Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:46

13 сайёҳ Кисловодскдаги "Ўзбекистон"дан Ўзбекистонга қайта олмаяпти


Кисловодскдаги "Ўзбекистон" оромгоҳи 1932 йилда қурилган.(Санаторий расмий саҳифаси фотоси)
Кисловодскдаги "Ўзбекистон" оромгоҳи 1932 йилда қурилган.(Санаторий расмий саҳифаси фотоси)

Россиянинг Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” оромгоҳида дам олиб, йўлланма муддати аллақачон тугаган 13 ўзбекистонлик коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида чегаралар ёпилгани учун ватанга қайта олмаяпти.

Ўзбекистон Президенти аппарати тасарруфидаги бўлган "Ўзбекистон" Кисловодск курортининг энг қадимги ва чиройли оромгоҳларидан биридир.

Россиянинг Ставрополье ўлкасидаги Кисловодск курорт-шаҳридаги санаторийларидан бирида коронавирус туфайли чегаралар ёпилгунича Ўзбекистонга чиқиб кета олмаган 13 нафар дам олувчи қолмоқда.

Кисловодск шаҳар маъмурияти матбуот хизмати раҳбари Елена Полтавскаянинг Озодликка берган маълумотга кўра, санайторийда қолаётганларнинг барчаси Ўзбекистон гражданларидир.

- Шаҳримизда дам олувчилардан ҳозир деярли ҳеч ким қолмаган. Кисловодскда фақат ўз юртига кетолмай қолганлар қоляпти. Хусусан, шаҳримизнинг Мир проспектидаги “Ўзбекистон” санаторийсида 13 киши қолган. Улар Ўзбекистонга чегаралар ёпилгунгача чиқиб кетишга улгурмаган. Билишимча, бу вазиятдан Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги хабардор.

Шаҳар маъмурияти расмийси ўзбекистонликлар коронавирус пандемияси эълон қилиниши ортидан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатнов, автомобиль ва темир йўл қатнови тўхтатилгани боис мамлакатда қолишга мажбур эканини билдирди.

Елена Полтавскаянинг айтишича, дам олиш масканида қолаётган муҳожирлар орасида ёш болалар йўқ ва улар санаторий маъмурияти қарамоғида қолмоқда.

Кисловодскдаги “Ўзбекистон” оромгоҳи маъмурияти Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Оромгоҳ - Ўзбекистон давлати мулкидир

“Ўзбекистон” расмий сайтида “санаторий 2020 йилнинг 1 июнигача ёпиқ” экани, “янги дам олувчиларни қабул қилиш пандемия туфайли тўхтатилгани” айтилган.

Расмий маълумотларга қараганда, “Ўзбекистон” оромгоҳи Кисловодск курортининг энг қадимги дам олиш масканларидан биридир.

Денгиз сатҳидан 900 метр баландликдаги майдони 1,5 гектар бўлган бу оромгоҳ тошкентлик архитектор Н.Қоржибеков бошлиқ гуруҳ лойиҳаси асосида ўзбек эртаклари мотивлари асосида қурилган. У шаҳарнинг тарихий қисмида 1932 йилнинг 7 ноябрида Октябрь инқилобининг 15 йиллигига бағишлаб очилган.

Уруш йилларида Ўзбекистон ҳукумати балансидаги санаторийда ҳарбий госпиталь ишлаб турган.

Шаҳар маъмуриятида 170 кишига мўлжалланган “Ўзбекистон” оромгоҳи бугунги кунда Ўзбекистон Президенти аппарати Тиббиёт маркази мулки эканини маълум қилишди.

Оромгоҳ асаб, юрак, ички аъзолар ва гинекология касалликларини даволашга ҳам мўлжаллангани айтилди.

9 қаватли улкан ётоқ корпуси, 2 қаватли ва 5 қаватли ётоқ биноларида даволаш кабинетлари, ошхона, “Чойхона” бари, 2000 китоб фондига эга кутубхона, клуб, бильярд зали жойлашган. “Ўзбекистон” ўзининг нарзан ванналари ва ажойиб парки билан машҳур. Даволаниш маскани Курорт парки зонасининг минерал булоқлари отилиб чиқувчи Нарзан галереясига туташган.

Расмий сайтдаги маълумотларга кўра, курорт ётоқхоналари номерлари суткасига 3 мингдан 5 минг рублгача (40-80 АҚШ доллари) қилиб белгиланган.

Озодлик дунёнинг кўплаб мамлакатларида Ўзбекистонга чегаралар ёпилгунига қадар қайтишга улгурмаган минглаб муҳожирлар қолаётгани, уларнинг энг катта сони айнан Россияда кун кечираётгани борасида хабар бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG