Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Пахта ташийдиган трактор билан содир бўлган ҳалокатда бир аёл нобуд бўлди


Пахта ташийдиган бу прицепнинг битта ҳам чироғи йўқ.(Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида олинган сурат)
Пахта ташийдиган бу прицепнинг битта ҳам чироғи йўқ.(Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида олинган сурат)

Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ҳокимияти яқинидаги чорраҳада 30 октябрь кечқурун содир бўлган автоҳалокатда бир аёл нобуд бўлди, тўрт киши жароҳат олди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, чорраҳада пахта ташийдиган икки прицепли тракторга Cobalt автомашинаси қаттиқ урилган. Оқибатда автомобилда бўлган бир аёлнинг боши танасидан узилиб кетган, қолганлар турли хил жароҳат билан касалхонага ётқизилган.

Пахта ташийдиган трактор билан содир бўлган ҳалокатда бир аёл нобуд бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:45 0:00
Бевосита линк

Андижондан Тошкентга қатнайдиган, исми сир қолишини сўраган ҳайдовчи ушбу воқеага гувоҳ бўлганини айтаркан, бундай деди:

“Кечқурун соат ўнларга яқин мен йўловчиларни олиб, Тошкент томон кетаётган эдим. Ёзёвон марказига келсам, чорраҳада шундай воқеа содир бўлибди. Кобалт тракторга шунақа ҳам қаттиқ урилганки, трактор иккига бўлиниб кетган. Мошинанинг орқа ўриндиғида ўтирган бир аёлнинг боши танасидан узилиб кетибди. Тез ёрдам келиб жароҳат олган йўловчиларни касалхонага олиб кетаётган экан. Жуда ҳам даҳшатли манзара эди”, дейди ҳайдовчи.

Ёзёвон туманидаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган мулозим, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган. Прокуратура ўрганяпти. Биринчи суриштирувдан аниқланишича, айб тракторчида бўлган. У светофорнинг қизил чироғига тўхтамаган. Тракторнинг олдидаги битта чироғи ишламаган, иккинчиси жуда хира бўлган. Прицепларнинг ҳам огоҳлантирувчи чироқлари бўлмаган. Тракторчи пахта пунктига пахта топшириб қайтаётганда шу воқеа содир бўлган”, дейди мулозим.

Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмасининг ўзини таништирмаган шифокорининг айтишича, тракторчи Қудрат Чўянов енгилроқ жароҳат олгани учун, 31 октябрь куни уйига жавоб берилган:

“Автомобилда Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшайдиган фуқаролар бўлган. Улардан икки нафари реанимацияга бўлимига ётқизилди. Бир нафари бош мия чайқалиши жароҳати олган. Уларнинг аҳволи ҳозир ўртача”, деди шифокор.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида тракторчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги ва прицепларнинг чироқсиз эканлиги боис жуда кўп авариялар содир бўлади.

Бу ҳақда наманганликлардан бири 28 сентябрда Озодликка шундай деб ёзган эди:

"Пахта ташийдиган барча тракторларнинг прицепларида чироқлари йўқ. Ҳатто бир дона ҳам стопники йўқ. Илтимос, шу ҳақда ёзинг. Охирги кунларда шу туфайли жуда кўп авариялар бўлаяпти. Кеча Наманган Поп йўлида иккита авария бўлди. Битта Нексия прицеп тагига кириб кетди".

Пахта-2017: Ўнинчи қурбон

Ёзёвонда 30 октябрь куни содир бўлган фожеа пахта терими билан билвосита боғлиқ бўлса, теримга бевосита боғлиқ фожеалар тўғрисида ўз вақтида хабар бериб келаяпмиз. Озодликка кунора пахта теримига ихтиёрий-мажбурий олиб чиқилган ҳашарчиларнинг турли сабаблар билан нобуд бўлаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турибди. Озодлик хабар топган қурбонлар сони ўн кишига етди.

Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Шарқобод қишлоғида яшаган Даврон Давронбеков Риштон туманидаги пахта териб юрган жойидан 11 октябрь куни бедарак йўқолганидан сўнг 5 кун ўтиб, пахта даласидаги зовурдан топилган эди.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида 4-синф ўқувчиси 11 октябрь куни устига девор қулаши оқибатида нобуд бўлди. Воқеа тафсилотларидан хабардор тахиатошликларнинг Озодликка айтишича¸ мактаб ўқитувчиси ўрнига пахтага ёлланган боланинг онаси фожиа пайтида далада бўлган.

Андижон вилоят, Улуғнор туман ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.

20 сентябрь куни Қашқадарё вилоят, Қарши туман, Пистакент қишлоғида яшовчи 28 яшар Лобар Ашурова пахта даласида "ички қон кетиши оқибатида" оламдан ўтди. Бу фожиа Лобар Қашқадарё вилоят сил касалликлари шифохонасида санитар бўлиб ишлайдиган онасининг ўрнига пахта теримига чиққан пайтда содир бўлган.

19 сентябрь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43-боғчада 2 яшар Абдуллоҳ устига бир қозон қайноқ овқат тўкилиши оқибатида оламдан ўтди. Боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган Гулнора Раҳмонова ўғлига қарайдиган қайнонаси пахта теримига чиқарилгани боис, боласини ўзи билан боғчага олиб борган пайти ушбу фожиа содир бўлган.

Самарқанд туман тиббиёт бирлашмасида болалар врачи бўлиб ишлаган ва тиббиëт ходимларини пахтага сафарбар қилиш билан шуғулланган 52 яшар Фахриддин Саидовнинг 16 сентябрь кунги селектор мажлисидан чиққач, 2 кун ўтиб ўлгани маълум бўлди.

16 сентябрь куни Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқовмактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берди.

Шу куни Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, "Уч тепа" даҳасидаги 32-мактабида Ёшлар иттифоқи ташкилотчиси 39 яшар Гулзода Тожибоевапахтадан қайтаëтганида автобус тагида қолиб ўлди.

Би-Би-Си радиоси хабарига кўра, 8-октябрь куни Жиззах вилояти Зафаробод туманида пахта теримига сафарбар қилинган маҳбуслар ичида 58 ёшли Нажмиддин Саримсоқов пахта даласида жони узилган.

19 сентябрь куни БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда болалар меҳнати¸ умуман мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида баëнот қилди. Ушбу баёнотдан уч кун ўтиб, талабалар, шифокор ва ўқитувчилар пахта далаларидан шошилинч ортга қайтарилди. Бироқ Озодликка келаётган хабарларга кўра, турли соҳа вакилларини пахта теримига мажбуран чиқариш жараёни давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG