Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:48

Наманганлик депутат: Мирзиëев номзодини Нобель мукофотига тавсия қилиш керак


Депутат Олимжон Тўхтаназаров
Депутат Олимжон Тўхтаназаров

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси "Менинг фикрим" ижтимоий порталида президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини бериш таклифи билан чиқди. Таклифни 10 минг киши қўллагани маълум бўлди.

Айни пайтда ЎзЛиДепнинг наманганлик аъзоси Ўзбекистон президентини Нобель мукофотига тавсия қилиш ғоясини илгари сурмоқда.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати¸ ЎзМТРК таркибидаги каналлардан бирида режиссёр бўлиб ишлайдиган 50 яшар Олимжон Тўхтаназаров 25 май куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга Нобель мукофоти бериш керак деган таклифини билдирди:

- Халқ берган ваколатдан фойдаланиб Швейцариядаги Нобель мукофоти таъсисчиларидан (Нобель мукофотлари Швеция Қироллик академияси томонидан берилади - таҳр.) Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиëевга Нобель мукофотини беришларини сўрайман¸- деди наманганлик депутат.

Бир асрдан кўпроқ тарихга эга Нобель мукофоти физика¸химия¸ тиббиëт¸ адабиëт ва тинчлик соҳаларида фавқуллода кашфиëт қилганларга берилади. Ўзбек депутатининг Озодликка айтишича¸ Мирзиëев шу айтилган барча номинациялар бўйича мукофот олишга лойиқ:

- Адабиëт бўйича ҳам олса арзийди. Чунки президент адабиëтга эътибор бермоқда. Тинчлик соҳасида ҳам¸ чунки Ўзбекистонда тинчлик ҳукмрон. Илм-фан соҳасида ҳам бемлалол ола олади. Журналистика фанига эътибор қаратиб мана университет ҳам очворди. Шу кўнглим сезиб турибди¸ бугун ë эрта Швейцариядагилар (Швеция билан адаштирмоқда - таҳр.) ўзлари келиб ҳурматли юртбошимизга Нобель мукофотини бериб кетади. Бунга шак-шубҳа йўқ¸- дейди маҳаллий депутат.

Наманганлик депутат: Мирзиëев номзодини Нобель мукофотига тавсия қилиш керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:58 0:00
Бевосита линк

Олимжон Тўхтаназаровни Озодлик унинг Фейсбукдаги қуйидаги постини ўқигач суҳбатга тортди..

Депутат таклифи
Депутат таклифи

Юртбошини мақташ партиянинг линияси

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бошқаруви раҳбарларидан бири Олимжон Тўхтаназаровнинг ғоясини қўллаб-қувватлашини билдираркан, ўзи аъзоси бўлган партиянинг бошқа бир ташаббуси ҳақида маълумот берди.

Шавкат Мирзиëевга эҳтиром кўрсатиш ўз партияси асосий йўналишларидан бири эканлигини таъкидлар экан, ўзлидепчи давлат раҳбарига "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони бериш ташаббуси ҳақида айтиб берди:

- "Менинг фикрим" ижтимоий порталидаги таклифимиз Олий Мажлисга юбориш учун керакли овозни тўплади. 27 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни олий даражадаги мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифни илгари сурган эдик.Таклиф 24 май куни 10 минг овоз йиғди. Президентимизни “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклиф партиямиз фаоллари ва депутатларимиз томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланди. 1000дан ортиқ партиядошимиз мазкур таклифга ижобий фикрини билдирди. 10 минг бу - айсбергнинг сизга кўринган қисми. Интернетга кира оладиган одамлар. Менимча, президентимизга унвонлар берилишини миллионлаган Ўзбекистон ватандошлари истайди. Гапим шу. Энди президентга ëқиб, каттароқ амал олиш учун айтди, деб дашном қилмасликлари учун исмимни эфирда айтманг,- деди ЎзЛиДеп мулозими.

Мақташга қонун изн беради

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мулозими Фурқат Тожиевнинг Озодликка айтишича, "Менинг фикрим" ижтимоий порталида бирон-бир таклифни 10 минг одамнинг қўллагани ортидан бундай таклиф Олий Мажлисда кўрилиши қонуний процедурадир.

- Агар бир ватандошнинг таклифини 10000 киши қувватласа бу таклиф Олий Мажлисда кўрилиши керак¸- деди мулозим.

Бу масала "Қурултой"да муҳокама қилинди

Президент Мирзиёевни улуғлашга қаратилган бу тадбирлар Ўзбекистонда янги шахсга сиғиниш даври бошлангани аломати эмасми, деган масалани кун тартибига чиқардики, у Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришида муҳокама қилинди.

Мактаблардаги сўнгги қўнғироқ Мирзиëев шахсига сиғинишнинг бошланишими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:55:00 0:00

Эшиттиришда қатнашган шоир¸ файласуф, Ўзбеккистон халқ маорифи аълочиси Абдулла Шер ëзувчи Макиавеллидан мисол келтириб “шахсга сиғиниш жоҳил оламонга оид инстинкт” эканлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиëевга лаганбардорлик қилиш кўламини президентнинг Андижонга ташрифи мисолида тасвирлаган киночи Абдулазиз Маҳмудов “Каримов давридаги лаганбардор мулозимлар Мирзиëевни мақтовга мазахўрак қилмоқда”, деди.

Махмудовнинг фикрича¸ лаганбардорликнинг бу тезлигида келаси йилга бориб “Ўзбекистон сиëсий уфқида иккинчи Каримов пайдо бўлади...”

XS
SM
MD
LG