Ўзбекистон 10 апрелдан бошлаб GSP+ иштирокчиси сифатида 6200 турдаги маҳсулотни божхона божисиз Европа Иттифоқи ҳудудига экспорт қилиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ўз Телеграм каналида маълум қилди.
Депутатга кўра, шу кунгача Ўзбекистонга Европа Иттифоқига 3000 турдаги маҳсулотни божхона тўловисиз олиб киришга рухсат берилган эди.
Европа Иттифоқи GSP+ дастурига қабул қилинган мамлакатлар зиммасига қатор мажбуриятларни ҳам юклайди. Масалан, дастурга қабул қилинган давлат инсон ҳуқуқлари, экология, меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарувга оид 27 та Халқаро конвенцияларни самарали бажариш мажбуриятини олади.
“Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Ўзбекистон томони иккита қонун - Жиноят ҳамда Меҳнат кодексларини қайта кўриб чиқиши жараёнига эътибор қаратаётганини расман маълум қилган”,-деб билдирди депутат.
Шу кунгача GSP+ дастурига 9 та давлат киритилган. МДҲ давлатлари орасида мазкур дастурга фақат Арманистон ва Қирғизистон аъзо эди.