Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Ўзбекистон армиясининг 10 минг аскари Оқ олтин туманида пахта термоқда


Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига чақирилувчилар. (Озодлик архивидан)
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига чақирилувчилар. (Озодлик архивидан)

Сирдарё вилоят ҳокимлиги мулозимининг Озодликка билдиришича, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 10 минг аскарлик қўшини вилоятнинг Оқ олтин тумани далаларида пахта термоқда.

Бухородаги ҳарбий қисмнинг бир йиллик хизматдаги оддий аскари Озодлик билан суҳбатда улар 20 сентябрдан буён Оқ олтин туманида пахта тераётгани, ҳозир ҳаво совиб, далада пахта қолмаган бўлса-да, уларга 5 декабргача далада қолиш буюрилганини айтди.

Оқ олтин тумани далаларида ҳарбийлар пахта тераётганига оид аскардан келган хабарни Сирдарё вилоят ҳокимлигининг ўзини таништиришни истамаган мулозими тасдиқлади. Мулозимнинг Озодликка айтишича, шу кунда 10 мингга яқин аскар пахта теряпти.

Теримчилар орасида 1 йиллик ҳарбий хизматдаги аскарлардан тортиб, 5 йиллик шартнома асосида ишлайдиган ҳарбий хизматчилар ва 1 ойлик ҳарбий хизматга чақирилганлар ҳам бор.

Бухородаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи оддий аскар Озодликка 20 сентябрдан буён Сирдарёнинг Оқ олтин туманида пахта тераётганини айтди.

- 5 декабргача қоласизлар дейишяпти. Ҳозир ҳаво совуқ, далада пахта қолмаган. Кун бўйи 2 -3 кило сифатсиз пахта терамиз, бекор вақтимизни ўтказяпмиз. Ундан кўра ҳарбий машғулотларни ўтасак фойдалироқ бўларди, - деди исми ошкор этилишини истамаган оддий аскар.

Озодлик суҳбатлашган бошқа аскарнинг айтишича, улар гўё “кўнгиллилар” сифатида пахта даласига юборилган, лекин пахтага боришни хоҳлаш-хоҳламаслиги хақида сўраб ўтирилмаган.

– Мен ҳарбий хизматга чақирилганимда пахта тераман деб ўйламаган эдим. Аскарлик бу йигитлик бурчи-да. Хизматдан қайтиб борсак, далада пахта тердик, деб борамизми? Шуниси алам қиляпти, - деди фарғоналик оддий аскар.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги мулозими Озодликка шу кунларда Оқ олтин тумани далаларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг 10 минг аскарли қўшини пахта тераётганини тасдиқлади.

- Теримчиларнинг асосий қисмини ҳарбийлар ташкил қилади. Оқ олтинда 10 мингга яқин ҳарбий бор, - деди исмини айтмаган ҳокимлик расмийси.

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий хизмат тўғрисида” ги қонунига кўра, аскарлар мамлакат мудофааси, хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаш учун қуролли кучлар сафида хизмат ўташи керак.

Қонунда ҳарбий хизматчиларнинг оммавий ҳашарларда ва хусусан, пахта терим кампанияларида иштирок этиши тўғрисида банд йўқ.

Шунга қарамай, бу йил ҳам ҳарбий хизматчилар пахта теримига жалб этилди.

Озодлик Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати билан боғланиб, ҳарбий хизматга чақиртирилганларнинг пахта теримига жалб қилинаётганига изоҳ сўради.

Матбуот хизмати мулозими Озодлик саволига “кейинроқ телефон қилинг”, дея жавоб бермади.

Кейин қилинган қўнғироқларга ҳам вазирлик мулозими жавоб бермади.

Мудофаа вазирлиги маълумотларга кўра, муддатли ҳарбий хизматга ҳар йили 30-35 минг ёшлар чақирилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида 48 минг нафар атрофида ҳарбий хизматчи борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG