Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:35

Россиянинг "газ иттифоқи"га доир баёнотларидан норози Туркманистон Москвадан изоҳ сўрамоқда


Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Шарқ-Ғарб газ қувурининг очилиш маросимида. 31 май, 2010 йил.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Шарқ-Ғарб газ қувурининг очилиш маросимида. 31 май, 2010 йил.

Ашхобод Москванинг Россия газини экспорт қилишда Марказий Осиё – Хитой газ қувуридан фойдаланишга доир муҳтамал режаларидан безовта бўлмоқда. 12 август куни Туркманистон ТИВ сайтида туркман мулозимининг анчагина кескин баёноти эълон қилинди.

Яқин-яқингача Европанинг энг йирик табиий газ таъминотчиси бўлган Россия Украинага қарши адолатсиз уруши туфайли халқаро санкцияларга йўлиқиши ортидан экспорт йўналишларини диверсификация қилишга уринмоқда.

“Туркмангаз” давлат концерни раисининг ўринбосари Мирад Арчаев Россия ТИВ иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Бричевскийнинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги “уч томонлама газ иттифоқи”га доир баёнотларига изоҳ берилишини талаб қилди.

Россия ОАВлари 11 август куни Бричевский Россия “газ соҳасида уч томонлама ҳамкорлик”ни кенгайтириш имкониятларини истисно этмаслиги, шунингдек мазкур ҳамкорликка “бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билан қараётгани”дан баҳс этгани ҳақида хабарлар тарқатди. Бричевский билан интервью матни Россия ТИВ сайтига жойланган.

Арчаев Россия мулозимининг мулоҳазаларига жавобан бу ерда қандай “кенгайтириш имкониятлари”ни назарда тутилмоқда ва “уч томонлама ҳамкорлик” ортида нима турибди, дея саволлар қўйди. Туркман мулозими ушбу масала Туркманистон манфаатларига дахл қилишини алоҳида урғулаган.

Афтидан, Ашхобод туркман газининг асосий истеъмолчиси бўлмиш Хитой энергетика бозорида Россия унга рақобатчи бўлиши эҳтимолидан безовталанмоқда.

Аввалроқ рус ОАВлари Россия ўз газини туркман газ қувури орқали экспорт қилиш имкониятини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон ва Қозоғистонга газ етказиб бериш хусусида ушбу мамлакатлар билан келишувга эришиши мумкинлиги тўғрисида ёзган эди.

Туркман гази Хитойга Марказий Осиё – Хитой қувурининг “А”, “В” ва “С” номли уч тармоғи орқали етказиб берилади. Узунлиги 1833 километрга тенг бўлган бу тармоқларнинг барчаси Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой йўналиши бўйлаб бир-бирига параллел жойлашган. Газ-транспорт тизимининг умумий ўтказиш қуввати йилига 55 миллиард кубометрни ташкил этади.

Газ: "Путинга ўлгунча қарамлик"- Тармоқлар Озодлик суриштируви ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:17 0:00

Арчаев газ қувури фақат Туркманистон ва Хитой иштирокида қурилганини ва қувур асосан туркман гази билан тўлдирилишини таъкидлади. Мулозимга кўра, Туркманистон ушбу қувур орқали йилига 40 миллиард кубометр газ экспорт қилади, қолган ҳажмларни эса Ўзбекистон ва Қозоғистон етказиб беради.

Шу муносабат билан Арчаев қувурни бошқа мамлакатлардаги газ манбалари, жумладан юқорида тилга олинган “газ иттифоқи”ни кенгайтириш ҳисобига тўлдириш назарда тутилмаганини айтди.

Баёнотда, шунингдек, Туркманистон хитой, ўзбек ва қозоқ ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини тўла-тўкис адо этаётгани ва ҳамкорлардан ҳам шуни кутишга ҳақли экани ҳам урғуланган.

“Туркмангаз” мулозими таъкидлашича, ушбу масала юзасидан ҳеч ким Ашхобод билан маслаҳатлашган эмас.

“Бунақа ёндашув Туркманистон учун тушунарсиз ва номақбул бўлиб, мамлакатимиз томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳамда газ соҳасидаги иш амалиётига номувофиқ деб кўрилмоқда”, деди Арчаев.

Мулозим “мавҳумлик ва нифоқ” уруғини сочаётган бундай баёнотлар Туркманистон томонида “жиддий хавотир” уйғотаётганини қўшимча қилди.

Таъкидлаш жоизки, аввалроқ Россиянинг Ашхободдаги элчиси Иван Волинков Россия Хитойга газ экспорт қилиш соҳасида Туркманистонга рақиб бўлмайди, дея ишонтирган эди. Рус дипломати журналистнинг Туркманистон ва Хитой ўртасидаги газ қувурининг тўртинчи тармоғи қурилиши муносабати билан “Сила Сибири – 2” лойиҳаси вақтинча тўхтатилиши эҳтимолига доир саволига жавобан шундай деган.

Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг Туркманистон – Ўзбекистон – Қирғизистон – Тожикистон – Хитой йўналиши бўйлаб ўтувчи “D” тармоғини қуриш масаласида бундан 10 йил муқаддам дастлабки келишувга эришилган.

Айни пайтда Россия Хитойга табиий газни узунлиги 3000 километрга ва йиллик ўтказиш қуввати 38 миллиард кубометрга тенг “Сила Сибири” қувури орқали экспорт қилади. Reuters агентлигига кўра, 2023 йилда Россия ушбу қувур орқали Хитойга 22 миллиард кубометргача газ етказиб бериши кутилмоқда.

ZIMISTON-UZ. 19-қисм: Ўзбек ҳукумати газни Россияга берганини рад этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:43 0:00

Ҳозирда лойиҳаланаётган 2600 километрлик “Сила Сибири – 2” газ қувури Монголия ҳудудидан ўтиши кўзда тутилган.

Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг жорий йил мартида Москвага давлат ташрифи чоғида томонлар “Сила Сибири – 2” қувури қурилиши бўйича якуний қарорга кела олишмаган.

Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг “D” тармоғи узунлиги 966 километр бўлиши ва мазкур лойиҳа қиймати 6,7 миллиард долларни ташкил қилиши айтилмоқда. “Сила Сибири – 2” газ қувури қурилиши эса 14 миллиард долларга тушади.

Жорий йилнинг мартида Reuters агентлиги Хитой нефт-газ соҳаси мулозимларига ҳавола берган ҳолда Пекин навбатдаги йирик газ қувури қурилиши борасида Россиядан Туркманистонни афзал кўриши ҳақида хабар қилган эди.

Сўнгги пайтларда расмий Ашхобод туркман газини Европага етказиб беришни назарда тутувчи Транскаспий газ қувури лойиҳасини яна эсга ола бошлади.

Форум

XS
SM
MD
LG