Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Ишчи-хизматчилардан "қариндошларининг копиясини тақдим этиш" талаб қилинмоқда


Қариндошлар ҳужжатларидан нусха талаб қилиш аҳоли устидан назоратни янада кучайтириш усули сифатида баҳоланмоқда.
Қариндошлар ҳужжатларидан нусха талаб қилиш аҳоли устидан назоратни янада кучайтириш усули сифатида баҳоланмоқда.

Самарқанд вилоятида тиббиёт ходимларидан яқинлари: турмуш ўртоғи, болалари, ота-онаси, ака-ука, опа-сингилларининг паспортлари нусхасини олиб келиш ва кадрлар бўлимига топшириш талаб қилинмоқда.

Озодлик радиоси вилоятнинг Тойлоқ туманидаги шифокорлардан биридан олган маълумотга қараганда, тиббиёт ходимларига бунинг сабаблари тушунтирилмаган, бу ҳақда ким буйруқ бергани айтилмаган.

Самарқанд вилоят тиббиёт тизимида ишловчи расмийлардан бири бу маълумотни тасдиқлади, лекин нега бундай талаб қўйилаётгани сабабларини билмаслигини айтди.

Айни пайтда бундай ҳолат «Ўзбекистон темир йўллари» ширкатининг Бекобод станциясида ҳам юз бермоқда.

Станциянинг матбуотга гапириш ваколатига эга бўлмагани учун исми сир қолишини илтимос қилган расмийсига кўра, бундай тадбир гўёки «Ягона миллий меҳнат тизими”ни яратиш мақсадида ўтказилмоқда. “Аслида эса бундан мақсад одамлар устидан назоратни кучайтиришдир”, деб айтди расмий.

"Қариндошларимиз ҳужжатларининг нусхалари нега ва кимга кераклиги айтилмаяпти"

“Бир неча кун олдин мен ишлайдиган кўп тармоқли поликлиникада йиғилиш ўтказилиб, барча ходимлардан турмуш ўртоғи, бола-чақаси, ота-онаси, ака-ука, опа-сингилларининг паспортлари нусхасини олиб келиш талаб қилинди. Бу нима учун кераклигини, ким томонидан бунга буйруқ берилганини айтишмади. Лекин “Бу мажбурий, олиб келмаганларга интизомий жазо чоралари кўрамиз”, деб айтишди”, деб маълум қилди Озодликка Самарқанд вилоят Тойлоқ туманидаги шифокорлардан бири 6 февраль куни.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги масъул лавозимдаги расмийлардан бири ўз исмини айтмаслик шарти билан тиббиёт ходимларидан яқинларининг паспорт нусхалари йиғилаётганини тасдиқлади:

“Ҳа, яқинларимизнинг паспорт нусхаларини олиб келиш талаб қилинаяпти. Масалан, биздаги ходимлардан бири бошқа вилоятдан келин бўлиб тушган Самарқандга. У ҳам дам олиш кунлари ота-онасининг уйига бориб, ота-онасиинг, ака-ука ва опа-сингилларининг паспорт нусхаларини олиб келиши шартлиги айтилди. Аммо бу буйруқ қаердан берилди, ким имзо чекди унга, бу буйруқ ёзмами ёки оғзакими деган саволларга жавоб йўқ. Сўрасак, юқорининг буйруғи дейди, тамом”, деди масъул.

Мазкур тасдиқ ортидан Озодлик мухбири бу воқеа юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди. Бироқ вазирлик матбуот хизмати бу борада ҳеч қандай ахборотга эга эмаслигини айтиб, маълумот олиш учун кун давомида телефонлар гўшакларини кўтармаган Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилишимиз кераклигини айтди.

Темир йўлчилардан ҳам "қариндошлар копиясини зудликда тақдим этиш" талаб этилди

Мавзуни ўрганиш жараёнида бундай ҳолат «Ўзбекистон темир йўллари» ширкатининг Бекобод станциясида ҳам юз бераётгани аниқланди. Бекободлик темир йўлчилардан бирининг айтишича, 5 февраль куни станцияда йиғилиш ўтказилиб, бошлиқлар ҳар бир темир йўлчидан яқинларининг паспорт нусхаларини 15 февралгача топширишни талаб қилган.

“Бизга бу мажбурий эканини, бу мажбуриятни бажармаган темир йўлчилар интизомий жазоланишини айтишди”, деди темир йўлчилардан бири.

Станциянинг матбуотга гапириш ваколатига эга бўлмагани учун исми сир қолишини илтимос қилган расмийси бу маълумотни тасдиқлади ва Озодлик радиосига йиғилишда ҳар бир темир йўлчига тарқатилган эълон матнини тақдим этди. Қуйида эълон матни таҳрирсиз келтирилмоқда:

“ЭЪЛОН

05.12.2019 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ягона миллий меҳнат тизим” (Единая национальная система труда)нинг фармойиши тўғрисида ҳамда 2020 йилнинг 07 январь кунидаги АЖ “УТЙ” НЗ Х.Н. Хосиловнинг 27-Н сонли буйруғига асосан, хамма ишловчи ишчи-ходимлар зудлик билан ўзингизни паспортингиз, диплом ёки аттестат мактабни битирганлиги хакидаги ва оила аъзоларингизни хамда якин кариндошларингизни ака-укалар, опа-сингиллар, кайнона ва кайноталарни хам паспорт хамда метиркаларини (агарда вафот этган булса улими хакида гувохномаси) 15-февраль 2020 йил кунигача тақдим этилсин. Хамма ишчи ходимларга суралган якин кариндошларининг копияси (таъкид Озодликники) камчиликсиз зудлик билан кадрлар бўлимига такдим этилсин. 05.02.2020 йил”

Озодликка тақдим этилган эълон нусхаси.
Озодликка тақдим этилган эълон нусхаси.

Станциянинг матбуотга гапириш ваколатига эга бўлмагани учун исми сир қолишини илтимос қилган расмийси бу ҳолатга изоҳ берар экан:

“Гўёки «Ягона миллий меҳнат тизими”ни яратиш мақсадида ҳужжатлар нусхалари йиғилаётганини айтишмоқда. Бироқ кадрлар бўлими ҳеч кимга 27-Н сонли буйруқни кўрсата олмаяпти, бу буйруқни ҳеч ким кўзи билан кўрмаган. Шунинг учун айрим темир йўлчилар ва раҳбарият ўртасида бу масалада жанжаллар чиқиб турибди”, деб айтди.

Унга кўра, темир йўлчилар учун айтилган ҳужжатларни кадрлар бўлимига тақдим қилиш қийин эмас, аммо...

“Аммо темир йўлда, хусусан бизнинг станциямизда, бошқа стратегик аҳамиятга эга объектларда спецотделлар (Махсус бўлимлар) мавжуд. Бу совет тизимидан қолган Особий отделларга ўхшаган, яъни ҳар бир ишчи-ходимни, корхонадаги вазиятни ва иқтисодий жараёнларни назоратда ушлаб турадиган бўлим. Буни ҳар бир темир йўлчи тушунади ва кўпчилик яқинларининг ҳужжатларини топширишдан шунинг учун чўчимоқда. Бу ишчи-ходимларнинг яқинлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш орқали назоратни кучайтириш, спецотдел ҳукумронлигини кучайтирш ҳаракати, деб ҳисоблаяпмиз”, деди расмий.

Бу масалада “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати раҳбариятидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Наманганда ҳам шундай бўлган эди

Озодлик радиоси 2020нинг 16 январида Наманган шаҳрида халқ таълими бўлими ўқитувчиларнинг барча қариндошлари паспорт нусхаларини топшириш ҳақида шошилинч кўрсатма бергани ҳақида ёзганди.

Бу топшириққа кўра, ўқитувчи ота-она, фарзандлари, ака-ука, опа-сингиллари ва ҳатто қайнона-қайнотасининг паспорти нусхасини топшириши шарт бўлган. Ўқитувчилардан бунинг сабабини сўрамаслик илтимос қилинган.

Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси, кадрлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ўқитувчилардан қариндошларининг паспортлари копияларини топшириш талаб қилинаётганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини янги электрон меҳнат дафтарчаси билан боғлаган:

“Меҳнат дафтарчасини электрон базага киритиш мақсадида қилиняпти”.

Ўқитувчи қариндошларининг, қолаверса қайнота-қайнонасининг унинг меҳнат дафтарчасига қандай алоқаси бор, деган Озодлик саволига мулозим жавоб бермаган.

Қарор ва қонунлар нима дейди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрда қабул қилинган “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлдар тўғрисида”ги қарорида электрон меҳнат дафтарчалари тўпламидан иборат “Ягона миллий меҳнат тизими” ишчи-ходимлардан яқинлари тўғрисидаги маълумотларни мажбурий тарзда йиғиш орқали шакллантирилиши назарда тутилмаган.

Аксинча, қарорнинг 4- бандида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга қатъий амал қилишга кўрсатама берилади:

“Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, АТ Халқ банки «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини инобатга олган ҳолда «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси воситасида «ЯММТ» ИДАК билан идоралараро маълумот алмашиш бўйича технологик йўриқномаларни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар”.

Президент Мирзиёев 2019 йилнинг 2 июлида имзолаган ва ўша йилнинг 1 октябридан кучга кирган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида эса “Субъект ўзининг шахсга доир маълумотларини беришни рад қилган тақдирда, ўзининг рад қилиши сабабларини кўрсатмаслик ҳуқуқига эга”, деб белгиланган.

Мазкур қонуннинг 20-моддасида:

- Шахсга доир махсус маълумотларга ишлов бериш учун субъектнинг ёзма шаклдаги, шу жумладан электрон ҳужжат тарзидаги розилиги талаб этилади.

- Субъект муомалага лаёқатсиз бўлган ёки унинг муомала лаёқати чекланган тақдирда, унинг қонуний вакили субъектнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун ёзма равишда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида розилик беради.

- Вояга етмаган субъектларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун уларнинг ота-оналари (васийлари, ҳомийлари), улар йўқлигида эса васийлик ва ҳомийлик органлари ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида розилик беради.

- Субъект вафот этган тақдирда, унинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун розиликни, агар субъект ҳаётлиги чоғида бундай розиликни бермаган бўлса, унинг меросхўрлари ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида беради, деб кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG