Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Тошкентда пахта тераётган андижонликлар "поезд пули" ушлаб қолишаётганидан шикоят қилди


Андижон шаҳридан Тошкент вилояти туманларига пахта теримига мажбуран поездда олиб келинган теримчилар, ҳокимиятнинг йўлкира бепул бўлиши ҳақидаги ваъдаларига қарамай, улардан "поезд ҳақи" ушлаб қолинаётганидан шикоят қилди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги мулозими Озодликка теримчилар махсус поездда ташилгани ва бунинг учун теримчилардан пул олинмаслигини айтди.​

Октябрь ойи ўрталарида Андижон вилоятидан ўқитувчи ва шифокорлар доҳил ўн мингдан зиёд одам махсус поездларда Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Бўка, Чиноз туманларига пахта теримига сафарбар этилганди. Ўн кунлик муддат тугаган бўлса ҳам улар ҳамон пахта теришга мажбурланмоқда.

Тошкент вилоятининг Бўка туманига Андижондан пахта теришга олиб келинган минглаб теримчилардан бири Озодлик билан суҳбатда ҳокимиятни ёлғончиликда айблади.

- Бизни 10 кунга йўл ҳаражтлари бепул бўлади, деб алдаб олиб келишди. Ҳозир ҳар бир теримчидан 19 минг сўмдан поезд пули, деб ушлаб қоляпти. “Ўн кун бўлди, қайтайлик” десак, далада пахта кўп ҳеч қаёққа кетмайсизлар”, деяпти. Ҳокимият бизни лаққа туширди, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган андижонлик теримчи.

14-17 октябр кунлари Андижондаги бюджет ташкилотлар ходимлари, жумладан ўқитуви ва шифокорлар, маҳалла аҳолисидан ташкил топган махсус отрядлар Тошкент вилоятига поездларда пахта теримига жўнатилганди.

Андижон вокзали. Поездда ҳашарчилар Тошкент вилоятига жўнатиляпти. 2017 йил, 14 октябрь.
Андижон вокзали. Поездда ҳашарчилар Тошкент вилоятига жўнатиляпти. 2017 йил, 14 октябрь.

Ўшанда теримчиларга поезд қатновини Тошкент вилоят ҳокимлиги ташкиллаштиргани ва теримчиларнинг йўлкираси ҳам ҳокимлик ҳисобидан бўлиши ва 10 кундан сўнг поездда бепул ортга қайтишлари ҳақида ваъда берилган эди.

- Ҳозир билсак, йўлкирани ҳам теримчилар ҳисобидан қилиб қўйибди. Терилан пахта ҳақидан поезд пули, ётоқ ва еб-ичишга ушлаб қолиняпти. Ташландиқ боғча биносида яшаймиз, шунга ҳам биздан пул ушлаб қолиняпти. Ҳозир далада пахта қолмаган ҳисоб, пахта йўқ, пул ҳам бермайди, ҳар кунимиз зарарига бўлаяпти, қайтишга энди пиёда кетсак керак, Андижонга, - дейди Бўка туманида пахта тераётган теримчи.

Андижон вилояти ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими Тошкент вилоятига жўнатилган теримчиларнинг йўлкира, яшаш ва егулик харажатларини Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига олганини билдирганди.

Озодлик Тошкент вилояти ҳокимлигига боғланганида ҳокимлик мулозими теримчилар махсус поездда ташилгани ва бунинг учун теримчилардан пул олинмаслигини тасдиқлади.

- Махсус поездлар ташкил этилди ва бунинг учун теримчилардан пул олинмайди, - деди Тошкент вилояти ҳокимияти мулозими.

Озодликка шикоят қилган андижонлик теримчилардан "поезд пули" ушлаб қолаётган раҳбарлар билан ҳозирча боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўн кунга деб олиб келинган андижонлик теримчилар қачонгача Тошкент вилояти пахта далаларида қолишлари ҳақидаги саволга эса ҳокимият мулозими Озодликка аниқ жавоб айта олмади.

- Бу ҳақда айтолмайман, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида ҳам шу ой бошида 10 кунга деб олиб чиқилган теримчилар ҳамон далада пахта теришга мажбурланмоқда.

- Мана 20 кундан буён пахтада мажбуран босим остида пахта теряпмиз. Қочиб кетсанг ИИБ томонидан ушлаб келиниб, нимага кетдинг деб уришади. Бизларни 10 кунга бориб келиш ҳаражтларини бепул деб алдаб олиб келишган. Давлат хокимятига хам ишонч колмади. Агар иложи бўлса ёрдам берингизлар. Бу ёғи қиш, биз ҳам уйга бориб қишга таёргарлик кўрайлик, - деб ёзди Озодликка Жиззах далаларида пахта тераётган теримчи.

Андижон ҳокимлиги масъуллари маҳаллама-маҳалла юриб, кимда-ким пахтага бормаса, қишда уйларига газ баллонлари берилмаслиги ҳақида огоҳлантирган холда теримчи ёллаб, Тошкент вилоятига жўнатган эди.

Вилоят ҳокимининг мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани борасидаги баёнотига қарамай ушбу соҳа ходимлари ҳам пахта теришга мажбурланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни БМТда қилган чиқишида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган эди.

XS
SM
MD
LG