Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:27

Мирзиёев қуёш панеллари: Заруратми ёки монополия?


Қуёш панеллари ўрнатишга тадбиркорлар мажбурланмоқда.
Қуёш панеллари ўрнатишга тадбиркорлар мажбурланмоқда.

Ўзбекистонда қуёш панелларини давлат ташкилотларига, касалхона ва мактабларга, хусусий биноларга ўрнатиш кампанияси давом этмоқда.

Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг айтишларича, маҳаллий ҳокимларнинг қатъий топшириғи билан барча давлат ва хусусий объектларни панеллаштириш мажбурий тарзда амалга оширилмоқда.

Давлат объектларига қуёш панеллари ўрнатиш бюджет ҳисобидан, тадбиркорларга эса ўз маблағи ҳисобидан амалга ошириляпти.

Қуёш панели ўрнатишни истамаган озиқ-овқат дўконлари электр энергиясидан узиб ташланиши оқибатида совиткич ва музлаткичлардаги маҳсулотлар айниб қолганидан тадбиркорлар катта зарар кўрмоқда.

Тадбиркорларнинг айтишларича, улар қуёш панелларини ўрнатиш учун фақат ҳокимлик тавсия қилган МЧЖлар билан шартнома тузишга мажбур бўляпти.

Хитойдан келтирилган бу қуёш панелларининг узоқ муддат ишлашига ҳеч ким кафолат бермаяпти. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, бу тадбир ҳам президент Мирзиёевнинг аввалги тадбирлари сингари кампаниябозлик бўлиб, электр энергияси тақчиллигини бартараф қилолмайди ва ҳукуматга яқин бўлган қайсидир бир монополистнинг манфаатидан бошқа нарсага хизмат қилмайди.

Фарғона шаҳридаги давлат ташкилотларининг кўпига қуёш панеллари қўйиб чиқилди. Уларни ўрнатишга кетган харажат давлат бюджети ҳисобидан қопланди.

Ҳокимлик энди тадбиркорлардан ҳам қуёш панеллари ўрнатишни талаб қила бошлади. Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил икки манба хабар қилди.

Исми сир қолишини сўраган, Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлардан бирининг айтишича, қуёш панели ўрнатишдан бош тортган тадбиркорларнинг дўконлари электр энергиядан узилмоқда:

“Ҳокимлик буйруқ берган, асосан электросетдан келиб, панел ўрнатасан деб мажбурлаяпти. Шошманглар, биз бир ҳисоб-қилиб чиқайлик, бизга фойдаси борми ёки ортиқча харажатми десак ҳам, светни узиб қўйяпти. Оқибатда музлаткичларда бўлган анча маҳсулотимиз эриб, айниб қоляпти. Уч-тўрт марта шундай қилди. Ахийри, ўрнатишга мажбур бўлдик”.

Тадбиркорнинг айтишича, у 1 квт энергия берадиган панел ўрнатган:

“Бизга умумий қиймати 15 миллион сўмга тушди. Банкдан 24 фоизлик кредит олдик. Ҳокимиятга таниш бир фирма бор экан, ўша қўйиб беради, деди. Аммо у қиммат қўяди экан. Ўзимиз бозордан уста топиб ўрнатдик. Аккумулятор қўйганмиз, нари борса бир-бир ярим соатга етади. Энди каттароқ ва қимматроқ аккумулятор олсангиз икки-икки ярим соатга, фақат лампочканинг ўзига етади экан холос".

Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосарининг тадбиркорлик субъектларига топшириғи.
Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосарининг тадбиркорлик субъектларига топшириғи.

Тадбиркорнинг айтишича, аслида ҳокимликдагилар ҳам бундан хурсанд эмас:

“Ҳокимиятда бир танишим бор, аслида у ҳам бунга қарши, лекин иложимиз йўқ, Тошкентдан келган буйруқ бу, бажармасак бўлмайди”, дейди. Ҳамма тадбиркорга бир четдан қўйдириб чиқишяпти, қўймаса светини ўчиришяпти”.

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, тадбиркорлар қуёш панелларининг эффектив эмаслигидан шикоят қилмоқда:

“Мен ўзим шундай тадбирдан бирида қатнашдим. Бир ошхонага борган эдик. Беш киловатлик эҳтиёжи бор экан. Ҳисоблаб чиқдик харажати 110 миллион сўм бўлди. Энди қаранг, 40 йиллик электр энергияни ҳисоблаганимизда 70 миллион сўм атрофида пул бўлди. Уларнинг гибрид инверторлари 1000 доллардан ошиқ, икки йилга ҳам бормаяпти. Панеллари 600-700 доллар туради. Аккумуляторлари энг минимуми 80-90 доллардан 700 долларгача бор. Улар бор-йўғи икки йил гарантия беряпти, холос. Бу ҳозирги кунда нафақат фойда бермайди, балки таннархини қопламайди. Ҳокимнинг оғзаки буйруғи бор, ўрнатмаганлар светдан узилсин, деган. Қуёш панеллари ҳозир монополия бўлиб кетди, кимлардир олиб келган ва халққа ўтказиш керак".

