Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:32

OzodDayjest: Каримовнинг матбуот котиби Дода даврини кескин қоралади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Журналист К. Баҳриев Ўзбекистон энергетика тизимида монополия тугатилиши лозимлигини урғулади. Депутат Азамат Зиё аввалги президент И. Каримов даврини кескин танқид қилди Давлат тилига ҳурматсизлик қилаётган уч вазирлик номи саналди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Бюджет йиртиқларини халқ ҳисобидан ямашни тўхтатиш талаб қилинди

Ўзбекистон энергетика тизимидаги маъмурий-буйруқбозлик бошқаруви ислоҳ этилиши ҳамда соҳадаги монополия тугатилиши лозим (“Даракчи”, 8 август). Журналист Карим Баҳриевга кўра, энергетика соҳасида мўътадил рақобат юзага келиши учун соҳани учга ажратиш – токни ишлаб чиқариш, тармоқ орқали тарқатиш ва халққа сотиш соҳаларига тақсимлаш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, тизимга хусусий хўжалик субъектлари ҳамда хориж сармоясини киритиш лозим. Барча вазифаларнинг ягона қўлда тўпланиши эса бошқарув самарасизлиги ва коррупцияни келтириб чиқаради. Муаллиф энергетика соҳасида юзага келаётган камомадлар, бюджет “йиртиқ”ларини халқ ҳисобидан ямаш амалиётига барҳам бериш лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Президентнинг собиқ матбуот котиби Каримов даврини қоралади

Ислом Каримов даврида президентнинг матбуот котиби лавозимида фаолият юритган, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Зиё марҳум раҳбари даврини кескин танқид қилди, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев фаолиятига эса юксак баҳо берди (“Халқ сўзи” сайти, 6 август). Қайд этилишича, Ислом Каримов даврида миллионлаб ўзбекистонлик қашшоқликдан қочиб, даромад излаб, ўзга юртларга жўнашга мажбур бўлган. Иқтисодий тизим ҳақида гапирган муаллиф халқаро ҳамжамиятни алдаш учун кўзбўямачиликлар қилингани, давлат ҳатто писта нархини ҳам тартибга сола олмай қолганини ёзган. “Давлат ҳатто бир ҳовуч пистанинг нархини тартибга солишга ҳам кучсиз бўлиб қолганди. Нархни “қора бозор” орқали пистачи белгиларди”, деган А.Зиё.

Қайд этилишича, 2016 йилга қадар мамлакатда кимларнингдир “итининг туваги тиллодан” бўлган, бироқ содда ўзбек синч ёки пахса уйи чироғини пул тўлаб ҳам ёқолмайдиган бўлиб қолган. Азамат Зиё иқтисодиёт, таълим, ижтимоий соҳалардаги муаммоларни санаб, “Қайси соҳани олмайлик, сифат борасида оқсадик”, дея хулоса қилган.

Президентнинг собиқ матбуот котиби муаммолар сабабларидан бири сифатида мамлакатда сўз эркинлиги бўлмаганини кўрсатган, мавжуд оғир вазият ҳақида биров ғинг дея олмаганини таъкидлаган.

Марҳум президент даврини қоралаган муаллиф уни “жойлари жаннатда бўлгур Ислом ака” деб атаган.

Энергетика ва транспорт вазирликлари давлат тилига ҳурматсизлик қилди

Марказий идоралар томонидан давлат тилига ҳурматсизлик давом этмоқда. Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев Телеграмда саҳифасида ёзишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида (regulation.gov.uz) айни пайтда 10 та қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаларидан 3 таси фақат рус тилида. Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси қонун лойиҳаларини фақат рус тилида, ўзбек тилидаги муқобилисиз жойлаштирган. Бу ўринда гап “Газ таъминоти тўғрисида”, “Транспорт тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонун лойиҳалари хусусида кетмоқда. “Сиз учун давлат тилининг ҳурмати борми, йўқми?” деб мазкур уч идорани саволга тутган ҳуқуқшунос Х .Худойбердиев.

XS
SM
MD
LG