Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Маҳкум қамоқдан қочди. Унинг мажбурий меҳнатдан безгани иддао қилинди


Иллюстрация
Иллюстрация

Тошкентдаги 51- манзил колонияда жазо ўтаëтган 43 яшар маҳкум Олимжон Абдуллаев бир ойча муқаддам қочиб кетгани маълум бўлди.

Колония маҳкумларидан биридан олинган бу хабарни Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими тасдиқлади. Мулозимнинг айтишича, маҳкум қидирувга берилган.

Маҳкум Олимжон Абдуллаев сақланган манзил-колония раҳбари, подполковник Анвар Валиев воқеани изоҳламади.

Жазони ижро қилиш бош бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра¸ шу ой бошида қочиб кетган маҳкум Олимжон Абдуллаев қидирувга берилган. Мулозимга кўра¸ қочган маҳкум Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97- моддаси ("Қасддан одам ўлдириш") бўйича айбланиб, суд қарори билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

- Маҳкум жазонинг 15 йилини ўтаб бўлгач, манзил колонияга ўтказилган ва яна 5 йил жазо ўташи лозим эди. Маҳкум изн бўлмагани ҳолда керакли одамлар билан жиноий тил бириктириб, паспорт олгани ортидан қочиб кетди¸ - деди лавозимида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмагани учун исми айтилишини истамаган мулозим.

Мажбурий меҳнатдан безди?

51-манзил колония маҳкумларидан бирининг айтишича, қочиб кетган маҳкум Олимжон Абдуллаев пайвандчилик қилиб, дарвоза ясаган ва мажбурий меҳнатдан безгани учун қочиб кетган:​

- Колониянинг "катталаридан" бири унга ҳар ой 100 доллар ўлпон солди. 100 доллар тўласанг, яхши юрасан, деб. Олимжон яхши уста. Темир дарвоза ясайди. Дарвозадан ясаб бериб турасан ҳар ҳафта, деб уни мажбурлади. Сварка қилавериб кўзи оғриб қолди. Кейин побегга кетворди. Менга Телеграмдан хат ëзиб, ўлпондан безганим боис қочдим, деб айтди. Мен ишондим унга. Чунки у 15 йил ўтириб берди. Колонкадан УДО (Муддатидан олдин шартли озод бўлиш -таҳр.) бўлиб чиқиб кетиши керак эди. Сабри тугади у бечоранинг.

51- манзил колония маҳкумларидан яна бирининг айтишича¸ колониядаги зулмга чидаш қийин:

-15 йил ўтирган Олимжон чидамади. Унга ўзинг темир сотиб олиб 25 миллион сўм турадиган дарвоза ясаб берасан деб грузить қилишди. Темир оламан деб Олимжон қарз бўлиб қолди. Кейин қочиб кетди.

Маҳкумга паспортни ким берди?

Маҳкумнинг айтишича¸ колониядаги маҳкумларнинг паспорти олиб қўйилади. Аммо қочиб кетган маҳкумда паспорт бўлган:

- Мана бу Олимжоннинг паспорти. (Озодликда паспортнинг сурати бор) Паспорт 2021 йилга қадар амал қилади. Одатда паспорт қамоқхона маъмуриятида сақланади. Аммо Олимжон ҳар ой 100 доллар ўлпон тўлагани¸дарвоза ясаб бергани эвазига паспортини қўлига олди. Бизга кўрсатганида расмга олувдим. Ҳозир Олимжон Россияга етиб борган деб эшитдим.

Текширув бошланди

Жазони ижро қилиш бош бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра¸ маҳкум “шубҳали шахслар билан жиноий тил бириктириб” паспортини қўлига олган:

- Унинг қочиб кетгани ҳақидаги хабар атайлаб кечиктириб хабар қилингани ҳақидаги маълумот текшириляпти. Ҳозир 51- манзил колонияда бу юзадан Жазони ижро қилиш бош бошқармаси хизмат текшируви олиб бормоқда.

51-манзил колония бошлиғи подполковник Анвар Валиев маҳкум қочгани ҳақидаги хабарни ҳеч бир тарзда изоҳламади.

Озодлик 51-манзил колонияда сақланаётган маҳкумлар жорий йил январидан буён Сергелидаги кўпқаватли уйлар қурилишида ишлатилаётгани, уларнинг ойлигидан 21 фоизи колония фойдасига ушлаб қолинаëтгани ҳақида ëзган эди.

XS
SM
MD
LG