Бухоро вилояти, Вобкент туманидан Озодликка боғланган АЁҚШлардан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбарининг айтишича, туман ҳокими ҳам айнан Фарғона ҳокими қўллаган ишни қиляпти:

“Туман ҳокими, электросетнинг бошлиғи тазйиқ ўтказяпти. Биринчи босим қуёш панели ўрнатмаган заправкалар светдан узиляпти, иккинчи босим ёнилғи сотиб олиш учун биржага қўйилмайди. Ҳоким, замҳоким, электросет бошлиғи ҳар куни телефон қилади. Битта заправкамни токини узиб ташлаган, қачон қўйсанг, кейин ёқамиз, дейди. Ҳозир ҳоким ёрдамчилари, банк ишчилари, туман ташкилотлари раҳбарларига хонадонингга ҳам қўясан деб мажбурлаяпти. Бўлмаса ишдан кетасан деяпти”.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, қуёш панелларини бу ишнинг мутахассислари эмас, балки бунга алоқаси бўлмаган таъминотчилар ўрнатиб беряпти:

“Булар туманнинг ўзида 4-5та таъминотчи корхона топган , улар маҳаллий электрикларни ёллаган, ўшалар қўйиб юришибди. Битта сваршчиги бор, у тагини тахлаб беради, монтёри эса улаб беради. На беш-олти йилга кафолат, на жавобгарлик бор. Бўл-бўл, урра-урра. Тадбиркорлар норозилиги бир-бирига шикоят қилишдан нари ўтмайди. Ҳокимга айтсанг, сен президент сиёсатига қаршимисан, бу президентнинг топшириғи, дейди”.

Телеграмдаги Давлетов.уз канали ҳам боғчаларда ишлайдиган ходимларга ҳам ўз уйларига қуёш панеллари ўрнатилиши талаб қилингани ҳақидаги хабарни қўйди:

“Бағдод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими барча ишчи ходимларига (бошқарув аппарати, бухгалтерия, тех отдел) 2023 йил 15 май кунидан барча ходимлар яшаб турган хонадонларига қуёш панеллари ўрнатиш шартномалари тузиш ва шартнома нусхасини мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Ш.Ураимовга топширишлари талаб этилади. Туман ҳокимлигини ва бошлиқ топшириғи”.

Қашқадарё вилоятидаги давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мутахассиснинг айтишича, қуёш панели ўрнатувчиларда танлаш ҳуқуқнинг йўқлиги ҳам бу соҳа монополист қўлида эканлигидан дарак беради:

“Бир танишим ФВВ ходими булиб ишлайди. Айтишича, давлат ташкилотларига панеллар ҳеч қандай сўровсиз юқоридан келган буйруқ бўйича оммавий ўрнатилмоқда. Мактаб, боғча, касалхона ва ҳоказо. Ахир бу пуллар бюджетнинг пули-ку. Қизиғи эса, таъминотчи битта, фақат ўша билан контракт қилиниши керак. Ҳокимиятда мажлисларда қатнашган тадбиркорлар таъминотчи масаласида рақобатнинг йўқлиги бўйича шикоят қилишмоқда. Аммо ҳоким ҳеч қандай рақобат бўлмаслиги, фақат ўша таъминотчи ўрнатиши кераклигини айтмоқда. Одамлар ўртасида бу қуёш панелларини президентнинг қайсидир куёви олиб кирган, ҳокимларга эса уни сотиш юклатилган деган гаплар урчимоқда”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 февралида “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган эди.

20 февралда эса ташкил этилган "Yashil Energiya" МЧЖ март ойида ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида қуёш панелларини ўрнатиш учун қарийб 2 трлн сўмлик танлов ўтказди.

Бу тендерларни жамоатчиликка номлари таниш бўлмаган бир қанча МЧЖлар ютиб олгани айтилди.

Жорий йил июль ойи давомида ўтказилган юзлаб тендер савдоларини ўрганиб чиққан “Kun.uz” нашри шубҳали ҳолатларни аниқлади.

Айрим тендер савдоларида буткул бошқа соҳага ихтисослашган фирмалар ғолиб деб топилган. Бу борада тажриба орттирган компаниялар арзон нарх таклиф қилганига қарамай, уларнинг “елкасига қуёш тегмаган”.

Хоразм ва Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармалари учун 300 kW қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича 3 млрд сўмлик тендерда ҳам “улоқ”ни энергетика соҳасида тажрибага эга фирмалар бир четда қолиб, улгуржи савдо ширкати илиб кетган.

“Get-Green Energy Trade” МЧЖ 4 ой олдин ташкил этилган. Бугунги кунгача, etender.uzex.uz платформасидаги маълумотларга эътибор қаратилса, на қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш билан боғлиқ ва на ўз фаолиятига доир тендерларда иштирок этган. Танлов комиссияси қарийб 3 млрд сўмлик лойиҳани унга “совға” қилган гўё”, деб ёзган “Kun.uz”.

Тендердаги эҳтимолий қинғирликлар миллиардлаб сўмлик қуёш панелларининг ўрнатилиш сифати ва хизмат кафолатини ҳам шубҳа остига қўяди. Қолаверса, бюджет маблағи коррупцион схема асосида ўзлаштирилмаяптими деган хавотирли саволларни уйғотади.

Суриштирувда қуёш панели ўрнатиш учун тендерлар холис ўтказилаётгани шубҳа остига олинган бўлса-да, бу панеллар Ўзбекистонга қайси давлатлардан кимларга қарашли фирмалар томонидан олиб кирилаётгани, келтирилаётган маҳсулотларнинг сифати нақадар талабга жавоб бериши каби масалаларга дахл қилинмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG