HUMAN хусусий бандлик агентлиги вакили Озодликка пуллар душанба, 16 сентябрдан бошлаб эгаларига қайтарилишини айтди.

"Бизни 8 ойдан бери алдашяпти"

2019 йилнинг январида Ўзбекистонда фаолият юритаётган HUMAN хусусий бандлик агентлиги Ўзбекистоннинг 12 вилоятида “Германияга ва Чехияга ишга” деб ишчи ёллаган.

Андижонлик 40 яшар Ёдгорбекнинг Озодликка айтишича, у Германияга ёлланган бошқалар қатори агентликка 35 миллион сўм тўлаган.

- 8 ой олдин HUMAN хусусий бандлик агентлиги телевидение орқали реклама чиқарди. HUMAN Тошкентда Яккасаройда жойлашган экан. 8 ойда жўнатиши керак эди. 8 ой ўтди ҳам – натижа йўқ. Ҳеч ким жўнатилмади, кўчада қолдик. Тўполон, бошлиқлари эса йўқ! 197 одам биринчи потокда 35 миллион сўмдан пул тўлаган.

Ҳар бир ишчидан 35 миллион сўм нақд пул олинган
Ҳар бир ишчидан 35 миллион сўм нақд пул олинган

Андижонлик ёлланма ишчига кўра, ширкат уларни, Германиядаги логистика марказларида ишлайсизлар, деб махсус тайёргарликдан ҳам ўтказган.

Ёдгорбек уларга агентликда “элчихонадаги суҳбат рус тилида бўлади” деб ваъда берилгани ва 18 кун давомида Фарғона шаҳридаги махсус марказда ўқиш ҳам ташкил этилганини айтди. Ўзбекистонлик ишчиларга ўқув марказида немис тилидан ҳам дарс берилган.

Ёдгорбек ширкатга пул тўлаганларнинг аксари оғир аҳволда қолаётганини билдирди:

- Шу кунда мен бўйнимда 850 доллар қарз билан юрибман. Тирикчилик қиладиган машинамни сотиб, пулини шуларга бергандим. Бўлмаса шу пулни боламнинг контрактига тўламайманми! Ўзим бекорчиман, хотиним больницада ишлайди – 700 минг сўм пул олади. Пулимизни олволсак – шунга хурсанд бўлардик.

Ёдгорбекнинг сўзларича, жорий ҳафта бошидан агентлик ишчилардан шартномани бекор қилиш тўғрисида аризаларни қабул қилаётир.

Озодлик билан гаплашган ёлланма ишчилардан яна бирининг айтишича, HUMAN агентлиги яна 500 одамдан Чехияга деб, 23 миллион сўмдан пул йиққан:

- 8 ойда жавоб берилади деган, аммо шартнома қўлимизга берилмади. Германияда 2500 евро ойлик, Чехияда ойлик 1300 евродан бошланади, деб айтилган. Чехияга 500 дан ортиқ одам йиғилган! Булар 12 вилоятда ваколатхона очган, рекламани кучли берди, ҳатто Кун.узда турибди.

Фарғоналик яна бир ишчининг айтишича, Тошкентда 15 водийлик боладан “750 минг сўмдан визага” деб яна пул олинган.

Ишчилар ўз тўловларини “Азия Альянс банк” орқали амалга ошириб келганини қўшимча қилди.

Фарғоналик мардикор HUMAN хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев тоқати тоғ бўлган ёлланма ишчилардан қочиб юргани ва саволларига жавоб бермай келаётганини ҳам айтди.

Алданганини айтаётган ишчилар бандлик агентлиги уларнинг маблағларини қайтаришни шу кунларда бошламаса офис олдида йиғилиб, ўз ҳақларини талаб қилишга тайёр эканликларини маълум қилди. Уларнинг айтишича, алданганлар Меҳнат инспекциясига вазиятни ҳал этиш илтимоси билан мурожаат қилган, бироқ бундан ҳам натижа чиқмаган.

Ишчилар билан имзоланган меҳнат шартномаси.
Ишчилар билан имзоланган меҳнат шартномаси.

HUMAN агентлиги: Хавотирга ўрин йўқ!

HUMAN хусусий бандлик агентлигининг ўзини Жавлонбек деб таништирган вакили “душанба кундан пулларни қайтаришни бошлаймиз”, дея ишонтиришга уринди:

- Фирма билан шартнома қилганлар Германияга квота берилмагани учун шартномаларини бекор қилишга ариза ёзишаяпти. Чунки Германия ва Чехия Ўзбекистонга ишчи квота бермабди. Душанбадан пулларни қайтатиш бошланади! Бошлиқ қўл қўйиши керак. Масалан, Болгарияга ишчи визамиз чиқди – кейинги ҳафтадан 16 киши кетади. Офисларимиз ишлаяпти, ҳамма раҳбарлар жойида. Шу сабабли хавотирга ўрин йўқ.

Ширкат вакили HUMAN ҳозирда Ўзбекистондан Болгария, Словакия ва Польшага ишчиларни ёллашни бошлашини ҳам маълум қилди.

Айни дамда, ширкат вакили Озодликнинг HUMAN хусусий бандлик агентлиги директори Шоҳинур Файзуллаев қаерга йўқолиб қолгани борасида берган саволини очиқ қолдирди.

Тошкентдаги бошқа бир воситачи ширкатга 1000 доллар хизмат ҳақи тўлаб Болгарияга ишга келган беш ўзбекистонлик кўчада қолган эди.

Work in World хусусий бандлик агентлиги 800 евролик ойлик¸ камида бир йиллик меҳнат шартномаси¸ текин турар-жой ва озиқ-овқат ваъдаси билан уларни Болгарияга юборган.

Августда Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан шуғулланганТошкент, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятидаги 8 та хусусий агентлик фаолияти тафтиш этилгани хабари чиққанди.

Бу агентликлар ишга жойлаштириш учун одамлардан 100 фоиз тўловни ундириб, ваъдасини бажармаганликда, гражданлар хусусий агентликдан пулини қайтаришни талаб қилса, маблағ қайтарилмаяпти ёки хизмат кўрсатилмаган бўлса-да маблағнинг бир қисми ушлаб қолинаётганликда айбланган эди.

XS
SM
MD
LG