Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:52

Гулнора Каримова иши: Telia собиқ раҳбарларига чиқарилган оқлов ҳукми кучда қолдирилди


Telia ширкатининг собиқ раҳбари Ларс Нюберг - 31 январь, 2013
Telia ширкатининг собиқ раҳбари Ларс Нюберг - 31 январь, 2013

Швеция суди Гулнора Каримовага пора беришда айбланган Telia ( олдинги номи Teliasonera - таҳр.) мобил алоқа ширкатининг собиқ раҳбарларини оқлаш тўғрисидаги ҳукмни кучда қолдирди.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) хабарига кўра, 4 февраль куни Стокҳольм маҳкамаси Telia ширкатининг (Ўзбекистондаги Ucell бренди-таҳр.) собиқ раҳбари Ларс Нюберг ва унинг икки шеригига нисбатан чиқарилган оқлов қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Ширкатнинг уч собиқ раҳбари Ўзбекистон телекоммуникациялар бозорига кириш учун ўша вақтдаги президент Ислом Каримоавнинг қизи Гулнора Каримовага қарaшли оффшор ширкатларига тахминан 320 миллион доллар пора берганликда гумон қилинган эди.

Бу гумон илк бор Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) ҳамда Швеция телевидениесининг (SVT) 2012 йилдаги журналистик суриштирувида янграган.

Улар Стокҳольм маҳкамасининг 2019 йил февралидаги ҳукми билан¸ гумон қилинган жиноятларда айбсиз деб топилган. Ҳакамлар бундай қарорга келишини собиқ раҳбарлар “техник жиҳатдан” Каримовага пора бермагани билан изоҳлаган.

Айнан шу ҳуқуқий чеклов боис суд Telia ширкатининг собиқ раҳбарларига нисбатан чиқарилган оқлов қарорини бу гал ҳам кучда қолдирди.

Швеция прокуратураси 2019 йил мартида акцияларининг 37 фоизи ҳукуматга қарашли бўлган Telia (эски номи TeliаSonera) собиқ раҳбарларининг айбсиз деб топилгани ҳақидаги Стокҳольм суди ҳукми устидан апелляция киритган эди.

2007-2010 йилларда Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун Гулнора Каримовага қарaшли оффшор ширкатларига 350 миллион доллардан кўпроқ пора берганликда айбланган Telia ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларсган Нюберг¸ ширкатнинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туималар¸ маҳкаманинг 2019 йил 15 февраль кунги ҳукми билан айбсиз деб топил.

Ҳукмга берилган изоҳга кўра¸ пора деб аталган юзлаб миллион доллар берилган йилларда швед қонунчилигига кўра¸ у ëки бу давлат расмийсига пул ëки бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган ва айблов томони маҳкама давомида Гулнора Каримованинг давлат расмийси бўлганини шубҳа қолдирмайдиган даражада исбот қила олмаган.

Отаси президентлигида қамоққа ташланган Гулнора Каримова Ўзбекистонда 13 йилу 4 ойлик жазо муддатини ўтамоқда
Отаси президентлигида қамоққа ташланган Гулнора Каримова Ўзбекистонда 13 йилу 4 ойлик жазо муддатини ўтамоқда

Пора олувчиларнинг расмий рўйхатида Гулнора йўқ

Суд жараёнида Telia амалга оширган тўловлар Гулнора Каримованинг чўнтагига кетгани борасида шубҳа, умуман билдирилмаган.

Прокуратура миллионлаб долларларни оффшорга ўтказиб бериш моҳиятан пора эканлигини исботлашга уринган. Лекин суд изоҳига кўра¸ у ëки бу давлат расмийсига пул ë-да бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган. Айблов томони эса, маҳкама давомида Гулнора Каримованинг телекомуникация соҳасида давлатнинг ваколатли расмийси бўлганини шубҳа қолдирмайдиган даражада исбот қила олмаган.

“Прокуратура Гулнара Каримова телекоммуникация соҳасига оид лавозим ёки вазифада бўланини исботлаб беролмаган”, дейди судья Керстин Элсерт. Унинг қўшимча қилишича, прокуратура шунингдек, бу пуллар у ëки бу давлат расмийсига тўланганини ҳам исботлай олмаган. Эндиликда Швеция Бош прокуратураси Стокҳольм суди ҳукми устидан Олий Судга апелляция киритиши мумкин.

Чиқарилган ҳукм борасида OCCRP билан суҳбатлашган Швеция Бош прокурори Ким Эндрюс “порахўрлик борасидаги қонунчиликнинг бу каби талқин қилинишини “ҳақоратомуз” деб атаган.

“Бу Швеция компаниялари диктаторлар ёки уларнинг оила-аъзоларига пора бериб, ўз ишларини битириб юришлари мумкин, деганидир. Оқлов ҳукми Швеция айнан шундай қинғир ёндашувнинг олдини олиш бўйича ўз халқаро мажбуриятларига мувофиқ иш тутмаётгани, бизнинг шалтоғимизни бошқа Европа давлатлари ва АҚШ тозалаб юришини англатади”, - дейди Бош прокурор. “Судьялар айнан шундай бўлишини истаганига шубҳам бор”, - деб қўшимча қилди у.

Telia ширкатининг собиқ раҳбари Ларс Нюбергнинг адвокати Стефани Плейжел суд қарорини олқишлади. “Каримова шахси, қонун бўйича, пора олувчилар рўйхатига кирмаслигини айтиб, ушбу иш ёпилишини сўраб келган эдик”, - дейди у OCCRP билан суҳбатда. “Қонун қонун чиқарувчиларга ёқмаса, улар уни ўзгартириши мумкин. Жараён аслида мана шундай бўлиши керак”, - дея таъкидлайди айбланувчилар адвокати.

Швециянинг Telia, Россиянинг Вимпелком ва МТС ширкатлари Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора берганини тан олиш орқали Америка ҳукумати билан келишувга эришган ва жарималар тўлаган. Хусусан, Telia ширкати АҚШ Адлия вазирлиги билан 2017 йилда келишган ва 965 миллион доллар жарима тўлаган. Лекин бу келишув “Швециядаги суд ҳукмига ҳеч қандай алоқаси йўқ”,- дейди Плейжел.

Унинг сўзларига кўра, ширкат Нюберг ишдан кетганидан сўнг келишувга эришган, «бу машмаша учун шахсий жавобгарликка алоқаси йўқ». “АҚШ томонидан пора беришда айбланган компаниялар кўпинча, компания учун манфаатли бўлади деб, шундай келишувга киришади”, - дейди Плейжел.

Иш ҳануз ёпилмади

OCCRP журналисти Ола Вестербергнинг ёзишича, АҚШ ҳукумати билан эришилган келишув ва Швециядаги оқлов ҳукмига қарамай, Нюберг ва бошқа айбланувчилар учун иш, камида АҚШда, ҳали ёпилмаган бўлиши мумкин. Адвокатларга кўра, АҚШ ҳукумати ҳали уларга қарши алоҳида-алоҳида даъволар очиши мумкин. АҚШ Адлия вазирлиги вакили Швеция судининг сўнги қарорига изоҳ беришдан бош тортган.

Гулнора Каримованинг ўзи Ўзбекистонда 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2020 йил 18 март куни Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши бўйича ўз ҳукмини эълон қилинганди.

Суд Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Каримованинг швейцариялик адвокати ҳамда фарзандлари тергов ва жазо муассасасида унинг ҳуқуқлари поймол этилганини иддао қилишган, аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси бу иддаоларни рад этган.

XS
SM
MD
LG